Ўзбекистонда фуқаролик жамияти (Октябрь 2020)

logo_uz
logo_en_jpg1

ЎЗБЕКИСТОНДА ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ

 

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати ва Ижтимоий-иқтисодий ташаббуслар институтининг ойлик бюллетени

     Ахборотнома #2                                                                                                 2020 йил 5 октябрь 

Ушбу нашр АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) молиялаштираётган “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастури доирасида тайёрланган. Нашр мазмуни бўйича масъулият унинг муаллифлари зиммасида бўлиб, USAID ёки АҚШ ҳукумати қарашларини акс эттирмаслиги мумкин

Шавкат Мирзиёев: “Ҳокимлар халқ томонидан сайланиши керак”

photo_2020-10-02_15-17-10

“Қониқарсиз” ҳамда “ўрта” деб баҳоланган туман ва шаҳарларда инқирозга қарши бошқарув тизими жорий этилмоқда. Уларга раҳбарлик қилиш истагини билдирган ҳар қандай талабгор ҳудудни ривожлантириш дастурини маҳаллий кенгашларда ҳимоя қилиши мумкин. Халқ вакилларини ишонтира олган салоҳиятли кишилар бутун жамоаси билан туманга раҳбар этиб тайинланади.

Ҳокимларни халқ сайлаши керак. Шу кунларга барибир келамиз”, – дея таъкидлади Ўзбекистон Президенти.

Таҳлиллар асосида туман ва шаҳарлардаги тадбиркорлик ривожи ҳолати “яхши”, “ўрта” ва “қониқарсиз” ҳудудларга ажратилди. Хусусан, 48 та туман ва шаҳардаги ҳолат “яхши”, 119 тасида “ўрта” ҳамда 33 тасида “қониқарсиз” деб топилган.


“Юксалиш” УМҲ COVID-19 билан касаллаганлар бўйича аниқ рақамларни эълон қилишга чақирди

photo_2020-10-06_07-50-42

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракатига келиб тушаётган мурожаатлар, сўровлар натижалари шуни кўрсатмоқдаки, жамоатчилик орасида COVID-19га қарши курашишда кўрилаётган чораларнинг самарадорлиги, расмий статистиканинг ишончлилиги, коронавирусга тест топшириш имкониятлари ва ҳ.к. билан боғлиқ саволлар тобора кўпайиб бормоқда.

Ёпиқлик, айрим масалалар юзасидан сукут сақлаш ва ноаниқлик ваҳима, миш-мишлар тарқалишининг, ахборот маконида фейклар кўпайишининг омиллари бўлиб, пировардида фуқароларда Ҳукуматга нисбатан ишончсизлик ортишига олиб келади”, — деб ҳисоблайди ташкилот.

Шу муносабат билан, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати масъул идоралар раҳбарларини қуйидагиларга чақиради:

  1. Республика махсус комиссияси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда COVID-19 тарқалиши билан боғлиқ вазият тўғрисида фуқароларни тўлиқ ва холис ахборот билан таъминлаб бориш, хусусан, коронавирус инфекцияси тарқалишининг аниқ кўрсаткичлари ва ўчоқлари, уйда даволанаётган одамлар, вафот этганлар сони кўрсатилган кунлик батафсил ҳисоботларни эълон қилиб бориш.
  2. COVID-19 юқиши натижасида келиб чиққан пневмония ҳолатларини ва коронавирус инфекциясини яхлит статистик маълумотлар кўринишида бирлаштириш, шу жумладан пневмонияни юқтирган ва унинг оқибатида вафот этганлар сонини тақдим этиш.
  3. Коронавирусга қарши кураш бўйича штаб аъзоларининг тўлиқ рўйхатини жамоатчиликка тақдим этиш.
  4. Фуқароларни эпидемиологик вазият ҳақида хабардор қилишга қаратилган брифинг ва матбуот анжуманларида вазирлик ва идоралар раҳбарияти даражасидаги ваколатли шахслар, Республика махсус комиссияси аъзоларининг иштирок этишини таъминлаш.
Сўров натижалари

Ўзбекистон Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида нутқ сўзлади

photo_2020-10-02_15-32-12

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида қашшоқликка қарши курашиш, экология, инсон ҳуқуқлари, минтақавий ҳамкорлик, хавфсизлик ва бошқа соҳаларда қатор ташаббусларни илгари сурди.

