"Юксалиш" ҳаракатининг ахборотномаси, 2021 йил, февраль

USAID_uz_3
logo_uz
logo_uz_3
argo_logo-color-CMYK-safe-no_words_2

 Ўзбекистонда демократия

 

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати ва Ижтимоий-иқтисодий ташаббуслар институтининг ойлик бюллетени

  Ахборотнома № 6                                                                                                  2021 йил 5 февраль 

Мазкур нашр Ўзбекистонда “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастури доирасида АҚШнинг халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) кўмагида тайёрланди. Ахборотлар мазмуни учун муаллифлар жавобгар, USAID ёки АҚШ ҳукумати нуқтаи назарини билдирмайди.

Ўзбекистон қонунчилиги:
2021 йилнинг 1 январидан нималар ўзгарди?

16f74d946bb13449eefd43103f0c

Паспорт ўрнига ID-карталар

Янги туғилган болага, Ўзбекистон фуқаросига, Ўзбекистон ҳудудида доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахсга ва хорижий фуқарога белгиланган намунадаги идентификация ID-картаси 10 йил муддатга берила бошлади. ID-карта шахсни, фуқароликни тасдиқлайдиган ҳужжат ҳисобланиб, Ўзбекистон ҳудудида фойдаланилади.

Мобил телефонда тасвирга олинган қоидабузарликлар ҳам жаримага асос бўлади

Видеорегистраторлар билан бирга видеокузатув ва тасвирга олиш техника воситалари ҳамда мобиль қурилмалар орқали қайд этилган йўл қоидабузарликлари акс этган видеоёзувлар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган видеоёзувларга тенглаштирилди.

Илгари мобил телефонларда олинган видеолар жарима қўллаш учун асос бўла олмас эди.

Яширин иқтисодиётни қисқартириш

2022 йил 1 январга қадар қуйидаги тартиб ўрнатилмоқда:

Умумий овқатланиш соҳасидаги кичик тадбиркорлик субъектларининг банк карталари ва контактсиз тўловлардан фойдаланган ҳолда жисмоний шахслардан олинган даромадлари умум белгиланган солиқларни тўлашга мажбурий тартибда ўтиш мақсадида умумий даромадга киритилмайди.

Мигрантларни мажбурий касбга ўқитиш

Ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан хорижга чиқиб кетаётган шахсларни ишга юборишдан олдин мажбурий тартибда касб-ҳунарга ўқитиш тизими жорий қилинди.

Буни амалга ошириш учун 13 та “Ишга марҳамат” мономарказлари, 30 та касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, 11 та Тошкент шаҳри туманларидаги қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курслари ҳамда 136 та маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ташкил этилади. 2020–2021 йилларда 74 минг фуқароларни ўқитиш кўзланган, бу мақсадларга 95 млрд сўм йўналтирилади.

Монополияга қарши комплаенс тизим

Тажриба (синов) тариқасида монополияга қарши комплаенс тизими қуйидаги давлат иштирокидаги корхоналарда жорий этилади:

  • “Uzbekistan Airways” АЖ
  • “Кварц” АЖ
  • “Асака” акциядорлик тижорат банки
  • “UzAuto motors” АЖ
  • “Ўзтрансгаз” АЖ
  • “Навоийазот» АЖ
  • “Иссиқлик электр станциялари» АЖ
  • “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ
  • “Қизилқумцемент» АЖ

Барча суд мажлисларида аудиоёзув

Барча судларда суд мажлислари тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб борилади ҳамда суд мажлислари баённомалари ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантирилади.

Бош режаларнинг жамоатчилик экпертизаси

Аҳоли пунктларининг бош режалари жамоат муҳокамаси натижаларини ҳисобга олган ҳолда тасдиқланади.

Табиатга етказилган зарар ҳақида хабарга пул мукофоти

Аҳоли томонидан Давлат экология қўмитасининг Интернетдаги махсус ахборот тизимига юборилган экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги фотосуратлар ва видеоёзувлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Фотосуратлар ва видеоёзувларни юборган шахслар ҳуқуқбузардан ундирилган жарима миқдорининг 15 фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади.


