NewsLatter

USAID_uz_3
logo_uz
logo_uz_3
argo_logo-color-CMYK-safe-no_words_2

  Ўзбекистонда демократия 

 

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати ва Ижтимоий-иқтисодий ташаббуслар институтининг ойлик бюллетени

  Ахборотнома № 5                                                                                                  2021 йил 5 январь

Мазкур нашр Ўзбекистонда “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастури доирасида АҚШнинг халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) кўмагида тайёрланди. Ахборотлар мазмуни учун муаллифлар жавобгар, USAID ёки АҚШ ҳукумати нуқтаи назарини билдирмайди.

Президент мурожаатномаси — жамоатчилик учун ишора

mirziyoyev-parliament-address1218

Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси — нафақат фуқаролар, давлат идоралари вакиллари ва маҳаллий мутахассислар, балки халқаро ҳамжамият вакиллари ҳам кузатиб борадиган Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири. Чунки айнан Мурожаатнома келгуси йил учун фаолиятнинг асосий йўналишларини белгилаб беради.

Давлат раҳбари Ўзбекистон демократик ислоҳотлар йўлидан қайтмаслигини, бу билан инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли транформацияларнинг муқаррарлигини тасдиқлашини таъкидлади.

Эътиборли томони шундаки, юқори минбардан фуқаролик жамияти фаолларига, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчиликка  ваколатлар берилди. Улар ислоҳотлар жараёнининг асосий иштирокчиларидан бирига айланади: маҳаллий даражадаги муаммоларни аниқлаш ва жамоатчилик назоратини амалга ўрнатишдан тортиб, давлат идоралари билан фаол ўзаро ҳамкорлик қилиш ва ижтимоий аҳамиятга молик муаммоларни ҳал қилиш бўйича лойиҳаларни амалга оширади.

Хусусан, ҳудудлардаги ҳақиқий манзарани аниқлаш, уларни чуқур таҳлил қилиш, ечимлари бўйича таклиф ишлаб чиқиш, ижроси устидан жамоатчилик назоратини таъминлашга ижтимоий буюртма асосида ННТлар кенг жалб этилади. Бунда, биринчи навбатда таълим, маданият, тиббиёт, экология, қурилиш, кадастр, транспорт, коммунал хўжалиги, бандлик, ижтимоий хизматлар кўрсатиш каби соҳаларга эътибор қаратилади. Ушбу мақсадлар учун 2021 йилда бюджетдан 60 млрд сўм ажратилиши режалаштирилган, бу 2019 йилга нисбатан икки баравар кўп.

Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг роли ва қарорлар қабул қилиш жараёнидаги иштирокини янада ошириш бўйича Президентнинг яна бир ташаббуси бу — Қонунчилик палатасида ННТларнинг доимий вакили институтини жорий этиш. Ушбу вакил қуйи палата йиғилишларида иштирок этиш, қабул қилинаётган қонунларга таъсирчан жамоатчилик назорати ва ижтимоий шериклик масалаларини киритиш бўйича таклифлар бериш ваколатига эга бўлади.

Фуқаролик жамияти институтлари фуқароларнинг ижтимоий, иқтисодий ривожланиш, давлат ва жамоат бошқаруви муаммолари билан шуғулланади. Улар жойлардаги ҳақиқий ҳолатни яхши билишади ва турли хил тадқиқотлар олиб боришмоқда. Аммо улар ўрганишлари натижаларини бирон жойга беролмайди ёки инобатга олиниш, олинмаслигини билмайди. Қонунчилик палатасида ННТлар доимий вакилининг мавжудлиги қонунларни қабул қилишнинг инклюзивлигини, фуқаролик жамияти институтлари тадқиқотлари натижаларини, қонунчиликни такомиллаштириш пайтида уларнинг фикрларини акс эттиришни таъминлайди. ННТ вакили қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш ва кўриб чиқиш жараёнига кўп сонли ННТларни жалб қилиши мумкин. Бундан ташқари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш амалиётида, соҳадаги қонун ҳужжатлари ижроси устидан самарали жамоатчилик назоратини амалга оширишда жамоат ташкилотлари ходимлари ва фаолларининг салоҳияти ва ваколатларидан фойдаланиш имкони пайдо бўлади.

Ушбу вазифаларнинг амалга оширилиши фуқароларнинг, жамоат ташкилотларининг фаоллигини, уларнинг соҳалардаги ўзгаришлар жараёнидаги иштирокини, жойларда янги ташаббусларни илгари суришни ва давлат ҳокимияти органларининг ҳисобдорлигини оширишга ёрдам беради.

Инфографикани кўриш

Сенат Раиси Марказий Осиё етакчи аёлларининг норасмий мулоқоти раиси этиб тайинланди

123445_2

23 декабрь куни Марказий Осиё давлатлари етакчи аёлларининг мулоқотини ташкил этиш бўйича видеоконференцалоқа шаклида илк учрашув ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси номидан Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева иштирок этди.

Танзила Нарбаева янги норасмий механизм йиғилишини тарихий воқеа деб атади ва шу тариқа “минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш учун мутлақо янги маслаҳат майдончаси шаклланаётганини” таъкидлади. У келажакда Афғонистон вакиллари ҳам мулоқотга қўшилишларига умид билдирди.

Мулоқот фаолияти минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни сақлаш, мамлакатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, барқарор ривожланиш эришиш, давлат ва жамият бошқаруви, тадбиркорлик тизимида аёлларнинг имкониятларини кенгайтиришга, қолаверса, хотин-қизлар, ёшлар ва болаларнинг ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган лойиҳалар ва дастурларни амалга оширишни жадаллаштириш ҳамда гендер тенгликни таъминлашга кўмаклашади.

БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, Марказий Осиё учун превентив дипломатия минтақавий маркази (МОПДММ) раҳбари Наталя Герман ушбу марказ минтақавий ва глобал шериклик алоқаларини кенгайтириш ҳамда тажриба алмашишни ўз ичига олган муҳокамалар ва кейинги ишлар учун платформа яратишда ёрдам беришга тайёрлигини таъкидлади.

МОПДММ раҳбарининг таклифига биноан 2021 йилда Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқотига раислик қилиш Танзила Нарбаевага топширилди.