    Коронавирус пандемияси сабабли илк бор онлайн тарзда бўлиб ўтган мазкур нуфузли тадбирда давлат раҳбарининг нутқи ўзбек тилида янгради.

    “Бундай глобал фалокат сайёрамизда сўнгги  100 йилда кузатилмаган эди. Бу офат бутун инсониятнинг заиф жиҳатларини яққол кўрсатди. Ҳозирги таҳликали ва мураккаб вазият ер юзидаги барча давлатлар ва халқлар ўзаро боғлиқ эканини, ўртамизда мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорлик ўта муҳимлигини исботлади”, — таъкидлади Президент.

    “Шу йўлда барчамиз ҳукуматлар, парламентлар ва фуқаролик жамиятларининг ўзаро саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, умумий масъулият тамойилларини мустаҳкамлаш, халқаро шерикликни мувофиқ ҳолда ривожлантириш, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мақоми ва салоҳиятини ошириш, ваколатларини кенгайтириш лозимлигини чуқур англадик”, — деди Ўзбекистон раҳбари.

Инфографикни юклаб олиш

Фуқаролар ННТлар фаолиятига қай даражада жалб қилинган?

photo_2020-10-02_15-20-03

“Юксалиш” умуммилллий ҳаракати фуқароларнинг фуқаролик институтлари ва ННТлар фаолиятига жалб қилинганлик даражасини ўрганиш, мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида фуқаролар иштироки ҳолати ҳамда турли шаклларини аниқлаш мақсадида ижтимоий тадқиқот ўтказди.

Сўровда Ўзбекистондаги 14 ҳудудидан нодавлат нотижорат ташкилотларининг ходимлари ҳамда маҳаллий аҳоли иштирок этди. Респондентлар сони 700 нафарни ташкил этди.

Инфографикни юклаб олиш

Инновацион фестиваль ва “Тараққиёт тарихи: ичкаридан назар” XI халқаро конференцияси доирасида Ўзбекистон ҳудудларида турли форматдаги туркум тадбирлар ташкил этилди

photo_2020-10-05_22-45-05

Тошкент шаҳрида етакчилик ва волонтёрлик бўйича мунозара клуби бўлиб ўтди. Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва давлат тузилмалари вакиллари, волонтёрлар гуруҳлари ва экспертлар очиқ мулоқот форматида волонтёрликни ривожлантиришнинг глобал тенденциялари, волонтёрлик ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга оид тизимли муаммолар ва ёндашувлар, пандемия даврида етакчилик ва волонтёрлик фаолиятини муҳокама қилдилар.

Тадбир доирасида Ўзбекистон волонтёрлари ва ташаббускор гуруҳлари фаолияти, улар томонидан уюштирилган акциялар, пандемия пайтида кўнгилли психологларнинг фаолияти, шунингдек, волонтёрлар ва ННТларни бирлаштирувчи махсус платформа — unions.uz веб-сайти тақдимоти ўтказилди.

Қўқон шаҳрида “Таниқли шахсларнинг муваффақият тарихи” мавзусида етакчилик ва волонтёрлик бўйича маҳорат-дарси бўлиб ўтди. Коронавирус пандемиясидек мураккаб шароитда кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари, аҳолининг заиф қатламларини қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Тадбир очилишида иштирок этган Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов ёшларнинг бизнес-ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. У иштирокчиларга тадбиркорликни ривожлантириш борасида ҳудудда олиб борилаётган амалий ишлар ҳақида маълумот берди.

Самарқанд шаҳрида ташкил этилган волонтёрлик акцияси ва “Самарқанд тарихий обидаларига йўл” мавзусида давра суҳбати ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилаётган шароитлар ҳамда инклюзив муаммоларга бефарқ бўлмаган барчани бирлаштирди. Асосий эътибор ҳудудда ногиронлиги бўлган шахсларга яратилаётган шароитлар, ушбу йўналишда фаолият олиб бораётган жамоат ташкилотларининг фаолияти, Самарқанд шаҳридаги диққатга сазовор тарихий обидалар, зиёратгоҳлар, туристик объектларда сўнгги йилларда амалга оширилган ишларга қаратилди.