Cotton Campaign: Ўзбекистонга мустақил фуқаролик жамияти керак

35af792d4f34eae1671fa2964c80830d0129

Cotton Campaign халқаро коалицияси Ўзбекистонда 2020 йилги пахта кампаниясини мониторинг қилиш натижалари бўйича баёнот берди.

Коалиция ўтган йили мамлакатимизда пахта ҳосилини йиғиб олишда мажбурий меҳнатга барҳам беришда кузатилган сезиларли олға силжишни олқишлаган ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек форумида сўнгги 10 йилда илк бор айрим пахта етиштирувчи туманларда мажбурий меҳнат билан боғлиқ бирорта ҳолат ҳужжатлаштирмагани эътирофга сазоворлигини таъкидлаган.

Шу билан бирга, Cotton Campaign’нинг мустақил кузатувчиларга таяниб таъкидлашича, кампания вақтида мансабдор шахслар томонидан ташкил этилган мажбурий меҳнат ҳолатлари, шунингдек, давлат корхоналари хизматчилари маошларининг бир қисмини пахта теримчиларини ёллаш учун сарфлашга мажбурлаш ҳолатлари ҳам қайд этилган.

“Ўзбекистонда ишончли глобал етказиб берувчига айланиш имконияти бор, аммо бунинг учун брендлар ва чакана сотувчилар етказиб берувчиларнинг масъулиятли танловини тасдиқлашлари учун шаффоф мониторинг ва бошқарув моделлари талаб этилади”, — дейилади баёнотда.


АҚШнинг Winrock International нодавлат ташкилоти Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилди

nzEl2916100103201184_l

6 январь куни Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан бош ташкилоти АҚШда жойлашган Winrock International — Винрок халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш институтининг Ўзбекистондаги филиали қайта давлат рўйхатидан ўтказилди (2006 йилда филиал ёпилган эди).

Филиалнинг асосий мақсад ва вазифалари – овқатланиш ва ижтимоий-иқтисодий фаровонликни яхшилашга, озиқ-овқат, тола ва ёқилғи, шу жумладан чорвачилик, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, тарқатиш ҳамда табиий ресурсларни бошқаришни такомиллаштиришга кўмаклашиш.

Шунингдек, филиал АҚШнинг халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиёда хавфсиз миграция” (SMICA, 2019−2024) лойиҳасини амалга оширишга кўмаклашади. Ўзбекистонда одам савдосининг олдини олиш, жабрланувчиларни ҳимоя қилиш, хавфсиз миграцияга кўмаклашишга қаратилган ушбу лойиҳа бюджети 2,34 млн. долларни ташкил этади.


Фаол фуқаролар Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссия таркибига киритилди

photo_2021-01-20_12-25-33

Бир неча мустақил фаол фуқаролар Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари буйича вакили (омбудсман) ҳузуридаги Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссияси таркибига киритилди. Бу ҳақда Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистондаги бош техник масалаҳатчиси Йонас Аструп ўзининг Twitter ида маълум қилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисидаги Қонунга мувофиқ, Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссияси омбудсманга давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши юзасидан парламент назоратини таъминлаш бўйича ваколатларини амалга оширишда кўмаклашади.

Комиссиянинг янгиланган таркиби ўз ичига 27 кишини олади. Улар орасида Болалар омбудсмани Алия Юнусова, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси ўринбосари – ижрочи директори Асқар Маматхонов, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Ходжаева ва бошқалар бор.

Фаол фуқаролар орасида Комиссия аъзолигига “Эзгулик” Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов, Гуманитар-ҳуқуқий марказ директори Шуҳрат Ғаниев ва Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази директори Диловар Қобулова қабул қилинди.


