"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати Ахборотномаси

USAID_uz_3
logo_uz
logo_uz_3
argo_logo-color-CMYK-safe-no_words_2

   Ўзбекистонда фуқаролик жамияти

 

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати ва Ижтимоий-иқтисодий ташаббуслар институтининг ойлик бюллетени

     Ахборотнома #3                                                                                                                     2020 йил 5 ноябрь  

Мазкур нашр Ўзбекистонда “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастури доирасида АҚШнинг халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) кўмагида тайёрланди. Ахборотлар мазмуни учун муаллифлар жавобгар, USAID ёки АҚШ ҳукумати нуқтаи назарини билдирмайди.

Ўзбекистон илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланди

621469675

Жорий йилнинг 13 октябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг делегатлари БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 15 та янги аъзоларни уч йил муддатга сайлади. Муддат 2021 йил 1 январдан бошланади. Ўзбекистон биринчи марта ушбу Кенгаш аъзоси бўлди.

Кенгаш таркибига 47 та давлат киритилган. Шарқий Европа давлатлари гуруҳида 6 та жой ажратилган. Осиё ва Африка давлатлари гуруҳида 13 та, Лотин Америкаси гуруҳида 8 та ҳамда Ғарбий Европа давлатларини бирлаштирувчи гуруҳлар – АҚШ, Канада ва Исроилда 7 та.

Кенгашда бўшаб қолган тўртта жойга Осиёдан 5 мамлакат номзодлик қилди: Хитой, Непал, Покистон, Саудия Арабистони ва Ўзбекистон.

Саудия Арабистони сайловдан ўтмади. Ўзбекистон эса минтақада энг кўп – 169 та овозга эга бўлди.

“Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида кенг кўламли ислоҳотлар давом эттирилмоқда ва бутун дунёда инсон ҳуқуқлари таъминланишига ҳисса қўшилмоқда”, — деб ёзди Ташқи ишлар вазири ўринбосари Шерзод Асадов ўзининг Twitter саҳифасида. У буни тарихий кун деб атади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзо бўлиш мақсади 2018 йил февраль ойида Женевада бўлиб ўтган 37-сессияда маълум қилинган эди. Жорий йил ёзида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегияни тасдиқлади.

Эътиборга молик томони, 150га яқин жамоат ташкилотлари БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига Ўзбекистон номзоди илгари сурилишини қўллаб-қувватлади.

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракат БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши аъзолигига Ўзбекистон Республикасининг номзоди илгари сурилишини қўллаб-қувватловчи очиқ мурожаат лойиҳасини тайёрлади. Жорий йилнинг 5 октябрь куни ZOOM-конференция шаклида ташкил этилган учрашув давомида 147 нодавлат нотижорат ташкилоти ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади. Барча фикр ва таклифлар инобатга олинган ҳолда мурожаатнинг якуний версияси тайёрланди.

Мурожаатни кўриш

"Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги қонун имзоланди

871c4b87d74a72e506b5f9ed11ea98fa_2

15 октябрь куни Президент Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунни имзолади. Ҳужжатда ногиронлиги бўлган шахсларнинг имтиёзли уй-жой, таълим ва бандлик ҳамда инфратузилма, ахборот, давлат хизматларига бўлган ҳуқуқ ва кафолатлари белгиланган.

Қонунга мувофиқ, тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари фаолияти такомиллаштирилади. Текширувдан ўтказиш тиббий ҳужжатлар қабул қилинган кундан бошлаб 10 кундан кечиктирмай бепул амалга оширилади.  

Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш билан боғлиқ бир қатор масалалар қонун даражасида белгилаб қўйилган. Жумладан:

  • ташкилотлар ногиронлиги бўлган шахсларга спорт иншоотлари, дам олиш масканлари, шунингдек, сайёҳлик объектларига бепул асосда киришини таъминлаш учун шароит яратади.
  • давлат томонидан ногиронлиги бўлган шахсларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш чораларини кўради, бу фуқароларга бепул тиббий ёрдам кўрсатишнинг давлат кафолатлари дастури доирасида амалга оширилади.
  • давлат ногиронлиги бўлган болаларнинг бепул умумий ўрта, мактабдан ташқари, ўрта махсус ва профессионал таълим олишини кафолатлайди.
  • ногиронлиги бўлган шахслар учун олий таълим муассасаларига абитуриентлар қабулининг умумий сонидан давлат гранти асосида қўшимча икки фоизли квота ажратилади.
  • ногиронлиги бўлган шахслар санаторий-курортда бепул соғломлаштириш, шунингдек, дори воситалари, ногиронлиги бўлган шахсларни парвариш қилиш учун мўлжалланган тиббий буюмлар ва ногиронлиги бўлган болалар учун махсус шифобахш озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиш ҳуқуқига эга.
  • ногиронлиги бўлган шахслар имтиёзли шартларда ижтимоий уй-жой олиш ҳуқуқига эга.
  • меҳмонхоналар эгалари ногиронлар аравачасида ногиронлиги бўлган шахслар учун мавжуд умумий хона захирасининг камида биттасини жиҳозлаши, шунингдек, эшитиш ва кўриш қобилияти чекланган одамларнинг эҳтиёжларини қондирадиган эълонлар учун дисплей ва овозли мосламалар ўрнатилишини таъминлаши шарт.
  • маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ногиронлиги бўлган шахслар учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига қўшимча ижтимоий кафолатларни белгилаш ҳуқуқига эга.

 Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.


Президент "халқ пулини назорат қилиш нуқтаи назаридан" бюджетни шакллантиришда маҳаллий кенгашлар ваколатларини янада кенгайтиришга кўрсатма берди

14570771

Президент Шавкат Мирзиёев 19 октябрда ўтказган 2021 йилга мўлжалланган давлат бюджети параметрлари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида маҳаллий кенгашлар депутатларидан ҳудудлардаги тендерларда шаффофлик ва коррупция масалаларига эътибор қаратишни сўради.

 “Вилоятларда бюджет маблағларига эътибор қандайлигини, коррупция бор-йўқлигини, тендерлар қанчалик ошкора ўтказилишини  маҳаллий кенгашлар биладими? Сувга, йўлга, мактабларга, мактабгача таълимга қанча маблағ ажратилишини-чи? Биз жуда катта маблағлар ажратяпмиз”, — деди давлат раҳбари йиғилишда (“Ўзбекистон 24” телеканали лавҳасидан).

Шавкат Мирзиёев бюджетни шакллантиришда маҳаллий кенгашлар ваколатларини янада кенгайтириш зарурлигини қайд этди.

“Бюджетномани кўриб чиқишда ҳам, бюджетни тасдиқлашда ҳам талаб мутлақо бошқача бўлиши керак. Биз бунга халқ пулини назорат қилиш нуқтаи назаридан эътибор қаратишимиз керак”, — дея таъкидлади Президент.

Давлат раҳбари келгуси йилда макроиқтисодий барқарорлик ва белгиланган бюджет тушумларини тўлиқ таъминлаш учун иқтисодиётда камида 5,1 фоиз ўсишга эришиш кераклигини таъкидлади.

Ўзбекистонда бундан буён харажатлар таркиби ва натижадорлиги давлат идораларининг расмий сайтларида эълон қилиш тартиби жорий қилинади ва бунга амал қилмаган раҳбарларга жарима қўлланилади. Буни Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий кенгашлар назорат қилади.


“Zamin” фонди ҳаво сифатини мониторинг қилиш бўйича лойиҳада иштирок этмоқда

zamin-zR65317_b

Ўзбекистон Президентининг рафиқаси Зироат Мирзиёева раислик қилувчи “Zamin” фонди республикада ҳаво сифатини мониторинг қилишга қаратилган лойиҳада иштирок этмоқда. Бутун мамлакат бўйлаб автоматик ҳаво мониторинги станцияларини ўрнатиш кўзда тутилган.

“Замин” фонди ҳамда БМТнинг Атроф-муҳит дастури (YUNEP) кўмагида Гидрометеорология хизмати маркази томонидан “Атмосфера ҳавоси ифлосланишининг мониторингини автоматлаштириш” лойиҳаси уч босқичда амалга оширилади.

Лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида 63 та кузатув пункти ягона таҳлилий марказга бирлаштирилди. Мониторинг натижалари monitoring.meteo.uz очиқ онлайн платформаси ва AirUz мобил иловасида эълон қилиб борилади.

Иккинчи босқичда бутун республика бўйлаб автоматик ҳаво мониторинги станцияларини ўрнатиш ва ҳаво мониторинги учун халқаро стандартларни жорий этиш кўзда тутилган.

Учинчи босқичда мониторинг натижалари республикадаги Ягона геоинформацион маълумотлар базасига киритилиб, халқаро ахборот тизимларига интеграцияланади.