Ўзбекистон қуйидаги йўналишлардаги ҳамкорликни таклиф этди:

  • Минтақа мамлакатларидаги аёлларнинг ҳолатини таҳлил қилиш;
  • Қонун ҳужжатларини чуқур таҳлил қилиш (аёллар мақомини ошириш ва уларнинг давлат ишларини бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш);
  • Таълим даражасини ошириш;
  • Аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш;
  • Иш билан таъминлаш, аёллар тадбиркорлиги;
  • Зўравонлик билан боғлиқ муаммолар;
  • Таълим масалалари (“Бу бир томонлама бўлмаслиги керак”);
  • Хабардорликни ошириш.

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинлик бўйича “Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати”дан чиқарди

8927_article20200523111950

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинликлар бўйича махсус кузатувлар рўйхати (Special Watch List)дан чиқарди. Ўзбекистондан ташқари, рўйхатдан Судан давлати ҳам чиқарилди.

“Сўнгги бир йил ичида ҳукуматлари эришган муҳим, аниқ ютуқларга асосланиб, Судан ва Ўзбекистон махсус кузатув рўйхатидан чиқарилганлигини эълон қилишдан мамнунман. Уларнинг қонунлари ва амалиётдаги жасоратли ислоҳотлари бошқалар учун ўрнакдир”, - дея қайд этди АҚШ давлат котиби Майк Помпео баёнотида.

Шунингдек, Давлат котиби махсус рўйхатдан чиқишда Ўзбекистон тажрибаси бошқа давлатларга намуна бўлиб хизмат қилишини ҳам таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Special Watch List рўйхатига 2018 йил ноябрь ойида киритилган. АҚШ талқинларига кўра, 2006 йилдан 2017 йилгача мамлакатимиз “диний эркинликни бузиш”да иштирок этувчи давлатлар рўйхатида бўлган.


Жанубий Корея Оролбўйи минтақаси бўйича Траст фондининг молиявий донорига айланди

0AFsvwVNre0l

Жанубий Корея Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Оролбўйи минтақасида Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст жамғармасига 1 млн АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратди. 17 декабрь куни Жанубий Корея ҳукумати ва Фонднинг Нью-Йоркдаги ваколатхонаси ўртасида бу борада шартнома имзоланди.

Маблағлар Оролбўйи аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий шароитларини яхшилаш, соғлиғи ва фаровонлигини оширишда ёрдам беради.

Жанубий Корея ҳукумати ўз ҳиссасидан ташқари, минтақадаги турли ташаббусларни қўллаб-қувватлайди. Хусусан, Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг (KOICA) Оролбўйи минтақасини кўп томонлама ривожлантириш лойиҳаси доирасида Global Green Growth Institute (GGGI) орқали 5,56 млн доллар миқдорида грант ажратиш режалаштирилган.

Маълумот учун: БМТ ҳомийлигидаги траст фонди 2018 йил охирида ташкил этилган. Жамғарманинг асосий вазифалари қаторида Оролбўйи минтақасидаги аҳоли ҳаёти билан боғлиқ долзарб муаммоларни, шу жумладан, соғлиқни сақлаш, иқтисодий ривожланиш, экологик вазият, ижтимоий ҳимоя ва бошқа жиҳатларни ҳал қилишга мувофиқлаштирилган ёндашувни таъминлаш киради.

Жамғарманинг биринчи ташқи ҳамкори Норвегия бўлиб, у 2019 йилда тахминан 1,1 млн АҚШ доллари ажратди. 2020 йил март ойида Европа Иттифоқи фонд лойиҳаларини молиялаштириш учун 5 млн евро ажратди. Донорлар рўйхатига июнь ойида Финляндия қўшилди. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати жамғармага 3,5 млн АҚШ доллари ўтказган.


ЮНИСЕФ болаларнинг заиф қатламлари реинтеграциясида ҳамкорликка чақирди

8c52444132bf6770da93a94d5bb08f8a

ЮНИСEФ Ўзбекистон Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда ёпиқ муассасалардан чиқиб кетаётган болалар ва қуролли тўқнашув зоналаридан репатриация қилинган болаларнинг интеграциясини таъминлаш бўйича идоралараро ҳамкорликка чақирди.

Чақириқ “Қуролли можаролар ҳудудларидан қайтарилган болалар, мигрантлар фарзандлари ва COVID-19дан кейин ихтисослаштирилган таълим муассасаларини тарк этаётган болаларни қўллаб-қувватлаш ва уларни бирлаштириш” мавзусидаги давра суҳбати чоғида янгради. Тадбир давомида ҳамкорлар ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар ва оилаларнинг ижтимоий ҳимоя чораларини муҳокама қилди.

“Ижтимоий ҳимоянинг адекват чора-тадбирлари муваффақиятли интеграция қилишда муҳимдир. Улар болалар учун зарурий ҳимоя ва ёпиқ муассасалардан чиқиб кетаётган болалар ва ватанга қайтарилган болаларнинг фаровонлиги, ривожланиши ва ҳимояси билан боғлиқ хавфларни камайтиради”, - деди ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Жоффри Ижумба.

Ж.Ижумбанинг сўзларига кўра, бошқа томондан, бу — жамоавий масъулиятдир, масалан, идоралараро ҳамкорлик оилалар ва болаларнинг заиф қатламларига ижтимоий хизматлар кўрсатувчи ходимлар фаолиятининг ажралмас қисми бўлган бошқарув стандартларини қўллаши керак.

 “ЮНИСEФ билан ҳамкорлик ҳар бир бола учун индивидуал реинтеграция режаларини ишлаб чиқишда, ушбу болалар ва уларнинг оилаларига ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича услубий кўникмаларни оширишда ёрдам беради”, - деди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маъруфова.

Маълумот учун, 2020 йилда Ўзбекистон “Меҳр-3” гуманитар операцияси доирасида Суриядан 98 нафар ватандошлар – 25 нафар аёллар ва 73 нафар болаларни олиб келди. 2019 йилда Сурия ва Ироқдан аёллар ва болаларни олиб келиш бўйича иккита операция ўтказилди.


ФАО Ўзбекистонда қишлоқ аёллари ҳуқуқларини кенгайтириш учун 100 минг доллар йўналтиради

XPm0WE15904717376976_l

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Ўзбекистонда “Инклюзив қишлоқ хўжалиги сиёсатини амалга оширишда кўмаклашиш” лойиҳасини ишга туширмоқда.