2021 йил Давлат дастури лойиҳаси учта онлайн платформада муҳокама қилинди

image_2021-02-01_10-57-16

2021 йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳасининг 18 январдан 28 январгача давом этган жамоатчилик муҳокамалари давомида 5 мингга яқин таклиф ва изоҳлар келиб тушди.

Ўтган йилдан фарқли равишда бу йилги Дастур лойиҳаси бирданига учта онлайн платформада эълон қилинди:

Бу эса муҳокамаларда иштирок этувчилар қамровини кенгайтиришга имкон берди. Масалан, 10 кун давомида фуқаролардан, шу жумладан хориждаги ватандошлардан 4 мингга яқин таклиф ва изоҳлар келиб тушди. Буларнинг бари Давлат дастурининг якуний талқинини ишлаб чиқишда  инобатга олинади.

Ушбу йилги лойиҳанинг яна бир фарқли жиҳати, унинг дастлабки лойиҳасини тайёрлашда  Олий Мажлис палаталари, барча вазирлик ва идоралар, хорижий ташкилотлар экспертлари,  жамоатчилик вакилларининг 3 мингдан ортиқ таклиф ва фикр-мулоҳазалари атрофлича муҳокама қилинди. Биргина “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати jamoatchilik.uz  платформаси орқали фуқаролар, хориждаги ватандошлар, нодавлат нотижорат ташкилотларидан 2 мингдан зиёд таклиф ва тавсиялар қабул қилди. Уларнинг бари умумлаштирилиб Президент Администрациясига юборилди.

Давлат дастури лойиҳасига келгусида эркин фуқаролик жамиятини ривожлантиришда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларини янада қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар киритилган. Хусусан, қуйидагилар кўзда тутилган:

  • ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятини жойларда долзарб муаммоларни ҳал этишга йўналтириш;
  • Ижтимоий буюртма асосида ННТларни жойларда мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни чуқур таҳлил қилиш, ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларнинг ижросида жамоатчилик назоратини таъминлашга жалб қилиш;
  • Давлат грантлари ва ижтимоий буюртмалар учун бюджетдан 60 млрд сўм ажратиш;
  • Қонунчилик палатасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг доимий вакили институтини жорий қилиш;
  • Тергов ҳибсхоналари ва жазони ижро этиш муассасаларига жамоатчилик вакиллари иштирокида ҳар чоракда мониторинг тизимини ташкил этиш;
  • Барча давлат харидлари устидан жамоат ва парламент назорати;
  • Ташқи қарз маблағлари ҳисобидан минтақаларда лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида жамоатчиликка ҳисобот бериш тизимини яратиш;
  • Қабул қилинган ҳужжатлар ижроси юзасидан жамоатчилик эшитуви ва жамоатчилик назорати тизимини жорий этиш;
  • Хотин-қизлар жамоатчилик кенгашларини шакллантириш.

2021 йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури тасдиқланди.

Давлат дастурида 274 банд бўлиб, унда режалаштирилаётган тадбирларни молиялаштиришга 29,5 трлн сўм, 2,6 млрд доллар ва 57,5 млн евро миқдоридаги маблағлар кўзда тутилмоқда (2020 йилда 18,2 трлн сўм ва 10,3 млрд АҚШ доллари бўлган).

2021 йилда “Юксалиш” УМҲ Давлат дастурлари ижросини барча учун онлайн кузатиб бориш имконини берувчи очиқ электрон платформани ишга туширишни, Давлат дастури ижроси юзасидан вазирлик ва идоралар, ННТлар вакилларини таклиф қилган ҳолда соҳалар кесимида ҳар ойда очиқ жамоатчилик эшитувлари ва брифинглар ўтказиб боришни режалаштирган. Шунингдек, ҳар чоракда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан  ўзбек ва хорижий тилларда ахборот бюллетенларини чоп этиб борилади.