Акция доирасида баъзи тарихий объектларга пандуслар ўрнатилди. Тарихий обидаларда қулай шароит билан таъминлаш ишларини давом эттириш, пандус ва кўтармалар, кўзи ожизлар учун Брайл алифбосида маълумот берувчи ёзув тахтачалари ўрнатиш кераклиги қайд этилди.

Бухоро шаҳрида “Волонтёр бўлиш керакми ёки йўқ?” мавзусида ёшлар дебатлари бўлиб ўтди. Унда ёшлар ташкилотларининг 20 дан зиёд фаоллари ва волонтёрлар иштирок этди. Ҳар бир томон ўз фикрларида қатъий туришди, тош босувчи мисоллар билан мустаҳкамлади. Улар волонтёрлик фаолиятининг ижобий ва салбий жиҳатларини, ёшларни волонтёрликка жалб қилиш учун қизиқтирувчи омилларни тўла очиб беришди. Эътиборли томони, ҳудудий ҳокимликлар ўсиб келаётган ёш авлод ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдиришди ва Бухорода ҳафтанинг ҳар шанба кунини Волонтёрлар куни дея эълон қилишди


“Салом, Сардоба, биз биргамиз!” акцияси доирасида мингдан зиёд оилалар қўллаб-қувватланди ва ёрдам олди

photo_2020-10-02_15-27-42

Шу йилнинг май ойи бошида “Сардоба” сув омборида юз берган техноген  ҳалокат оқибатида жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун “Салом, Сардоба, биз биргамиз!” хайрия акцияси эълон қилинди. Акция Адлия вазирлиги ҳамда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Президент Халқ қабулхонаси кўмагида амалга оширилди.

     Акция доирасида шу вақтга қадар Сирдарё вилоятининг тошқиндан зиён кўрган туманларига инсонпарварлик ёрдами ортилган қарийб 20 та юк машинаси, уларнинг иккитаси Бухоро вилоятидан, биттаси Самарқанд ва яна биттаси Навоий вилоятларидан жўнатилди.

Акция доирасида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг махсус ҳисоб рақами очилди. Ўтган вақт мобайнида ҳисоб рақамига сахийлардан 560 миллион сўмдан зиёд маблағ келиб тушди. Пул маблағларининг йиғилиши ва сарфланиши бўйича шаффофликни таъминлаш мақсадида Махсус комиссия тузилди. Комиссия таркибига акция ташкилотчилари билан бирга Адлия вазирлиги, Сирдарё вилоятидаги Президент халқ қабулхонаси, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда ОАВ  вакиллари ва фаол фуқаролар киритилди.

Йиғилган маблағга 111 киши тўғридан тўғри моддий ёрдам олди (57 оила 3 млн сўмдан, 54 оила 2 млн сўмдан), уйда таълим олувчи 50 нафар ногиронлиги бор болаларга компьютер, яна 10 нафарига ўқув мебеллари, 2 нафарига ногиронлик аравачалари тақдим этилди. Учта мактаб кутубхоналарига 40 миллион сўмга 2 928 та китоблар харид қилинди ва етказиб берилди. Бундан ташқари, тошқинда бошпанасиз қолган 84 нафар сардобаликларга ҳамда туманда “темир дафтар”га киритилган 235 нафар фуқароларга 22 млн 329 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари тўплами берилди. 

Ушбу хайрия акцияни қатор ташкилотлар, хусусан, Конрад Аденауэр номидаги жамғарма, Шодиев халқаро фонди, KOICA агентлиги, “KRKA” (Словения) халқаро фармацевтик компанияси, “Эзгу мақсад” хайрия жамғармаси, OU7 жамғармаси, Ўзбек-турк тадбиркорлари ассоциацияси, Ўзбекистон Қизил ярим ой жамғармаси, "TONY Uzbekistan” енгил саноат корхоналари, Ўзбекистон мебель ва ёғочни қайта ишлаш саноати Ассоциацияси хонадон учун мебель жиҳозлари, “S.Y.R Forwarders Ltd” транспорт компанияси ва бошқалар ҳам қўллаб-қувватлади.

Батафсил ўқиш

“Қурилишдаги қонунбузарликлардан хавотирдамиз” — Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши

photo_2020-10-02_15-35-06

Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши экспертлари шаҳардаги қурилиш соҳасига оид вазиятни таҳлил қилиб, ўзининг таклиф ва мулоҳазаларини тақдим этди.