Умумий қиймати 100 минг доллар бўлган лойиҳани 2022 йилнинг охиригача амалга ошириш режалаштирилган. Дастурнинг асосий вазифаси — инклюзив қишлоқ хўжалигини амалга ошириш ҳамда аёлларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш асосида қишлоқ ҳудудларида ҳаёт шароитларини яхшилаш.

Қишлоқ хўжалигида гендер тафовутини бартараф этиш қишлоқ хўжалиги соҳаси ва жамиятга сезиларли фойда келтиради. Гендер нотенглиги жинслар роллари ҳақидаги стереотипларга боғланган, бу эса аёлларнинг қишлоқ хўжалигидаги муҳим ҳиссасини камайтириб кўрсатади. Қишлоқ аёлларига инвестиция бу — камбағалликни бартараф этиш ва барча учун озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш учун муҳим бўлган ўзгаришлар омилига инвестиция”, — дея таъкидлади ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси лойиҳалари координатори Шерзод Умаров.

Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши ФАОнинг Ўзбекистондаги гендер ҳаракатлар режаси томонидан мувофиқлаштирилади.


Интернет-нашрлар ва блогерлар “тақиқланган изоҳлар” учун огоҳлантириш олади

9be7c4a1760d0e279872b6de9c4fc88f

Вазирлар Маҳкамасининг 23 декабрдаги қарори билан интернет-нашрлар ва блогларда тақиқланган ахборотни олиб ташлаш тўғрисида хабарнома юбориш тартиби белгиланди.

Ҳукуматнинг “Бутунжаҳон Интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 5 сентябрдаги 707-сон қарорига қўшимчалар киритилди. 

Эндиликда веб-сайт ва (ёки) веб-сайт саҳифасида жойлаштирилган ахборотга фойдаланувчилар томонидан қолдирилган шарҳлар матнида, шунингдек, ижтимоий тармоқлар ёки мессенжерларда тақиқланган ахборотлар аниқланса, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича маркази томонидан веб-сайт, веб-сайт ва (ёки) мессенжер саҳифаси эгаси, шунингдек, блогерга қонунчилик билан тарқатилиши тақиқланган ахборотларни олиб ташлаш тўғрисида 24 соатдан кечиктирмасдан хабарнома юборилади.

Хабарнома электрон шаклда юборилади. Унда тақиқланган ахборот жойлаштирилган ахборот ресурси номи, ахборот жойлаштирилган сана кўрсатилади. Тақиқланган ахборотга ҳавола ва унинг экрандаги тасвири нусхаси илова қилинади. Шунингдек, қўшимча равишда ушбу ахборотни тарқатиш учун қонунчиликда белгиланган жавобгарлик тўғрисида маълумотлар келтирилиши мумкин. Агар тақиқланган ахборот хабарномада кўрсатилган муддатда олиб ташланмаса, АОКА судга мурожаат қилиши мумкин.

Қандай ахборотлар тақиқланган?

  • Ўзбекистоннинг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этувчи;
  • уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек, диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилувчи
  • давлат сири бўлган маълумотларни ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этувчи;
  • фуқароларнинг шаъни ва қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи;
  • порнографияни тарғиб қилувчи
  • гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилувчи.

Президент ёшлар билан учрашди

e41577ffdc37ce732d7df3f68d6d57ea

25 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшлари форумида иштирок этиб, нутқ сўзлади. 

Давлат раҳбари нутқида ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг интеллектуал, ижодий ва иқтисодий салоҳиятини оширишга доир қатор янгиликларни эълон қилди.

Жумладан, 2021 йилда:

  • олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёш учун Президент гранти жорий этилади;
  • Ўзбекистондаги хорижий олий ўқув юртларининг бакалавриат босқичи талабалари учун ҳам Президент ва давлат стипендиялари жорий этилади;
  • магистратура ва докторантура босқичлари учун Президент стипендияси квотаси икки баробарга оширилади;
  • икки ва ундан ортиқ фарзанди олий ўқув юртида шартнома асосида ўқиётган оилаларга имтиёзли таълим кредити бериш йўлга қўйилади;
  • мактаб ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабалари ўртасида “Бўлажак олим” танловини ташкил қилиш орқали ёшларнинг энг яхши инновацион ҳамда стартап лойиҳаларига 50 млрд сўм маблағ йўналтирилади;
  • “Ёшлар: 1+1” дастури доирасида ишсиз ва уюшмаган ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш ташкил этилади;
  • “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида 1 нафар тадбиркорга 1 нафардан ишсиз ёшни бириктириш ташаббуси кўплаб тадбиркорларимиз томонидан фаол қўллаб-қувватланди. Натижада 500 минг нафар ёшни иш билан таъминлаши мумкин;
  • ҳудудларда Ёшлар кичик саноат зоналари ташкил этилади.

Ўзбекистонда иқлим ўзгаришларига мослашиш режаси қабул қилинади

5489a57cee5a

Ўзбекистон иқлим ўзгариши таъсирига энг заиф бўлган иқтисодиёт тармоқларининг чидамлилигини оширишга ва барқарор ривожланишни таъминлашнинг мавжуд механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ташаббусларни амалга оширишни бошланди. 

3 декабрь куни бошланган янги лойиҳа БМТнинг Тараққиёт дастури кўмагида Яшил иқлим жамғармасининг грант маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ишлаб чиқилган Миллий мослашиш режаси соҳавий характерга эга бўлади. Ажратилган молиявий маблағлар 1,6 млн АҚШ долларини ташкил этади. Ташаббуснинг асосий мақсади — мамлакатга келгуси икки ярим йил ичида иқлимга мослашиш устуворликларини ҳисобга олган ҳолда самарали режалаштириш жараёнини яратишда ёрдам бериш.

Лойиҳа фаолияти қишлоқ ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш, қурилиш сектори, фавқулодда иқлим ҳодисалари оқибатида юзага келган вазиятларни назоратга олиш ҳамда Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш каби муҳим тармоқларда қабул қилинадиган қарорларни самарадорлигини ошириши кутилмоқда.