Маҳалла раиси – Президентнинг қуйи бўғиндаги устуни

a18f62020e4964250c284c4fa7e006590818

Ўзбекистонда маҳалла идорасининг ваколатини кенгайтириш, раис ва ходимларнинг моддий таъминотини яхшилаш режалаштирилмоқда. Маҳаллий бошқарув органлари раҳбарларини яхши бошқарувчига айлантириш кўзда тутилмоқда.  

Маҳалла раиси – Президентнинг қуйи бўғиндаги устуни”, – деди Шавкат Мирзиёев 15 январь куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги “Янгибоғ” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлган чоғида.

Давлат раҳбари хонадонларга хизмат кўрсатиш, ички йўлларни таъмирлаш ва маиший хизматларни кўпайтириш бўйича бошқарув компаниялари ташкил этиш топшириғини берди. 

Маҳалланинг иқтисодиётини ўзгартирсак, жамиятимиз ўзгаради. Бунинг учун ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастуридан самарали фойдаланиш керак”, — қўшимча қилди Президент.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев 25 январь куни Бухоро вилоятига ташрифи давомида Ўзбекистонда маҳалла раислари мономарказларда ўқитилишини, улар нафақат маиший масалаларни ҳал қилувчи, балки фуқароларни иш билан банд қилишга, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилашга қодир самарали менеджер ва тармоқ бошқарувчисига айланишини таъкидлади.


Президент сайти — янги форматда

111

Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти – president.uz янгиланди. 1 январдан сайт тест режимида ишламоқда. Сўнгги марта 2017 йил янгиланган эди.

Президент сайтининг дизайни бутунлай ўзгарди, контенти бойитилди ва қўшимча қулайликлар яратилди.

Сайтнинг янги версиясида Президент Администрацияси бўлими очилган. Бўлим Президент Администрациясининг Ижро этувчи аппарати раҳбарлари, маслаҳатчилар, департамент раҳбарлари тўғрисидаги маълумотлар билан тўлдирилган.

Сайтнинг интерфаоллигини ошириш мақсадида янги функциялар жорий этилган. Масалан, давлат раҳбарининг Facebook ва Twitter ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига виджетлар ўрнатилган. Яъни ушбу саҳифаларни Facebook ва Twitter’га ўтмасдан туриб, сайтнинг ўзида кўриш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонаси порталига ўтиш, Халқ қабулхоналарининг алоқа маълумотларини излаш каби қулайликлар бор. Ҳужжатлар бўлимида янги Инфографика саҳифаси ҳам ташкил этилган.


Танзила Нарбаева: “Маҳаллий кенгаш бюджет ижросига рухсат берувчи орган бўлиши керак

ZVhg5Q16099495371733_l

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева 6 январь куни бўлиб ўтган Юқори палатанинг ўн биринчи ялпи мажлисида халқ депутатлари кенгашлари маҳаллий бюджет харажатларини назорат қилишга масъулият билан қарашлари кераклигини қайд этди.

Сенат Раиси таъкидлашича, маҳаллий кенгашлар сарфлаб бўлинган бюджет маблағлари сарфланганини тасдиқлаб берувчи эмас, бюджетни ижрога йўналтиришга рухсат берувчи органга айланиши керак.

“Бу замон талаби. Ўтган йили, кечирасиз-у, ҳокимлар сарфлаб бўлинган бюджетни тасдиқлатиш учун кенгашга киритди. Бу нотўғри. Маҳаллий кенгашлар бунга йўл қўймасликлари керак. Улар бюджет ижросига рухсат беришлари керак”, — деди Нарбаева.

2021 йилдан, шунингдек, туман ва шаҳар ҳокимларининг 1 февралга қадар ҳудудида камбағалликни қисқартириш бўйича мақсадли дастур ишлаб чиқиш, маҳаллий кенгашларнинг эса ушбу дастурларни амалга ошириш тўғрисида муҳокама ўтказиш ва ҳар чорак ҳисоботларни тинглаш тартиби жорий этилмоқда.