Ушбу соҳа узоқ вақт давомида тўхтаб қолганини ҳисобга олсак, фикримизча, қурилишнинг замонавий даражаси талаблари ва меъморлар, муҳандислар ва қурувчилар томонидан уларга риоя этилиши ўртасида номувофиқлик пайдо бўлди. Кўплаб ҳолатларда қурилиш компаниялари амалдаги қонунчиликда белгиланган қурилиш ва ижтимоий нормаларга амал қилмаяпти”, — дейилади Жамоатчилик кенгаши хатида.

     Экспертлар пойтахтдаги қурилиш ишларида қатор тизимли камчиликларни қайд этган:

  • алоҳида эҳтиёжга эга инсонлар, болалар аравачаси бор оналар учун шароитларнинг йўқлиги;
  • ер участкаларини танлаш ва ажратиш тизими (мавжуд биноларни зичлаштириш);
  • мавжуд магистрал ва даҳалараро йўллар атрофида қурилишлар;
  • қурилиш ишларининг сифати.
Таклифни юклаб олиш

Жаҳон банки Ўзбекистоннинг инсон капитали индексини баҳолади

photo_2020-10-02_15-35-50

Жаҳон банки 2020 йил учун инсон капитали индексини эълон қилди. Дунё аҳолисининг 98 фоизи истиқомат қилувчи 174 та мамлакат иштирок этган мазкур рейтингга илк маротаба Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасига оид маълумотлар ҳам киритилди. Ушбу маълумотлар 2020 йил март ойигача бўлган даврни қамраб олади.

      Ўзбекистон кўрсаткичлари:

  • 5 ёшгача яшаб қолиш даражаси — 100 боладан 98 нафари;
  • мактабда таълим олиш муддати — 12 йил;
  • умумлаштирилган тест натижалари — 474 балл (энг юқори натижа — 625 балл, энг паст — 300 балл);
  • таълим сифатига қараб таълим олиш давомийлиги — 9,1 йил;
  • катта ёшдаги аҳолининг яшаш салоҳияти — (15 ёшдан 60 ёшгача) 87%;
  • нуқсонсиз ривожлананаётган 5 ёшгача болалар улуши — 100 боладан 89 нафари ривожланишдан орқада қолмайди.

Ўзбекистонда инсон капитали ўғил болаларга қараганда (61%) қиз болаларда юқори (63%) экани аниқланди.


#MenUchunQadrli флешмоб-танлови

photo_2020-10-02_15-38-21

11 сентябрь куни Тошкентда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллиги олдидан эълон қилинган #MenUchunQadrli флешмоб-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Бир ҳафтага яқин вақт мобайнида танлов иштирокчилари ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига 500 га яқин сурат ва видеоларни жойлаштирди. 28 август куни жамоатчилик вакиллари, халқаро ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларидан иборат танлов Комиссияси 20 та қизиқарли ва ноодатий бўлган ишларни танлаб олди. Ғолиблар танловнинг навбатдаги босқичи — Ҳаракатнинг Telegram-каналида овоз бериш йўли орқали аниқланди. Овоз бериш жараёни 1 сентябрь куни якунланди.

Натижаларга кўра, қуйидагилар ғолибликни қўлга киритди:

1-ўрин — Мафтуна Сафоева, Пешку тумани (Бухоро вилояти);

2-ўрин — Гайратдин Сайтеков, Нукус шаҳри (Қорақалпоғистон Республикаси);

3-ўрин — Эмиль Камалдинов, Янгийўл шаҳри (Тошкент вилояти).


Инновация ва ҳамкорлик орқали фуқаролик жамияти ва маҳаллий ҳокимият органлари ўртасидаги шаффоф ва инклюзив бошқарув лойиҳаси

photo_2020-05-07_16-50-50

Юксалиш умуммиллий ҳаракати ҳамда Франциянинг Техник ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги (ACTED)нинг Ўзбекистондаги филиали Европа иттифоқининг молиявий кўмаги асосида мамлакатимизда Инновация ва ҳамкорлик орқали фуқаролик жамияти ва маҳаллий ҳокимият органлари ўртасидаги шаффоф ва инклюзив бошқарув лойиҳасини амалга оширмоқда.