Грант маблағлари асосида ўрнатиладиган ушбу станциялар тўлиқ ишга тушиши натижасида, ҳаво сифати мониторинги халқаро стандартларга мувофиқ ҳар соатда олиб борилади. Фуқаролар ўзи истиқомат қиладиган жойининг ҳавосини ифлосланганлик даражасини ва унинг сабабларини аниқ билиш имконига эга бўлади”, — дейилади Фонд хабарида.


Сайёра ХОДЖАЕВА: “Бизда гендер камситишлар йўқ дейиш —
ўз-ўзимизни алдашдир”

1_7767c038

— Ҳуқуқий нуқтаи назардан қараганда, Ўзбекистонда гендер камситишлар мавжуд эмас, — дейди Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Ходжаева “Газета.uz”га берган интервьюсида. — Мамлакатимизда асосий қонун, Конституциядан бошлаб, бошқа қонун ҳужжатларига қадар бу масалада ҳамма қонун меъёрлари мукаммалдир. Аёллар ҳуқуқларини 100 дан ортиқ қонунлар ҳимоя қилади.

Бироқ бизда гендер камситишлар йўқ дейиш, аслида ўз-ўзимизни алдашдир. “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш заруриятининг ўзи, юмшоқ қилиб айтганда, вазият у қадар яхши эмаслигидан далолат беради. Барча етакчи лавозимларни эркаклар эгаллаб тургани бугунги кунда инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир.

Аёллар таълим каби анъанавий соҳаларнинг энг яхши вакилларидир. Ижро этувчи даражадаги вакил сифатида Халқ таълими вазирлиги тизимидаги хотин-қизларнинг намоён бўлишлари қуйидагича: бошланғич мактаб даражасида аёл ўқитувчиларнинг улуши 89,5 %ни, ўрта мактаб даражасида эса бу кўрсаткич 64,4 %ни ташкил этади. Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) бўлимларида раҳбар аёлларнинг улуши 14,4 %ни, ўрта мактаб директорлари даражасида эса 34,4 %ини ташкил этади.

Сайланган ва тайинланган маҳаллий давлат ҳокимияти органларида аёллар сони 17,1 %ни ташкил этади. Ҳукумат таркибида аёллар деярли йўқ. Вазирлар орасида бир нафар аёл, бир неча вазир ўринбосарлари бор, ҳозирда ҳоким ўринбосарлари йўқ, фақат бир аёл ОТМректори, аёлларнинг халқаро майдонда намоён бўлишлари — Ўзбекистон элчилари ва хорижий мамлакатларда дипломатик вакиллари умумий сонининг атиги 3 %ига етади.

Ўзбекистон тарихида биринчи марта Сенат Раиси лавозими аёл кишига ишониб топширилгани ва 2019 йил август ойида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар тўғрисида”ги Қонун қабул қилингандан сўнг, ҳоким аёлларнинг пайдо бўлгани қувонарли. Буларнинг барчаси умид борлигидан далолат беради, президентнинг сиёсий иродаси туфайли қарорларни қабул қилиш даражасида аёлларнинг иштироки ортади, — дея ҳисоблайди С.Ходжаева.


Қаршида шаҳар аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масалалари юзасидан жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтди  

246

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш муаммоси Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари, жумладан, Қашқадарё вилояти учун ҳам долзарбдир. Масалан, “Қашқадарё сув таъминот” МЧЖ Қашқадарё шаҳар бўлими маълумотларига кўра, шаҳарда аҳолининг 90 %и марказий тизим орқали тоза ичимлик суви билан таъминланган. У Яккабоғ, Шаҳрисабз ва Китоб туманидаги сув тозаловчи қурилмалардан 198 км узунликдаги магистрал трубалар орқали етказилади. 

Аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланганлиги нуқтаи назаридан Қарши шаҳри уч ҳудудга ажратилган: “яшил”, “сариқ” ва “қизил”. “Қизил” ҳудудга сув коммуникациялари назарда тутилмаган 5 маҳалла, “сариқ” ҳудудга қисман сув билан таъминлаган 17 маҳалла киритилган. “Яшил” ҳудудга 41 маҳалла киради. Мазкур маҳаллалар аҳолиси сув билан таъминлаб келинмоқда.

Давлат ва инвестицион дастурларда назарда тутилган сув таъминотини яхшилаш бўйича вазифа ва лойиҳалар ўз вақтида амалга оширилиши,  ичимлик сувининг хавфсизлиги ва сифати масалалари   жорий йилнинг 6 октябр куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Қарши шаҳрида ташкил этилган жамоатчилик эшитуви иштирокчилари диққат марказида бўлди.