Ўзбекистонда 170 дан ортиқ маданият объекти хусусий бошқарувга ўтказилади

x8RfND15326058093888_l_2

Ҳукуматнинг жорий йил 20 январдаги қарори билан давлат-хусусий шериклик асосида бериладиган 172 та давлат мулки объектининг рўйхати тасдиқланди.

Маданият марказлари, истироҳат боғлари ва бошқаларни ўз ичига олган объектлар ўз фаолият турларини сақлаб қолиш шарти билан ўтказилади. Ташаббускорларга маданият ва санъат соҳасига яқин бўлган:

  • хизмат кўрсатиш;
  • кичик ишлаб чиқариш;
  • савдо фаолияти турлари билан шуғулланишга рухсат этилади.

Маданият вазирлиги ва “Ўзбеккино” Миллий агентлиги билан келишмасдан уларнинг тизимидаги кинотеатрлар, маданият марказлари, маданият ва истироҳат боғлари, театрлар, болалар мусиқа ва санъат мактабларининг кўчмас мулкларини хусусийлаштириш ва ер майдонларини маҳаллий ҳокимликлар захирасига олишга рухсат берилмайди.


Ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги индекси жорий этилади

15305355405b3a1e743a9ff5

Президентнинг тегишли қарори билан ҳудудларнинг ҳуқуқ устуворлиги индекси жорий этилмоқда. Улар статистик кўрсаткичлар ва ўтказиладиган ижтимоий сўровлар натижалари асосида аниқланади:

  • қонун ҳужжатларига риоя қилиниши;
  • фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланиши;
  • одил судлов ва суд қарорларининг ижро этилиши;
  • ҳуқуқ-тартибот ўрнатилганлиги ва хавфсизликнинг таъминланганлиги;
  • маҳаллий ижро органлари фаолиятининг самарали назорат қилиниши;
  • коррупцияга қарши курашишнинг самарадорлиги;
  • ҳокимият институтларининг шаффофлиги.

Индексни аниқлаш “Нuquq ustuvorligi” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Индекс 182 та мезон бўйича тузилади, улардан 111 таси – статистик маълумотларга ҳамда 71 таси – ижтимоий сўровлар натижаларига асосланади. Статистик кўрсаткичлар тизимга нуфузли ташкилотлар (Олий суд, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, ИИВ ва бошқа) томонидан киритилади. Сўров аҳоли ва мутахассислар ўртасида ўтказилади (судьялар, тадбиркорлар, журналистлар, адвокатлар и бошқалар).

Индекс ҳар йили 1 майга қадар шакллантирилади. Сўнг Адлия вазирлиги индекс натижаларини Президент Администрацияси, парламент ва Халқаро рейтинглар билан ишлаш бўйича республика кенгашига киритиши лозим.


Коррупция ҳақида хабар берганлар рағбатлантирилади

0b39aac257fc0203a30aad59de5ccfb8

Ҳукумат қарори билан Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди.

Низомга кўра, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган шахслар қуйидаги асослардан бири мавжуд бўлганда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади:

  • ўзларига нисбатан пора талаб қилган шахс ёки ўзларига маълум бўлган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида коррупцияга қарши курашувчи органлар (Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти)га берган хабари асосида бундай ҳуқуқбузарлик фош этилса;
  • коррупцияга оид жиноятни содир этганлиги учун қидирувда бўлган шахс тўғрисида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга берилган хабар асосида қидирувдаги шахс ушланиши (ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари бундан мустасно).

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахслар тегишлича базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 25 бараваригача (669 минг сўмдан 5 млн 575 минг сўмгача, тахминан 60 доллардан 530 долларгача) миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилиши мумкин.

Агар пора суммаси ёки етказилган зарар қиймати 100 БҲМ (2021 йил 1 февралдан 245 минг сўм)дан кўп бўлса, пул мукофоти пора суммаси ёки зарар миқдоридан фоизларда белгиланади ҳамда ортиб бориш даражасига қараб – жуда кўп миқдорда бўлганда 15%дан 10%гача камайтирилади


2020 йилда 14,7 минг нафар аёлларга ҳимоя ордерлари берилди

D2AAEB5E-EFEF-4B2E-A1DF-08CA093AC2CF_w1200_s_2

Ўзбекистонда 2020 йилда тазйиқ ва зўравонликка учраган 14 минг 744 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилди.