Лойиҳадан мақсад — фуқаролик жамиятига Ўзбекистондаги бошқарув ва ривожланиш жараёнларида таъсирчан субъект сифатида иштирок этишга имкон бериш. Унинг доирасида фуқаролик жамияти ҳамда Хоразм, Қашқадарё, Фарғона вилоятларининг маҳаллий ҳокимлик органларида алоқалар, инновациялар ва жамоатчилик кенгашларини ташкил этишга кўмаклашиш орқали салоҳиятини ошириш назарда тутилган.

Лойиҳа 24 ойга мўлжалланган. Унинг натижалари бўйича қуйидагиларни амалга ошириш кўзда тутилган:

– фуқаролик жамияти ташкилотлари ривожланишнинг мустақил иштирокчиси сифатида ўз вазифасини бажариш лаёқатларини ошириш;

– маҳаллий бошқарув органларининг самарадорлик, шаффофлик, ҳозиржавоблик ва ҳисобдорлик лаёқатларини мустаҳкамлаш;

– жамоатчилик кенгашлари орқали маҳаллий даражада бошқарув ва жамоатчилик назоратига инклюзив жараёнларни жорий этиш;

– фуқаролик жамиятининг ички сиёсатини ишлаб чиқиш ва тизимли иштирокини рағбатлантириш.

Долзарб    мавзулар

Парламент фаолияти

Сенат “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонунни маъқуллади

11 сентябрь куни сенаторлар “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонунни маъқуллади. Ҳужжатда ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқлари, уларнинг соғлиғини сақлаш, таълим олиши ва бандлиги механизмлари мустаҳкамлаб қўйилган.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Раиси Танзила Нарбаева ушбу Қонуннинг қабул қилинишига фикр билдирар экан, “мамлакатда халқаро мезонлардан келиб чиқиб, ногиронлиги бор шахслар учун “тўсиқсиз муҳит” шакллантирилиши лозим”лигини таъкидлади.

Янги Қонун 2008 йилдаги “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун ўрнини эгаллайди.

Эслатиб ўтамиз, 2009 йилда Ўзбекистон БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилиш масаласини кўриб чиқмоқда. Президентнинг 2017 йил 1 декабрдаги Фармони билан Конвенцияни ратификация қилишга тайёргарлик кўриш бўйича амалий чоралар кўриш ишлари янгиланди.


Янги тайинловлар

photo_2020-10-02_15-20-46_2

Сума Чакрабарти, ЕТТБ собиқ президенти Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланади.


Бошқа янгиликлар

БМТ ташкилотнинг 75 йиллигини нишонлашга қаратилган “UN75” кампаниясининг натижаларини эълон қилди

photo_2020-09-22_22-36-24

Йил бошидан 21 сентябрга қадар глобал маслаҳатлашувда барча мамлакатлар ва ижтимоий қатламлардан, шу жумладан Ўзбекистондан миллиондан ортиқ одам иштирок этди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати республика аҳолисини шахсан ва рақамли маконда имкон қадар кўпроқ қамраб олиш мақсадида глобал мулоқот —“UN75” кампанияси тарғиботига ҳисса қўшди. Ўзбекистон БМТнинг  платформаси орқали сўровномани тўлдирган кишилар сони бўйича Топ-10 таликка кирди (32 мингдан зиёд).

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича миллий шарҳ лойиҳасининг муҳокамаси, “БМТнинг 75 йиллиги: келажакка назар” тадбирлари доирасида 20 га яқин онлайн мулоқот ва мотивацион учрашувлар, мамлакатимизда COVID-19га қарши курашаётган тиббиёт соҳаси вакилларига миннатдорлик билдириш учун “Шифокорларга раҳмат!” акцияси ташкил этилди. Ушбу тадбирларга турли ёш ва касбдаги 2 млн яқин инсонлар жалб этилди.

Маърузани юклаб олиш

Саида Мирзиёева: “Биз ОАВлар ҳақиқий мустақиллигини яратиш бўйича йўлнинг бошидамиз”

photo_2020-10-02_15-31-02

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева фикрича, Ўзбекистон ОАВларнинг ҳақиқий мустақиллигини яратиш бўйича мураккаб йўлни эндигина бошлади.