“Мен спортни танлайман!” ижтимоий мотивацион видеороликлар кампаниясига старт берилди

Xk5WiN16081707501978_b

БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC)нинг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси қатор вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда спортни ривожлантириш, унинг ёшларга фойдалари ҳақида туркум видеороликлар тақдим этилди.

Олимпия ўйинлари ғолиблари ижобий ўрнак сифатида иштирок этадиган видеолавҳаларда ёшларнинг спортга жалб қилиниши соғлом турмуш тарзи ва спортни тарғиб қилиш орқали жиноятчилик, зўравонлик ва гиёҳвандликнинг олдини олишда муҳим восита ҳисобланади.

Спорт орқали ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш ташаббуси доирасида “Ҳаётга қўшил!” дастури 13-18 ёшдаги ёшларнинг ҳаётий кўникмаларини ривожлантириш бўйича спорт машғулотлари дастуридан иборат. Дастур ёшларнинг жиноятчилик, зўравонлик ва гиёҳвандликка қарши турғунлигини уларнинг шахсий ва ижтимоий кўникмаларини ривожлантириш орқали эътиқод ва қарашларни шакллантириш ҳамда ушбу ҳодисалар билан боғлиқ хатарлар тўғрисида хабардорликни ошириш орқали мустаҳкамлайди.


Оролбўйи аҳолиси учун қиймати 6 млн АҚШ долларлик 3 та лойиҳа амалга оширилади

23e0a8ec77654bdf0f387a7d70704c58

Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосидаги Траст фонди Бошқарув қўмитаси “Ёшлар, инновация ва соғлиқни сақлаш” йўналишларига оид умумий қиймати 6 млн АҚШ долларидан ортиқ бўлган 3 та лойиҳани молиялаштиришни маъқуллади.  Лойиҳа 2020 йилдан 2023 йилга амалга оширилади.

Биринчи лойиҳа — “COVID-19 пайтида ва ундан кейин ёшларнинг истеъдодларини жалб қилиш ва сув, санитария, гигиена ва овқатланиш сифатини яхшилаш орқали Қорақалпоғистоннинг барқарор келажагига сармоя киритиш” — ЮНИСEФ, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ва БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси билан биргаликда амалга оширилади.

Лойиҳа аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан 5000 бола ва ўсмирнинг соғлиғини мустаҳкамлашга ҳамда овқатланишини яхшилашга қаратилган. 10-17 ёшли ўн минг қиз микронутриентлар билан таъминланади. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасининг учта тумани — Мўйноқ, Қўнғирот ва Бўзатовдаги 15 та мактабда соғлиқни сақлаш инфратузилмаси яхшиланади.

Иккинчи лойиҳа — “Оролбўйи минтақасининг заиф аҳоли пунктларида иқтисодий ва озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоларини ҳал қилиш учун мослашувчан салоҳиятини кучайтириш орқали ёшларнинг ва заиф аҳолининг ижодий ва инновацион салоҳиятини тарғиб қилиш” БМТнинг Тараққиёт дастури, Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамда Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти билан биргаликда амалга оширилади.

Дастур 1472 нафардан зиёд қишлоқ ёшлари ва аёлларини қамраб олади. Хусусан, талабалар ўртасида стартап-лойиҳалар қўллаб-қуватланади, 120 нафар ёшнинг бизнес ташаббуслари амалга оширилади. Бундан ташқари, дастур 300 аёл ва ёшларга қишлоқ хўжалигида янги усулларни қўллаш имкониятини беради ва қишлоқ хўжалиги кооперативлари ва 9 та намойиш майдончасини ташкил этиш орқали 75 кишини иш билан таъминлаш учун шароит яратади.

Учинчи лойиҳа — “Қорақалпоғистонда соғлиқни сақлаш ва хавфсизликни умумхалқ қамраб олиш йўлида”, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширилади. Тиббий муассасалар, тиббий асбоб-ускуналар ва кадрлар ресурсларига келгусидаги инвестициялар тўғрисида маълумот бериш учун Мўйноқ тумани аҳолисининг эҳтиёжларини баҳолаш амалга оширилади.


Таълим ва бандлик — Ўзбекистон ёшларини ташвишлантираётган асосий муаммолардан

Screen_Shot_2020-12-11_at_10

ЮНИCEФ, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан тайёрланган ҳисобот Ўзбекистон ёшларини ташвишга солаётган асосий муаммолар — таълим олиш ва иш иш билан бандлик масалалари эканлигини кўрсатди.

"Ўзбекистон ёшлари: муаммолар ва истиқболлар" деб номланган ҳисоботда Ўзбекистон ёшлари ҳаётининг асосий жабҳалари — таълим ва тарбия, касбий ҳаёт ва иқтисодий имкониятлар, рақамли ҳаёт ва Интернет, оила ва фуқаролик фаолияти соҳаларидаги умумий ҳолати бўйича маълумот берилган.

2018—2020 йилларда ўтказилган тадқиқотда Ўзбекистоннинг 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлари қамраб олинди. 4458 респондентлар орасида сўров ўтказилди. Натижаларга кўра, ёшларини ташвишга солаётган асосий муаммолар: таълим (респондентларнинг 77%и) ва бандликдир (респондентларнинг 61,8%и). Ҳисоботда айтилишича, ёшларнинг катта қисми (54,6%и) мажбурий ўрта таълимни тугатгандан кейин ўқимайди, ишламайди ёки касб-ҳунар тайёргарлигини ўтамайди. Ушбу кўрсаткич 18 ёшдан ошган аёллар учун кескин ўсиб боради ва 25-30 ёшдаги аёлларнинг 74%ини ташкил қилади. Эркаклар учун бу кўрсаткич пастроқ бўлиб, ёш улғайиб бориши билан 24,8%гача пасаяди.

Ҳисоботда, шунингдек, ёшлар энг юқори даражада қадрлайдиган малакалар ва билимлар баён этилади. Булар қаторига чет тилларини билиш, бизнес саводхонлиги, тадбиркорлик кўникмалари кабилар киради.

Ҳисобот ЮНИСЕФ расмий сайтида инглиз ва рус тилида эълон қилинган.

Ҳисоботни юклаб олиш

Ерни олиб қўйишнинг янги тартиби тасдиқланди

07468f85e915f9f391a85050a75b2fde

Ер кодексига давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйишнинг янги тартиби киритилди. Тегишли қонун 23 декабрь куни Президент томонидан имзоланди.