Батафсил

Пандемия даврида аҳолини қўллаб-қувватлаш: Ўзбекистон ва Германия тажрибаси

249

2020 йилнинг 12 октябрь куни “Юксалиш” умуммиллий  ҳаракати ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Халқаро мунозара клуби доирасида “Пандемия даврида аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини молиявий қўллаб-қувватлаш: Ўзбекистон ва Германия тажрибаси” мавзусидаги иккинчи учрашувини ташкил этди.

Аҳолининг ижтимоий-иқтисодий фаровонлиги масалаларига ихтисослашган Европанинг етакчи хорижий экспертлари, бир қатор мустақил экспертлар, парламент, вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамиятлари вакиллари коронавирус пандемияси даврида аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини молиявий қўллаб-қувватлаш жиҳатларини Ўзбекистон ва Германия тажрибасига асосланган ҳолда очиқ мулоқот шаклида муҳокама қилди.

Муҳокама чоғида Германия ва дунёнинг бир қатор бошқа мамлакатлари пандемия пайтида аҳолининг ижтимоий заиф қатламларига молиявий кўмак бериш бўйича тажрибаси ўрганилди.

Батафсил

Икки нафар Сенат аъзолари сайланди

RUS_2

Президентнинг 20 октябрдаги Фармони билан Ўзбекистон Экологик партияси раиси Борий Алихонов ҳамда “Адолат” СДП етакчиси Наримон Умаров Олий Мажлис Сенати аъзолари этиб тайинланди.

Шу муносабат билан Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Борий Алихонов ва Наримон Умаровларнинг депутатлик ваколати муддатидан илгари тугатилди ва Сенат аъзолари этиб рўйхатга олинди.

21 октябрда Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида Борий Алихонов Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси этиб бир овоздан сайланди. У 2009 йил августдан Ўзбекистон экологик ҳаракати, кейинчалик 2019 йилда ташкил этилган Экологик партияга раислик қилган. 2010 йил январдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг беш нафар ўринбосарларидан бири бўлган.

Наримон Умаров Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси янги раиси этиб сайланди. У 2015 йилдан буён Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари ҳамда “Адолат” Социал-демократик партияси Сиёсий кенгашининг раиси бўлиб ишлаган.

Бундан ташқари, сенатор, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Мурот Камолов Сенат Раисининг ўринбосари этиб сайланди.


Хотин-қизлар ва ёшларга микрокредитлар

d84245fdaaf4c196a1fc7a9e85d

Президентнинг жорий йил 13 октябрдаги тегишли қарорига мувофиқ, 2020 йилнинг 15 ноябридан бошлаб тадбиркорликка ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотларига сарфланган харажатларнинг 70 фоизи, бироқ ҳар бир битирувчига 1 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдори давлат томонидан компенсация қилинади (ёшлар ва хотин-қизлар).

Ушбу курсларни муваффақиятли тамомлаб, сертификат олган шахсларга ўз бизнесини ташкил этиш учун микрокредит ажратилади:

▪️ тадбиркорлик ташаббусига эга жисмоний шахслар, шу жумладан, ёшлар ва хотин-қизларга ўз бизнесини ташкил этиш учун 33 миллион сўмгача (3 минг доллар атрофида) микрокредитлар таъминотсиз ажратилади;

▪️ микрофирма ва кичик корхона таъсис этган шахсларга учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар гарови, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кафиллиги асосида 225 миллион сўмгача (22 минг доллар атрофида) микрокредитлар ажратилади.

Микрокредитлар 3 йил муддатгача 6 ойгача имтиёзли давр билан Марказий банкнинг асосий ставкасида ажратилади

  Долзарб    мавзулар

Самарқандда ҳар икки йилда бир Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро форум ўтказилади

 

Вазирлар Маҳкамасининг 9 октябрдаги қарори билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми концепцияси ҳамда мазкур форумни ўтказиш регламенти тасдиқланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми (Самарқанд форуми)нинг асосий мақсади — инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро тажриба алмашиш орқали мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш, соҳада Ўзбекистоннинг ижобий халқаро имижини янада яхшилашдан иборат.