 “Ўтган тўрт йил давомида кўп ишлар амалга оширилган бўлса-да, ҳали амалга оширилиши керак бўлганлари талайгина. Аммо мамлакатимиз очиқлик, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларини ҳақиқий “тўртинчи ҳокимият”га айлантиришни кўзловчи, ортга қайтмас йўлни танланганини яна бир бор таъкидлаб ўтишни истардим”, — деди у Халқаро ахборотдан эркин умумфойдаланиш куни муносабати билан ўтказилган онлайн-конференцияда.


Ўзбекистонда 4 нафар сиёсий маҳбус озод этилди

photo_2020-10-02_15-39-28

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида 113 нафар фуқарони афв этиш тўғрисида Фармон имзолади. Афв этилганлар орасида диний ва сиёсий айблар билан қамоққа олинган Руҳиддин Фахриддинов, Акром Маликов, Искандар Худойберганов ва Рустам Абдуманнопов бор.


Блогер Ҳайдаржон Бобоҳайдаров озод қилинди

photo_2020-10-02_15-40-08

Бош прокуратура Сўх туманидаги тартибсизликлар тўғрисидаги иш бўйича гумонланувчи сифатида қамоққа олинган Ҳайдаржон Бобоҳайдаровнинг (блогер Дадахон Ҳайдаров) озод қилингани ҳақида хабар берди. У билан яна бир гумонланувчи — Дилмурод Маҳбубов ҳам озод қилинган.


Мамалакатлараро мулоқотда аёллар ўрни

“Sharq ayoli” халқаро аёллар жамоат фонди манзилига МДҲ ишлари бўйича федерал агентлиги (Россотрудничества) раҳбари Евгений Примаковдан табрик нутқи етиб келди. Унда халқлар ўртасидаги мулоқотларда аёллар ролига юқори баҳо берилган. Бу баҳо нафақат аёллар ташкилотларига, балки мамлакатимиздаги бошқа фуқаролик институтларига ҳам қаратилган.

Табрик нутқини ўқиш

Ростов ва Самарадаги вақтинчалик лагерларда тўпланиб қолган Ўзбекистон фуқаролари ватанга қайтарилди

photo_2020-10-02_15-29-49

Шу йилнинг 29 сенятбрь ҳолатига кўра, Самара вилоятининг “Кинель”, Ростов вилоятининг “Первомайская” ва “Лихая” (Россия) темир йўл станциялари яқинида Ўзбекистон фуқароларининг тўпланиши кузатилмаяпти. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги оператив штаби хабар берди.

Тўпланган барча фуқаролар автобус рейслари ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг махсус поездлари орқали ватанга қайтарилган. Шу муносабат билан ушбу станциялар яқинидаги махсус вақтинчалик лагерлар айни пайтда ёпилган”, — дейилади хабарда.


UzAuto Motors Монополияга қарши курашиш қарори устидан судга арз қилди

UZAuto

“UzAuto Motors” компанияси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг махсус комиссияси томонидан компанияга асоссиз оширилган нархларни бекор қилиб, автомобилларни камайтирилган нархларда сотиш бўйича кўрсатмасини ўз ичига олган қарори устидан Тошкент шаҳар маъмурий судига шикоят қилди.

Суд мажлиси 2 октябрь куни ўтказилди. 

“UzAuto Motors” Монополияга қарши кураш қўмитасининг автокомпанияга нисбатан рақобат тўғрисидаги қонун бузилиши бўйича 19 августдаги қарори устидан арз қилди.


Ўзбекистонлик икки фаол “Amazing People Prize” халқаро танлови ғолиблари бўлишди

photo_2020-10-02_15-26-58

Жорий йилнинг 11 сентябрь куни “Amazing People Prize — бизни илҳомлантирувчи фуқаролик жамияти етакчилари ва волонтёрлари” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими онлайн равишда бўлиб ўтди. Ғолиблар cso-central.asia веб-сайти орқали очиқ овоз бериш орқали аниқланди. Марказий Осиё давлатлари ўртасида ўтказилган танловда энг яхшилар қаторида Ўзбекистоннинг икки нафар вакил — “Келажак нури” ННТ фаоли Дилшодбек Отабоев (Наманган вилояти) ўз ҳудудида фуқароларни бизнесга ўқитиш ташаббусини амалга оширди, иккинчи ғолиб “Downside Sport” ННТ вакили Саддам Мавлиддинов эса “Инклюзив футбол” лойиҳасини ҳаётга тадбиқ этди. Уларнинг ғоялари ва лойиҳалари нафақат ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга ҳисса қўшди, балки жамиятда ижобий ўзгаришларга ҳам туртки бўлди.