Ўзгартиришларга биноан, ер участкасини ёки унинг бир қисмини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишилган ҳолда,  тегишли равишда вилоятлар, Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашларининг қарори билан ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан амалга оширилади.

Ерларни олиб қўйишда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулкни бузишга, мол-мулк учун товон пули тўлиқ тўлангандан кейингина йўл қўйилади.

Давлат органи (мансабдор шахс) томонидан ер участкасини тортиб олиш билан боғлиқ ноқонуний маъмурий ҳужжат чиқарилиши натижасида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарлар давлат томонидан қопланиши шарт, дейилади янги қонунда.

Қонун 24 декабрда кучга кирди.

Долзарб    мавзулар

Ўзбекистонда биринчи
"ННТ мактаби" доирасида 15 нафар фуқаролик жамияти фаоллари ўқишни тамомлади

274

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати “АРГО” Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциацияси (Қозоғистон) билан ҳамкорликда USAIDнинг молиявий кўмагида Ўзбекситонда илк бор “ННТ мактаби”ни ташкил этди. 

Мақсад — ташкилий ривожлантириш, ижтимоий буюртма, тажриба ва илғор амалиётлар алмашиш учун майдон яратиш асосида нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг салоҳият ва малакасини ошириш.

Жорий йилнинг 15 декабридан 19 декабрига қадар Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан 15 нафар ННТ ходимлари мактабнинг илк ўқув машғулотларини тамомлади. Улар  малакали тренерлар иштирокида давлат ижтимоий буюртмасини олиш учун ташкилий ривожланиш бўйича билим ва салоҳиятларини оширди.

Батафсил

Конституция куни арафасида 104 фуқаро афв этилди

13058120

Конституция қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Президентининг 7 декабрдаги фармонига кўра, 104 фуқаро афв этилди. Уларнинг 13 нафари чет эл фуқаролари, 9 нафари 60 ёшдан ошган шахслар, 1 нафари аёл ҳамда 21 нафари тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслардир.

Афв этилган шахсларнинг 6 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 50 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 7 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 41 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Маълумот учун, 2020 йил бошида давлат раҳбари афв этиш тўғрисида тўртта фармон имзолади, натижада 512 фуқаро, шу жумладан 33 нафари асосий жазодан тўлиқ, 224 нафари муддатидан илгари шартли озод қилинди.


Суриядан Ўзбекистонга 98 нафар аёллар ва болалар олиб келинди

unnamed_3

8 декабрь куни “Меҳр-3” инсонпарварлик операцияси доирасида Суриядан Ўзбекистонга 98 нафар ватандошлар — 25 нафар аёллар ва 73 нафар болалар олиб келинди.

Қайтарилганлар махсус санаторийларга жойлаштирилиб, иссиқ овқат ва кийим-кечак билан таъминланди. Уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича ҳам тегишли ишлар амалга оширилади. Келгусида эса уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга тўлақонли ижтимоий мослашуви учун зарур шарт-шароитлар яратилади.


Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ёлғон ахборот тарқатганлик учун жазо қўлланилишига хавотир билдирди

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбекистонда туҳмат учун озодликни чеклаш жазоси бекор қилинишини олқишлади, аммо ёлғон ахборот тарқатганлик учун жазо қўлланилишидан хавотирини билдирди.

Ўзбекистон ҳукумати гўёки ёлғон ахборотни тарқатишга уринишни жазолашни тўхтатиши ва журналистларга эркин ҳамда жазоланиш қўрқувисиз ишлашига имконият бериши  керак. Бу ҳақда Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси баёнотида сўз боради (Нью-Йорк). 

Биз узоқ кутилган хабар, яъни журналистларни туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси бекор қилинганини олқишлаймиз. Бироқ ёлғон ахборот учун эркинликни чеклашни назарда тутувчи янги ўзгартишлар ижобий ислоҳотларни инкор этади ва матбуот эркинлиги, сўз эркинлигини кафолатлайдиган демократик амалиётларга зиддир. Агар Ўзбекистон янада демократлашаётганига дунёни ишонтирмоқчи бўлса, ёлғон маълумот тарқатиш бўйича таклиф қилинаётган ўзгартишлар қабул қилинмаслиги керак”, - деди Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг Европа ва Марказий Осиё дастури координатори Гулноза Саид.


Суд хусусий ҳайвонот боғи директорига огоҳлантириш берди

WP0ZDB16084595590967_l

21 декабрь куни Навоий шаҳар маъмурий суди хусусий ҳайвонот боғи директорига огоҳлантириш ва камчиликларни бартараф этиш учун беш кун муҳлат берди. Агар ушбу муддатда ҳайвонот боғида аниқланган қонунбузилиш бартараф этилмаса, иш қайта кўриб чиқилади.

Навоий вилояти прокуратураси “Mehr va oqibat” ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамиятининг хусусий ҳайвонот боғи ("FERZ-UMID" МЧЖ) директори Соҳиба Барноева томонидан ҳайвонларни сақлаш пайтида қонун бузилганлиги бўйича мурожаатини кўриб чиқди.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, 22 ноябрь куни вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳайвонот боғида текширув ўтказди, қушлар ва ҳайвонларни сақлаш шароитидаги камчиликларни аниқлади ва уларни бартараф қилиш бўйича кўрсатмалар берди.

Мурожаат кўриб чиқилаётганда, ёввойи ҳайвонлар – бўри, жайра, қамиш мушуги, укки, бойқуши, қорақуш, калхат ҳайвонот боғида “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун талабларини бузган ҳолда рухсатномасиз сақланаётганлиги аниқланди.

Ушбу ҳолат бўйича 16 декабрь куни ҳайвонот боғи директори Соҳиба Барноевага нисбатан Маъмурий кодекснинг 90-моддаси 1-қисми билан маъмурий иш қўзғатилиб, ҳужжатлар шаҳар маъмурий судига юборилди.


Ўзбекистон Қирғизистонда яна учта шифохона қурилишини молиялаштирди

JGRQtr16087324557069_b

Декабрь ойида Қирғизистоннинг Бишкек, Чуй ҳамда Боткен вилоятларида 176, 24 ва 200 ўринли модулли шифохона фойдаланишга топширилди. Шифохоналар қурилиши ва жиҳозланиши Ўзбекистон томонидан тўлиқ молиялаштирилди.