Оредерларнинг энг кўпи Тошкент шаҳри, Самарқанд, Тошкент, Фарғона, Қашқадарё, Андижон вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида берилган.

Ҳимоя ордери олган аёлларнинг 11 мингга яқини эридан ҳимояланган. 6 минг 836 ҳолатда аёллар жисмоний зўравонликка, 6 минг 281 ҳолатда руҳий босимга учраган, 1 минг 480 ҳолатда эса тазйиқ остида қолган. Ордерларнинг 121 таси иқтисодий, 56 таси жинсий зўравонлик қурбонларига берилган.

Ҳимояга муҳтож бўлганларнинг асосий қисмини 30 ёшдан ошган аёллар ташкил этган. Ҳимоя ордери берилганлар орасида 125 нафар вояга етмаган шахс ҳам бор.

Хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг 73 %и уларнинг оилаларида, қолгани жамоат жойида, ишхона ва таълим муассасаларида содир этилган.

Тазйиқ ўтказган ёки зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган 146 нафар шахс ҳимоя ордери талабларини бажармагани учун маъмурий жавобгарликка тортилган.

Ҳимоя ордери берилган 8 минг 166 оилада эр ва хотин яраштирилган, 5 минг 46 оиладаги низолар бартараф этилган. Ўз жонига қасд қилишга мойил бўлган 302 нафар хотин-қиз зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказларига жойлаштирилган.

Долзарб    мавзулар

Президент сайловлари октябрь ойида ўтказилиши мумкин

photo_2020_107_23_22_13_59_Recovered_Recovered_3_

Қонунчилик палатаси депутатлари президент сайловларини декабрдан октябрга кўчиришни таклиф қилувчи қонун ҳужжатларига, шу жумладан Конституцияга ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Ҳужжат Сенатга юборилди.

Қонун ташаббускорларининг фикрига кўра, ўзгартишлар "сайловлардан сўнг юқори давлат органларини ўз вақтида шакллантириш ва муҳим сиёсий қарорларни қабул қилиш", хусусан Давлат дастурлари учун асос бўлиб хизмат қилади.


Ислоҳотларга халқаро ҳамжамият баҳоси

tvit

АҚШнинг халқаро диний эркинлик соҳасида алоҳида топшириқлар бўйича элчиси Самуэль Браунбэк Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистонда диний эркинликни яхшилашдаги саъй-ҳаракатларини олқишлаб, бу борадаги ишлар давом этишига умид билдирди.


"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати Бутунжаҳон нодавлат ташкилотлари ассоциацияси (WANGO)нинг доимий аъзоси бўлди

XD8357

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати Бутунжаҳон нодавлат ташкилотлари ассоциацияси (World Association of Nongovernmental Organizations — WANGO)нинг доимий аъзоси мақомини олди.

WANGO бу — тинчлик ва глобал фаровонлик йўлида бутун дунё нодавлат ташкилотларини бирлаштирувчи халқаро ташкилотдир. Ассоциация ташкилот аъзолари — ННТларнинг ўзаро мулоқот ва  ҳамкорлик қилишлари, тажрибаларини ўртоқлашишлари, илҳомлантиришлари ва инсониятнинг глобал муаммоларини ҳал қилишга ўз ҳиссаларини қўшишларида кўмак беради ва унинг механизмларини илгари суради. 

Ассоциация 2000 йилда инсоният фаровонлиги, адолат ва умумбашарий тинчлик ғояларига содиқ бир нечта халқаро ННТлар билан қисқа вақт ичида етакчиликни қўлга олди.