Ўзбекистон ва Тожикистон футболчилари COVID-19 билан курашаётган фидойи шифокорларга миннатдорлик билдирди

photo_2020-10-02_15-28-14

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати коронавирус инфекцияси (COVID-19)га қарши курашишда фидойилик кўрсатаётган Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳаси вакилларига миннатдорлик изҳор этиш учун “Шифокорларга раҳмат!” флешмоб-акциясини ўтказиш ташаббуси билан чиққан эди. 

Ушбу челленжни Ўзбекистон футбол Ассоциацияси ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси қўллаб-қувватлади (UN75 — БМТ75 кампанияси доирасида). Шу йилнинг 3 сентябрь куни Ўзбекистон ва Тожикистон миллий терма жамоаларининг ўртоқлик учрашуви олдидан футболчиларнинг махсус дизайнда ишланган ҳамда “Rahmat!” ёзуви (ўзбек ва тожик тилида) туширилган футболкада чиқиш ташкил этилди.

Мақолани ўқиш

Биометрик паспорт ўрнига ID-карта

photo_2020-10-02_15-33-27

2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда шахсни рақамли идентификация қилишнинг ягона тизими жорий этилади. 2030 йил 1 январдан эса 2011 йилдаги Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспортлари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Ҳужжатни расмийлаштириш муддати 1 кунни ташкил этиши кутилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармон имзолади.

 Ҳужжатга мувофиқ, 2021 йил  1 январдан мамлакатда шахсни рақамли идентификация қилишнинг ягона тизими жорий этилади, унда биометрик паспортларни электрон чипли ID-карталарга босқичма босқич алмаштириш назарда тутилган.  Бу фуқароларга давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятини ҳам беради.

ID-картлар фақат Ўзбекистон ҳудудида амал қилади.  Хорижга чиқиш учун Ўзбекистон фуқаросининг билметрик паспорти (загранпаспорт) керак бўлади.


Ўзбекистон Глобал инновация индекси (The Global Innovation Index)да 131 мамлакат орасида 93-ўринни эгаллади. Таққослаш учун, 2015 йилда республикамиз 122-ўринда эди

photo_2020-09-03_18-02-28

Фарғона ЮНЕСКОнинг дунё аҳолиси энг ўқимишли шаҳарлари рўйхатига кирди

photo_2020-10-02_15-37-15

Шаҳар Марказий Осиёда биринчи бўлиб ушбу рўйхатдан жой олди.

 Бундай эътироф ўқимишли шаҳарларни ривожлантириш омиллари ва стратегияларини ўрганиш, экспертлар ва тармоқ мутахассислари билан мулоқот қилиш, ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш имконини беради.

Фарғона шаҳри номзодини ЮНЕСКО бўйича Ўзбекистон Миллий комиссияси тавсия этган. Тармоққа қўшиш тўғрисидаги қарор 23 сентябрда Парижда эълон қилинди. 

ЮНЕСКО томонидан белгилаб қўйилганидек, таълим олувчи шаҳар инклюзив таълимни ривожлантириш учун ҳар бир секторда бошланғичдан то олий таълимгача ўз ресурсларини самарали асосда ишга солади, оилалар ва жамоатларда таълимни жонлантиради, таълим сифатини, умрбод таълим маданиятини оширади ва ҳк.


7 сентябрь — Халқаро мовий осмон учун тоза ҳаво куни

download

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, дунё бўйлаб ҳар 10 кишидан 9 нафари ифлосланган ҳаводан нафас олади. Бу юрак-қон томир касалликлари, инсульт, ўпка саратони ва бошқа нафас йўли касалликларига олиб келади.  Атмосферанинг ифлосланиши, шунингдек, иқтисодиёт, озиқ-овқат хавфсизлиги ва атроф-муҳит учун ҳам хавф туғдиради.

Халқаро мовий осмон учун тоза ҳаво куни жамоатчилик ва давлат идораларининг эътиборини ҳаво ифлосланиши муаммосига қаратади.


© Copyright 2020 • info@yumh.uz • Ш. Рашидова кўчаси, 16- уй, Ташкент шаҳри, Ўзбекистон Республикаси 

Отправлено через

SendPulse