“Ўзбекистон пандемия вақтида Қирғизистонга биринчи бўлиб ёрдам кўрсатди. Қўшни мамлакатдан кислород концентраторлари, респираторлар ва бошқа тиббий буюмлар, 400 ўринли енгил конструкторлар жўнатилди”, - дея маълум қилди Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири Алымкадир Бейшеналиев.

Эслатиб ўтамиз, ноябрда Ўзбекистон Қирғизистонга бир неча марта гуманитар ёрдам, шу жумладан шифохона қурилиши учун махсус контейнерлар юборди.


Янги тайинловлар

E33FC30C-2D58-4CE4-9E73-320620E0149A

Гаянэ Умерова Ўзбекистоннинг UNESCO ишлари бўйича Миллий комиссияси бош котиби этиб тайинланди.

2020 йилдан Маданият вазирлиги ҳузуридаги Санъат ва маданиятни ривожлантириш жамғармасининг ижрочи директори лавозимида ишлаб келмоқда.

2008 йилдан 2017 йилга қадар Гаянэ Умерова Ўзбекистон тасвирий санъат галереясининг Кўргазмалар ва жамғармалар бўлимида етакчи мутахассис, 2017-2020 йилларда эса Маданият вазирлиги ҳузуридаги Санъат ва маданиятни ривожлантириш жамғармасининг молия бошқаруви бўлими бошлиғи, ижрочи директор ўринбосари сифатида фаолият юритган.


Ўзбекистон ва рейтинглар

Ўзбекистон Инсон камолоти индексида 106-ўринни эгаллади

unnamed_2

БМТ Тараққиёт дастури томонидан тайёрланган 2020 йилги инсон камолоти ҳисоботида (Human Development Index) Ўзбекистон 189 мамлакат орасида 106-ўринни эгаллади. Индексда 2019 йилга оид маълумотлар келтирилади.

Индексда мамлакатлар 3та асосий омиллар – узоқ ва соғлом ҳаёт кечириш, билим олиш ҳамда муносиб турмуш даражаси бўйича баҳоланади.

2019 йилдаги инсон камолоти индексида Ўзбекистон дунёнинг 189 мамлакати ичида индекс қиймати 0,720 (максимал индекс қиймати 1,000) билан 106-ўринни эгаллаб, ҳисобот натижаларига нисбатан икки ўринга кўтарилди.

Ўзбекистоннинг натижалари қуйидагича:

  • аҳолининг туғилганда кутилаётган умр кўриш давомийлиги —71 йил-у 7 ой (1990 йилдан 2019 йилгача 5 йил-у 2 ойга ўсиш);
  • таълимнинг ўртача давомийлиги — 11 йил-у 8 ой (2 йил-у 7 ойга ўсиш) ва кутилаётган таълим давомийлиги 12 йил-у 1 ой (8 ойга ўсиш);
  • харид қобилияти паритети бўйича аҳоли жон бошига ЯМД миқдори 7142 доллар, ўтган йилга нисбатан 680 доллар (115,6%)га ўсган.

Маълумот учун: Индексда Марказий Осиё мамлакатларидан Қозоғистон 51-ўринни, Туркманистон 111-ўринни, Қирғизистон 120-ўринни ва Тожикистон 125-ўринни эгаллади.

Ҳисоботни юклаб олиш

Судьяларнинг электрон рейтинги

c5606e910b97d51e6c8dae1cdb6e5a7f

Президентнинг 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, 2021 йил 1 февралдан бошлаб, илк бор судьялик лавозимларига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнларини Интернет тармоғи (веб-сайт) орқали онлайн тарзда ёритиб бориш йўлга қўйилади.

Судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастур ишлаб чиқилади. Судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонлар қабул қилинади.


Бошқа янгиликлар

Ўзбекистон Волонтёрлари Ассоциацияси ташкил этилди

7194d628a8bd703187b0689f39ef74d7

4 декабрь куни Адлия вазирлиги томонидан “Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси” давлат рўйхатидан ўтказилди. Ассоциациянинг асосий мақсади волонтёрлик фаолиятини ташкил этишга қаратилган фуқаролик ташаббусларини ривожлантириш, инсонпарварлик, бағрикенглик ҳамда ҳамжиҳатлиликни қўллаб-қувватлаш ҳамда волонтёрларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.

2009 йилда Ўзбекистонда волонтёрлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида, “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Унга кўра, волонтёрлик орқали кам таъминланганларга, кўп болалиларга, бошпанасизларга ёрдам кўрсатиш, беморларни, ногиронлиги бўлган шахсларни, қарияларни парваришлаш, спорт, маданий ва бошқа тадбирларни ташкил этишга кўмаклашиш ҳамда бошқа усулларда хайрия ишларини амалга ошириш мумкин.


Миниатюра санъати ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди

D0hiWbSt2r7jnEVDF9j8dVWy2WL4L_WM

16 декабрда ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни ҳимоя қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитаси XV сессиясида миниатюра санъати ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилди.

“Миниатюра санъати” элементи инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритиш учун номзодлар тўплами Ўзбекистон ЮНЕСКО масалалари бўйича Миллий Комиссияси Озарбайжон, Эрон ва Туркия билан ҳамкорликда тайёрланди.

“Миниатюра санъати”нинг ЮНЕСКО Репрезентатив рўйхатига киритилганлиги узоқ тарихга эга ва Ўзбекистонда ўзининг энг юқори чўққисига етган ушбу санъат турининг халқаро эътирофидир. Камолиддин Беҳзод сингари кўплаб ёрқин ва таниқли рассомлар билан ўзбек миниатюра мактаби кўп асрлар давомида дунёдаги энг кучли ва энг таниқли мактаблардан бири бўлиб қолмоқда”, — дея қайд этди Бош вазир ўринбосари, ЮНЕСКО масалалари бўйича Миллий комиссия раиси Азиз Абдуҳакимов.


Мактабгача таълимни ривожлантиришга 100 млн доллар ажратилади

Вазирлар Маҳкамаси 15 декабрь куни болаларни эрта ёшдан ривожлантиришни яхшилаш тўғрисидаги қарорни қабул қилди.