Самарқанд форуми ҳар икки йилда йилнинг октябрь-ноябрь ойларида ёки форумни ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита таклифига асосан бошқа вақтларда ҳам ўтказилиши мумкин. Форумда БМТнинг таркибий тузилмалари, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минтақавий ташкилотлар, миллий институтлар, парламентлар, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институти вакиллари, халқаро ва маҳаллий экспертлар, олимлар, соҳа мутахассислари, журналистлар ва бошқа жамоатчилик вакиллари иштирок этади.

Самарқанд форумининг ишчи органи Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳисобланади.


Янги тайинловлар 

photo_2020-10-31_17-43-16_2

Президентнинг 8 октябрдаги қарори билан Шахлохон Уткуровна Турдикулова Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

У бунга қадар Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар маркази директори бўлиб ишлаган. Илмий фаолияти давомида 160 дан ортиқ илмий ишлар, шу жумладан, 2 та дарслик ва 2 та монография чоп этган. Ўзбекистонда энг юқори умумий импакт-фактор (мақолаларидан иқтибос олинганлик даражаси)га эга — 149,5.

Хилола Уктамовна Умарова Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигининг янги раҳбари бўлди. У аввал Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган ахборот-коммуникация технологиялари  мактаби директори лавозимида ишлаган.


Ўзбекистон ва рейтинглар

Паспортларнинг янгиланган рейтинги 

photo_2020-10-31_17-35-30

“Henley & Partners” халқаро консалтинг компанияси жаҳон паспортларининг янгиланган рейтингини эълон қилди. Унга кўра, 2020 йилнинг тўртинчи чорагига келиб Ўзбекистон 106 мамлакат орасида 83-поғонани эгаллади (2019 йилда 88-поғонада эди).

Паспортлар рейтингида Марказий Осиё ва дунё мамлакатлари нечанчи ўринда? Навбатдаги #инфографикамиз шу ҳақида

Инфографикани кўриш

Ўзбекистонда Интернет эркинлиги

rating

Ўзбекистон Freedom House нодавлат ташкилотининг Интернет эркинлиги рейтингида 57-ўриндан жой олган. Мамлакатимиз ўз поғонасини бир баллга яхшилаган.

Ўзбекистон 100 баллдан 27 балл (ўтган йилда 26 балл) билан “Интернети эркин бўлмаган” мамлакатлар қаторига қўшилди.

“Ўзбекистонда Интернет эркинлигининг бироз ўсиши қайд этилди — мамлакат кетма-кет тўртинчи йилда Интернет эркинлиги рейтингидаги кўрсаткичларини яхшиламоқда. Республикада Интернетга кириш даражаси ўсишда давом этмоқда, гарчи мамлакат ҳукумати ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) инфратузилмаси устидан назоратни сусайтирмаган, бунга ваъда берган бўлса-да”, дейилади хабарда.

Freedom House таъкидлашича, Ўзбекистонда Интернетга кириш даражаси ўсишда давом этмоқда, уланиш тезлиги эса нисбатан паст даражада сақланиб қолмоқда, аммо яхшиланмоқда. Абонентлар қўнғироқлар сифатининг ёмонлашгани ва тез-тез ўчиб қолишини сезишган. Умуман олганда, Интернетга кириш Ўзбекистондаги уй хўжаликларининг даромадлари билан таққослаганда қиммат бўлиб қолмоқда.


Bloomberg: Ўзбекистон Интернет-трафикни фильтрловчи қурилмалардан фойдаланган

eNK-49eHkXvL2FjPXEjLhQ8JB8upiz5g_medium

“Bloomberg” нашри Ўзбекистон бошқа мамлакатлар қатори Американинг Sandvine компанияси ишглаб чиқарган Интернет-трафигини фильтрловчи ускуналардан фойдаланганлиги ҳақида хабар берди.

Сўнгги йилларда Sandvine ускуналари 10 дан ортиқ мамлакатларда Интернетни цензуралаш учун ишлатилган. Ушбу мамлакатларга Жазоир, Афғонистон, Озарбайжон, Миср, Эритрея, Иордания, Қувайт, Покистон, Қатар, Россия, Судан, Таиланд, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Ўзбекистон киради, Sandvine компаниясида ҳам хусусий, ҳам ҳукумат идоралари ва тармоқ операторларига сотувлар бўйича ҳисоботлари мавжуд, — деб ёзади Bloomberg.

Миср ва Ўзбекистонда ушбу қурилмалар фойдаланувчиларга мустақил янгиликлар сайтларини ўқишга тўсқинлик қилган, дея нашрга маълум қилган компаниянинг икки нафар амалдаги ва уч нафар собиқ ходимлари.