Ўзбекистон ҳудудларида ННТлар учун 5 та коворкинг-майдонлар иш бошлайди

"Инновация учун ҳамкорлик” дастури доирасида жамоат ташкилотлари томонидан замонавий ресурс марказлари — ННТлар учун коворкинг-майдонлари моделини яратиш ва ривожлантириш бўйича билдирилган ташаббуслари қўллаб-қувватланди. 

Фуқаролик фаолларининг салоҳиятини ошириш учун зарур техникалар билан таъминланган иш жойи ва майдон эндиликда бешта пилот ННТ негизида ташкил этилади:

  • “Nihol” ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш маркази (Тошкент вилояти);
  • “Ҳамдард” аҳолининг заиф қатламларини ижтимоий, тиббий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази (Хоразм вилояти);
  • “Эзгу ният” ННТ (Фарғона вилояти);
  • “Тўмарис” аёллар ва ёшлар маркази (Навоий вилояти);
  • “Тараққиёт” аҳолини қўллаб-қувватлаш ва юксалтириш маркази (Фарғона вилояти).
Батафсил

Янги тайинловлар

unnamed_1

Феруза Эшматова янги Омбудсман этиб сайланди

Олий Мажлис депутатлари 15 январь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) этиб Феруза Фарҳодовна Эшматовани сайлади. Номзодни 5 февраль куни Сенат тасдиқлади.

Феруза Эшматова (1979 йилда туғилган, мутахассислиги бўйича ҳуқуқшунос) бунга қадар Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси вазифасида фаолият юритган.

Маълумот учун: Омбудсман 5 йил муддатга сайланади. Вакил лавозимига номзод Президент томонидан киритилади. 25 йил ичида Омбудсманнинг ҳузуридаги комиссия таркибига жамоатчилик вакиллари киритилди.


Ўзбекистон ва рейтинглар

Халқаро рейтинглардаги ўзгаришлар динамикаси 

1111111

Ўзбекистоннинг қатор халқаро рейтинг ва индекслардаги ижобий ўсиш суръати мамлакатимиздаги кенг кўламли ислоҳотлардан дарак беради.

Жумладан, 2020 йилда Очиқ маълумотлар рейтингида Ўзбекистон бирданига 125 поғонага кўтарилди. Иқтисодий эркинлик индексидаги ўрни сезиларли равишда яхшиланди (52 поғона юқорилади). Киберхавфсизлик глобал индексида ҳам 41 поғонага кўтарилди.

Эътиборлиси, ўтган йили Ўзбекистон Глобал инновациялар индекси ва Рақобатбардош саноат унумдорлиги индексига илк бор киритилди.

Инфографикани кўриш

Ўзбекистон Коррупцияни қабул қилиш индексида 7 поғонага кўтарилди

photo_2021-01-28_10-24-20

Transparency International коррупцияга қарши курашиш халқаро нодавлат ташкилоти Коррупцияни қабул қилиш индекси (Corruption Perception Index)нинг 2020 йил рейтингини эълон қилди.

Рейтингга мувофиқ, Ўзбекистон 26 балл тўплаб, 180 та давлат орасида 146-ўринни эгаллади. Бу билан ўз ўрнини 7 поғонага яхшилади. Мамлакат аввалгидек Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасида ортда қолаётганлар сафида.


Бошқа янгиликлар

Ўзбекистондаги кўзи ожиз болаларнинг ўқитувчилари 12 йиллик таълимни сақлаб қолишни сўрамоқда

Президентнинг 2020 йил 13 октябрдаги қарорига асосан, 2021/2022-ўқув йилидан бошлаб ихтисослаштирилган таълим муассасаларида мажбурий умумий ўрта таълим 12 йилдан 11 йилга қисқартирилади. Ижтимоий тармоқларда кўзи ожиз ўқувчиларга дарс берувчи ўқитувчиларнинг ушбу масала юзасидан мурожаати пайдо бўлди.