Умумий қиймати 100,57 млн долларни ташкил қилувчи ушбу лойиҳа болаларнинг эрта таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, давлат мактабгача таълим ташкилотларида таълим шароитларини яхшилаш ва 2020—2024 йилларда таълим сифатини тизимли равишда баҳолаш имкониятларини яратишга қаратилган.

2019 йилнинг июль ойида Ўзбекистон ва Халқаро тараққиёт ассоциацияси (ХТА) ўртасида 30 йиллик муддатга, 5 йиллик имтиёзли давр билан “Болаларнинг ривожланишини ёшлигидан яхшилаш” лойиҳасини амалга ошириш учун 59,5 млн доллар миқдорида кредит шартномаси имзоланган эди.

Бундан ташқари, ХТА билан 9,5 млн долларлик грант ажратиш тўғрисидаги битим имзоланди. Лойиҳада Ўзбекистоннинг улуши 16,9 млн доллар эквивалентдаги солиқ ва божхона имтиёзларини ҳисобга олган ҳолда 26,72 млн долларни ташкил этади.


Имо-ишора тилини ривожлантириш тўғрисидаги қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилди

yourspeechru_261

Вазирлар Маҳкамасининг «Шахслар ўртасида мулоқот воситаси сифатида ишлатиладиган имо-ишора тилини янада ривожлантириш тўғрисида"ги қарори лойихаси муҳокамага қўйилди. Унга кўра, давлат бюджeти маблағлари ҳисобидан ўрта мактабларда имо-ишора тили ва брайл ёзувини ўқитиш бўйича махсус курслар ташкил этилиши режалаштирилган.

Лойиҳага мувофиқ, ўзбeк имо-ишора тили ҳуқуқий мақомга эга бўлиши ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча ташкилотларда, муассасаларда ва корхоналарда ўзбeк имо-ишора тилини алоқа тили сифатида ишлатиш учун шарт-шароитлар яратилади.

Таклиф юбориш

Брайл ёзувидаги юридик ҳужжатлар тўплами нашр этилди

TVPeROc05COAgulYTpHRpqjyhyp3ArmQ

Адлия вазирлиги АҚШ халқаро ривожланиш бўйича Агентлиги (USAID) кўмагида Брайл алифбосида Кўриш қобилияти бузилган кишиларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги юридик ҳужжатлар тўпламини босиб чиқарди.

Икки жилдли нашрнинг тиражи 2000 нусхада. У кўриш қобилияти чекланган шахсларнинг ҳуқуқларига оид 30 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг нормаларини ўз ичига олади. Улар солиқ имтиёзлари, меҳнат ҳуқуқлари, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва кўриш қобилияти чекланган шахсларнинг ҳуқуқларини бузганлик учун жавобгарликка бағишланган.

"Кўриш қобилияти чекланган ва кўзи ожиз инсонларнинг жамият интеграциясида иштирок этишига тўсқинлик қиладиган асосий сабаблардан бири бу – эркинлик ва ўз тақдирини белгилашнинг муҳим шарти бўлган ахборотларга эга эмаслиги", — дейди USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Ребекка Блэк.

Тўпламнинг 1000 нусхаси Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти муассасаларига, қолган 1000 таси таълим муассасаларига, Миллий кутубхонага ва Республика марказий кўзи ожизлар кутубхонасига берилади.


Конституция ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун — Брайл алифбосида

pkFaq816072377197484_l

Ўзбекистон Конституцияси ва “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги янги қонун Брайл алифбосида чоп этилди.

Нашрлар 500 нусхада чиққан ва Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти ва бошқа ташкилотларга беғараз ёрдам сифатида топширилди.

Ушбу расмий нашр Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий стратегияси ижроси доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази ва "Адолат" миллий ҳуқуқий ахборот маркази томонидан чоп этилди. Бу эзгу ишда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Лойиҳаларни мувофиқлаштирувчи офиси яқиндан ёрдам берган.


Ўзбекистон ННТлари муваффақият тарихи

10 йилда 50 дан ортиқ ҳайвонларга зулм қилувчиларга қарши судларда ғалаба қозонилган

qyml8B16086609100339_l

"Mehr va oqibat" ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти ташкил топганига 10 йил тўлди. Жамият 2010 йил 22 декабрда нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида рўйхатдан ўтказилган.

Шу вақт ичида "Mehr va oqibat" жамияти ҳайвонларга нисбатан зўравонлик қилганларга қарши 50 дан ортиқ судларда ютиб чиққан. Фаолияти давомида ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик ҳолатлари бўйича 400 дан ортиқ чиқишлар қилган. Жамиятнинг яна бир ташаббуси — "меҳр ва мурувват сабоқлари" дир. Бунда мактаб ўқувчиларига ҳайвонларга инсоний муносабатда бўлиш ҳақида сўзлаб берилади. Сўнгги 10 йилда 48 мингдан ортиқ ўқувчилар учун дарслар ўтказилди, тўртта болалар расмлари танлови, учта давра суҳбати ва "Биз ҳайвонларсиз цирк тарафдоримиз" фильмининг учта намойиши 200 кишини қамраб олди.

"Mehr va oqibat" жамияти ўз маблағлари ҳисобидан кам таъминланган оилаларни зарарсизлантириш дастурини амалга оширади. Ташкилот ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик ҳолатлари бўйича фуқароларнинг мурожаатлари бўйича ҳам иш олиб боради, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига маслаҳат ва илтимосномалар киритади.

2017 йил апрель ойида ҳайвонларга нисбатан қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар устида иш олиб борилди, ижтимоий сўров ўтказилди. Мақсад — ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик учун жавобгарлик даражасини ошириш зарурлиги тўғрисида фуқароларнинг фикрини ўрганиш. Сўровномада 1304 киши қатнашди, улардан 673 нафари (52%и) — ҳайвонлар билан шафқатсиз муносабатда бўлганлиги учун қамоқ жазосини қўллашни, 328 нафари (25%и) — жазо миқдорини ошириш зарурати борлигини, 203 нафари (16%и) — БҲМнинг камида 50 баробари миқдорида жаримага тортишни ёқлаб овоз берди.

2019 йил май ойида Президент ҳайвонларга нисбатан шавқатсиз муносабатда бўлганлик учун жаримани оширишни назарда тутувчи қонунни имзолади.