Бошқа янгиликлар

Журналист Бобомурод Абдуллаевга уй совға қилинди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев журналист Бобомурод Абдуллаевга Тошкент шаҳридан уч хонали уй совға қилди. Бу ҳақида журналистнинг ўзи 18 октябрда Facebook саҳифаси орқали хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, уй барча зарур шароитлар билан таъминланган. Янги уйга у 5 октябрда кўчиб ўтган. Хоразмдан онаси ҳам келган. Бобомурод Абдуллаев давлат раҳбарига миннатдорлик билдирди.

“Шу йилнинг 8 сентябрь куни муҳтарам Президентимиз Шавкат  Миромонович Мирзиёев маиший техникалари, мебеллари, гиламлари билан бирга уч хонали уй совға қилди”, — деди Б.Абдуллаев видеоёзувида.


АҚШ Ўзбекистонга COVID-19 билан курашишда тиббий жиҳозлар тақдим этди

ZgMabrvA21omjthHzJ3rhd226IzjQcxM

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали Ўзбекистонга COVID-19’га қарши курашиш ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун 2,23 миллион долларлик тиббий жиҳозлар етказиб берди. Улар таркибида лаборатория ускуналари ва 100 мингта тест ўтказиш учун зарур бўлган реагентлар бор.

“Ушбу материаллар мамлакатнинг COVID-19ни аниқлаш учун хавфсиз ва тезкор синов ўтказиш салоҳиятини сезиларли даражада ошириши кутилмоқда”, — дея қайд этилади АҚШ элчихонаси хабарида.

Келтирилган жиҳозлар АҚШ ҳукуматининг Ўзбекистонга COVID-19’га қарши курашда кўрсатаётган ёрдамининг бир қисмидир. Шу кунгача АҚШ ҳукумати Ўзбекистонга 8,8 миллион АҚШ доллари ажратди. Сентябрь ойида USAID Ўзбекистонга 200та сунъий нафас бериш аппаратини тақдим этди.


24 октябрь – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти куни

photo_2020-10-23_14-45-54

23 октябрь куни БМТнинг 75 йиллигини нишонлаш ва глобал кампаниянинг натижаларини тақдим этишга бағишланган онлайн мулоқот ўтказилди.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати республика аҳолисини шахсан ва рақамли маконда имкон қадар кўпроқ қамраб олиш мақсадида глобал мулоқот — “БМТ75” кампанияси тарғиботига катта ҳисса қўшди. Ўзбекистон https://un75.online платформаси орқали сўровномани тўлдирган кишилар сони бўйича Топ-10 таликда бормоқда (34 мингдан зиёд).

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича миллий шарҳ лойиҳасининг муҳокамаси, “БМТнинг 75 йиллиги: келажакка назар” тадбирлари доирасида 50 га яқин онлайн мулоқот ва мотивацион учрашувлар, мамлакатимизда COVID-19га қарши курашаётган тиббиёт соҳаси вакилларига миннатдорлик билдириш учун “Шифокорларга раҳмат!” акцияси ташкил этилди. ОАВда кенг тарғибот ишлари олиб борилиши натижасида ушбу тадбирларга турли ёш ва касбдаги 2 млнга яқин инсонлар жалб этилди.

Батафсил

Ўзбекистоннинг учта минтақасида 15 пилот ННТлар ташкилий ташхиси якунланди

design_uz_30

Ахборотноманинг ўтган сонида хабар берилганидек, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда Франциянинг Техник ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги (ACTED)нинг Ўзбекистондаги филиали Европа иттифоқининг молиявий кўмагида мамлакатимизда Инновация ва ҳамкорлик орқали фуқаролик жамияти ва маҳаллий ҳокимият органлари ўртасидаги шаффоф ва инклюзив бошқарув лойиҳаси амалга оширилди.

Эксперт-маслаҳатчилари Хоразм, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларидан фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўналишида фаолият юритувчи 15 та пилот ННТлар салоҳиятини баҳолади.  Улар танлов асосида саралаб олинди.

ННТларнинг ташкилий ташхиси натижалари билан бизнинг инфографикамизда танишасиз.

Инфографикани кўриш

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида экодарслар ташкил этилди

247

2020 йилнинг 7-10 октябрь кунлари Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда UzWaterAware лойиҳаси доирасида сув ва сувни тежовчи технологиялар мавзусига бағишланган экодарслар ўтказилди.

Мазкур тадбирлар Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги билан Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (МОМЭМ) томонидан амалга оширилаётган лойиҳанинг кузги сайёр тадбирлари дастурининг бир қисмига айланди. Ушбу ҳудудларда болалар ва ўқитувчилар учун экологик дарслар ҳамда учрашувлар “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Сувни тежашга қаратилган экологик дарсларга Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидаги ўнга яқин мактаб ва 100дан зиёд ўқитувчилар қамраб олинди. Лойиҳада сув ресурслари тўғрисидаги маълумотларнинг енгил ва ранг-баранг тақдимотига эътибор қаратилди, ҳар бир тадбир доирасида болалар ва катталар учун маърифий анимацион роликлар намойиш этилди. Яхлит экодарс шаклида тақдим этилган бешта видеороликнинг ҳар бири сув ресурслари мавзуси ва улардан оқилона фойдаланиш муҳимлигини алоҳида очиб беради.

Батафсил

Ўзбекистондаги нодавлат нотижорат ташкилотларининг муваффақиятлари

Рус тили ўқитувчилари учун тажриба алмашуви бўйича халқаро экспертлар тизими яратилмоқда

photo_2020-10-23_23-33-08

2020 йилнинг 22 октябрь куни А. Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети вакиллари, “Sharq ayoli” халқаро аёллар жамоат фонди ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси россиялик тадбиркор Алишер Усмонов молиялаштирадиган “Класс” дастури доирасидаги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилди.

Томонлар Фонд ҳамда “Электрон таълим таъминот” МЧЖ,  Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети АКТ факултети лойиҳаси доирасида Ўзбекистоннинг умумтаълим мактаблари рус тили ўқитувчилари орасида машҳур бўлган "Classcom рус тили ўқитувчисининг виртуал идораси" платформаси асосида экспертлик тизимини яратиш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди.

Халқаро эксперт тизимининг мақсади  — бутун дунё бўйлаб рус тили ўқитувчиларига мавжуд ресурслар, тажриба, ўқитиш услублари билан алмашиш, халқаро тематик семинарлар, конференциялар, малака ошириш курсларини сертификатлаш имконияти билан ташкил этиш ва тан олинган жаҳон ва минтақавий электрон нашрларда нашр этиш имкониятларини яратишдир. Бу йўлда қадамлардан бири бу — А.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети билан ҳамкорликдир.

Маълумот учун: сўнгги олти йилда "Sharq ayoli" халқаро аёллар жамоат фонди Россия олий ўқув юртлари, "Рус гуманитар миссияси" ташкилоти ва миллий шериклар билан биргаликда республиканинг турли минтақаларидан келган 220дан зиёд рус тили ўқитувчиларининг малакасини оширди, 400 дан ортиқ ўқитувчиларни қамраб олган “Энг яхши рус тили ўқитувчиси” танловини ўтказди, 18 700дан ортиқ рус филологияси мутахассислари учун бепул таълим олиши ва Classcom.uz платформасига уланишда кўмаклашди. Бундан ташқари, қишлоқ мактабларида бошланғич ва юқори синфлар учун рус тилидаги 11 та ақлли синфлар ташкил этди.

Ресурс маркази — ўзаро тармоқ муносабатлар учун платформа

photo_2020-02-19_13-14-05

Ўзбекистонда "Инновациялар учун шериклик" дастурининг пилотларидан бири бўлган "Тараққиёт" нодавлат нотижорат ташкилоти (Фарғона вилояти) ҳузурида Ресурс маркази ташкил этилди. Бу манфаатдор ташкилотлар ўртасида маълумотларни тўплаш ва алмашиш тизимини жорий қилишга имкон берди. Иштирокчилар ўзаро маълумот алмашишлари, муаммоларни муҳокама қилишлари ва тармоқ орқали ечим топишлари мумкин.

— Ресурс маркази аъзоларни лойиҳа ва тадқиқот ишларига янада фаол жалб қилишга, индивидуал қобилиятларини ривожлантириш имкониятларини кенгайтиришга, шунингдек, ташкилотлар фаолиятининг турли йўналишлари бўйича ўқитишга ёрдам беради, —  дейди Тараққиёт” ННТ раҳбари Феруза Мадалиева. Марказда инфратузилма лойиҳаларини яратиш ғоялари туғилади ва шаклланади, улар аллақачон ижтимоий муҳитга киритилмоқда. Платформа иштирокчиларга мустақил равишда фаолиятни назорат қилиш, хатарларни ҳисоблаш ва муаммоларни ҳал қилиш учун энг яхши воситаларни танлаш имкониятини беради.