2020 йил феврал ойида "Mehr va oqibat" жамияти Жиноят кодексига "Ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик" моддасини киритиш, шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаси бўйича жарима миқдорини ошириш бўйича таклифларини билдирди. Айни вақтда қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасида.

Бугунги кунга келиб "Mehr va oqibat" жамияти аъзолари 12 киши бўлиб, уларнинг барчаси бепул фаолият юритади.


#YoshStan: “Маҳаллий қарорларни қабул қилишда ёшларнинг ролини ошириш”

photo_2021-01-04_11-09-48

Ана шундай номланувчи икки йиллик лойиҳа Андижондаги “Hamroh” ННТ “Search for Common Ground” (“Умумий манфаатларни излаб...”) ННТ билан ҳамкорликда Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида амалга оширилмоқда. Лойиҳа маҳаллий қарорлар қабул қилишда ёшлар иштирокини ошириш, унинг инклюзивлигини таъминлашга қаратилган.

— Лойиҳа устида ишлашни 2020 йил августда бошладик", - дейди “Hamroh” ННТ раҳбари Гулнорахон Йўлдошева. — Унинг доирасида ёшларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш, уларнинг етакчилик ва ташкилотчилик қобилиятларини ривожлантириш, ёшлар ва давлат органлари ўртасидаги ҳамкорлик ва бирдамликни кучайтириш, шунингдек, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш кўзда тутилган. Бунинг учун мавзули тренинглар ва маҳорат дарслари ўтказилмоқда.

Мақсадли гуруҳ томонидан Андижон вилоятининг Асака туманидаги еттита маҳаллани танлаб олинган. Улар орасида социологик тадқиқотлар ўтказилган. Натижаларга кўра, хусусан, ёшлар билан ишлашга ихтисослашган ташкилотларнинг аксарияти давлатга тегишли эканлиги, нодавлат ташкилотлари ҳам бор бўлса-да, аммо уларнинг фаолияти низомли мақсад ва вазифалар билан чекланганлиги аниқланди. Ёшлар билан ишлаш бўйича давлат ташкилотлари Давлат дастури доирасида ишлайди, аммо ННТлар иштирокисиз. ННТларнинг маблағлари эса чекланган, тадбирларни қамраб олишда қийинчиликлар мавжуд, ёшлар уларга камроқ мурожаат қилишади. Ёшлар давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишда муаммолар мавжуд. Маҳаллаларда ёшлар билан ишловчи мутахассислар етишмаяпти. 

— Лойиҳа доирасида биз ёшлар ва маҳаллий ҳокимлик органларининг барқарор ва инклюзив ривожлантириш учун икки асосий манфаатдор томонларни бирлаштириб, Андижон вилоятида ёшлар хизматларини кўрсатишни кучайтиришда ёшлар фуқаролик жамияти ташкилотларининг мазмунли ва тизимли иштирокига кўмаклашиш ниятидамиз", - деди Г. Йўлдошева. — Андижон вилоятидаги 20дан зиёд ННТлари ва маҳаллаларини ҳамда 19500га яқин ёшлар вакилларини қамраб олиш режалаштирилган. Ўз ташаббусларини амалга ошириш учун ёшлар 2021 йилнинг январидан ўз маҳалласи, тумани кесимида аниқ ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш учун мини-грантлар олишни бошлайди ва шу билан машғулотлар давомида олган билим ва малакаларини амалда қўллашлари мумкин.


Навоийда "Ёшлар - Ю-Репорт – ҳоким" биринчи ҳудудий мулоқотига старт берилди

275

2020 йилнинг 21 декабрь куни Ю-Репорт жамоаси "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати ва Навоий вилояти ҳокимлиги билан биргаликда "Ёшлар – Ю-Репорт – ҳоким" ҳудудий мулоқотларини бошлади. Ушбу мулоқотлар маҳаллий ривожланиш дастурларида ёшларнинг иштирокини кучайтиришга ҳамда уларни қарорлар қабул қилиш жараёнларига жалб қилишга қаратилган.

Яқин кунларда Навоий вилоятида коворкинг маркази очилиши режалаштирилган. Шу сабабли, жорий йилнинг ноябрь ойида вилоятнинг турли шаҳар ва туманларидан 650 нафардан зиёд ёшлари иштирокида "Навоийда коворкинг маркази қандай ишлаши керак?" мавзусида сўров ўтказилди. Мулоқот давомида ана шу сўров натижалари тақдимот қилинди.

Батафсил

10 минг оилага манзилли ёрдам

photo_2020-12-21_08-52-38

“Сирдарё вилоятидаги аҳолининг заиф қатламини қўллаб-қувватлаш дастури” лойиҳа доирасида вилоятнинг Оқолтин, Сардоба ва Мирзаобод туманларида яшовчи 10 мингта эҳтиёжманд оилага манзилли ёрдам кўрсатилди. Лойиҳа Корея ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ҳамкорлигида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, "Istiqbolli Avlod” Сирдарё вилоятининг ижтимоий-ахборот маркази томонидан амалга оширилмоқда.

Оилаларга 10 минг қути зарур ижтимоий аҳамиятга эга воситалар,

45 та ҳасса ва қўлтиқ таёқ, 92 та катталар, 7 та болалар ногиронлик аравачалари, 45 та эшитиш мосламалари тарқатилди. Хусусан, "Istiqbolli Avlod” маркази эҳтиёжмандларга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатди:

  • 17 декабрь куни Оқолтин тумани “Сирғали” ва “Найман” маҳаллаларида 150 та, Мирзаобод тумани “Янги Ўзбекистон” маҳалласида 550 та оила;
  • 18 декабрь куни “Янги Тошкент” маҳалласида 128 та, “Аҳиллик” маҳалласида 244 та оила;
  • 3 нафар фуқарога эшитиш мосламаси, 1 нафар фуқарога ногиронлик аравачаси.

© Copyright 2021 • info@yumh.uz • Ўзбекистон Республикаси, Тошкент ш., Ш.  Рашидов кўчаси, 16-уй

You received this email as you are on the mailing list of the Nationwide Movement "Yuksalish" (Uzbekistan). 

If you are not willing to receive the newsletter, please Unsubscribe

Отправлено через

SendPulse