Ресурс маркази базасида бенефициарлар ўртасида ташкилотлар фаолияти жараёнида вазифаларни тўғри бажариш бўйича қўшма ҳаракатларни мувофиқлаштириш жиҳатларини муҳокама қилиш учун тренинглар, “давра суҳбатлари” ўтказилади. Ресурс маркази ташкил этилгандан бери бир нечта ННТлар аҳолига хизмат кўрсатиш соҳасида инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш учун давлат томонидан ажратилган ҳужжатларни тақдим этиш ва грант маблағларини олиш имкониятига эга бўлди.

Ресурс маркази мутахассислари пуллик хизматларни, шу жумладан, техник ва ижтимоий маслаҳатлар, дала мониторинги ва ННТлар фаолиятини молиявий аудит билан таъминлайди.

Бугун Ресурс маркази бу:

  • Фарғона вилоятида 32 дан ортиқ ичимлик сув таъминоти ташкилотлари;
  • вазирликлар, маҳаллий ҳокимият органлари, корхоналар, давлат идоралари ва илмий-техник ташкилотлар билан ривожланган шериклик тармоғи;
  • инфратузилма лойиҳалари соҳасида эришилган ютуқлар билан кўникма ва тажрибаларни бирлаштиришга асосланган таълим амалиёти;
  • инфратузилма ва ижтимоий таъминотни ривожлантириш бўйича лойиҳалар;
  • аҳоли шароитларини яхшилаш ва иш билан таъминлаш бўйича тренинглар ўтказиш учун ахборот ва моддий-техник база.

Маълумот учун: Ўзбекистонда "Инновациялар учун шериклик" дастури Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан "АРГО" фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциацияси (Қозоғистон) билан ҳамкорликда USAID молиявий кўмаги билан амалга оширилади.

Жейнов қишлоғида 95 нафар ишсиз аёллар бепул ўқитилди

Bez_imeni-1

Қашқадарё вилоятининг Миришкор тумани Жейнов қишлоғидаги экспериментал маҳаллий ривожланиш марказида ишсиз хотин-қизлар учун бепул ўқув курслари ташкил этилди.

Хотин-қизлар жунни қайта ишлаш ва гиламчилик, каштачилик, тикувчилик ва қуроқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишлари бўйича касб-ҳунар ўрганишди ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллиги оширилди. Октябрь ойининг биринчи ўн кунлигида 35 нафар битирувчи аёл-қизларга сертификатлар топширилди.

Жейнов саноат касб-ҳунар коллежи биносида жойлашган ушбу марказ “Yuksalish” ахборот-маслаҳат ресурс маркази ташаббуси билан ташкил қилинган.

— Ишсиз хотин-қизлар учун бепул ўқув курслари “Ёшларни тадбиркорлик соҳасига кенг жалб қилиш — ёшлар бандлигини таъминлашда муҳим омилдир” лойиҳаси доирасида очилган, дейди “Yuksalish” ахборот-маслаҳат ресурс маркази директори Зулфия Ҳайдарова. — Мазкур лойиҳа Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг молиявий кўмаги билан Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг давлат ижтимоий буюртмаси асосида амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасида вилоят ва туман ҳокимликлари кўмагида коллеж биносидан ажратилган хоналар таъмирланди. Жамоат фонди томонидан тақдим этилган маблағ ҳисобидан эса маҳаллий ривожланиш маркази зарур жиҳоз ва ўқув-ишлаб чиқариш ускунлари билан жиҳозланди. Амалий машғулотлар учун зарур хомашё ва материаллар сотиб олинди.

“Ҳунарманд” Ассоциациясининг катта тажриба ва малакага эга аъзолари “устоз — шогирд” тамойили асосида назарий ва амалий машғулотларни олиб боришмоқда. Бундан ташқари, марказ тингловчилари учун доимий равишда хусусий тадбиркорликни бошлаш ва юритиш борасида семинарлар ташкил этади ва малакали мутахассисларни жалб этади. Фаолиятини бошлаганидан буён 95 нафар ишсиз хотин-қизлар ўқув курсларида таълим олишди.

© Copyright 2020 • info@yumh.uz • Ўзбекистон Республикаси, Тошкент ш., Ш.  Рашидов кўчаси, 16-уй  

Sent via

SendPulse