77-сонли кўзи ожиз болалар махсус мактаб интернати ўқитувчиси Оқмурод Отамуродовнинг сўзларига кўра, таълим муддати бир йилга қисқартирилиши – кўзи ожиз ўқувчиларнинг давлат таълим стандартини тўлиқ ўзлаштиришига имкон бермайди. Унинг айтишича, ушбу қарор орқали имконияти чекланган болаларнинг барчаси бир турга олинган, яъни классификация қилинмаган. Ваҳоланки, ногиронлар турлича бўлади: таянч ҳаракат аъзоларидаги нуқсонлар, эшитиш, кўриш ва ҳоказо.

Айрим турдаги ногиронларнинг ўқиш учун қобилияти етмаслиги мумкин. Лекин кўзи ожиз болалар ақлан соғлом бўлади, фақат кўрмайди холос. Умумтаълим мактабларида математика дарслиги битта китоб бўлса, кўзи ожизлар учун битта дарслик 10 та китобдан иборат бўлади. Уларда бир саҳифага сиғган нарса, бизда 3-5 бетга тўғри келади. Кўзи ожиз боланинг ёзиши соғломларга нисбатан 3-4 баравар, ўқиши эса 2-3 баравар секин бўлади. Ўқувчиларимиз 12 йил ўқиб кўпгина ютуқларга эришишган. 12-синф очилганидан кейин ўқувчиларимиз ҳаттоки республика олимпиадаларида ҳам ғолиб бўлишган”, — дейди Отамуродов.


Тошкент метросининг янги йўналиши ногиронлиги бўлган шахслар учун ноқулай

photo_2020_107_23_22_13_59_Recovered_Recovered_3__1

Журналист Дана Опарина Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси аъзоси Фарҳод Абдураҳмонов билан биргаликда Тошкент инфратузилмаси, айнан пойтахтнинг Сергели туманидаги янги метро линиясига кириш имкониятларини мониторинг қилди.

Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, янги линия шаҳар муҳитига яхши интеграция қилинмаган. Хусусан, барча бекатлардаги ўтиш жойлари ногиронлиги бўлган шахслар учун пандуслар ва бошқа жиҳозлар билан таъминланмаган. Масалан, “Олмазор” бекатидан янги йўналишга ўтиш ногиронлик аравачасидаги одам учун имконсиз, “Чилонзор” линиясида эса пандуслар мавжуд эмас.

Метро бекати яқинидаги автотураргоҳда имконияти чекланган шахсларнинг транспорт воситалари учун махсус жой йўқ. Станцияни пандуслар ва лифт белгиси билан кутиб олишади. Бунда лифтнинг ўзи узоқлик қилади, лифтгача бўлган йўлак тактил йўл билан жиҳозланмаган. Шуниси эътиборлики, лифт тугмачаларида сенсорли белгилар бор. Мавжуд муҳит пухта ўйланмаган.

Шундан сўнг, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ вакиллари жамоатчилик мониторинги иштирокчиларига чиқишди ва Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси билан бирга мавжуд камчиликларни бартараф этиш таклифини билдиришди.

Фарҳод Абдураҳмоновнинг таъкидлашича, ҳозирда Сергели метро линиясида Ассоциациянинг 12 та асосий талабларидан 9 таси ҳисобга олинган. Ҳамда у имконияти чекланганлар учун қўшимча шароитлар яратиш бўйича ҳам аниқ таклифлар билдирди. Хусусан, ушбу тоифадаги одамлар учун станция ходимларини чақириш учун чақирув тугмачаларини ўрнатиш, ногиронлар учун махсус тўхташ жойларини белгилаш, метро станциялари ёнидан ўтувчи автомобил йўлларидан ўтиш мақсадида махсус тугмачали светофор, пиёдалар ўтиш жойи ва ҳоказоларни ўрнатиш имкониятларини кўриб чиқиш таклифлари билдирилди.

Томонлар пойтахт метрополитенида жисмоний имконияти чекланган ва ҳар бир йўловчи учун хизмат кўрсатиш сифатини оширишда ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олишди.


Ўзбекистонда нечта “ННТ уйлари” бор?

photo_2021-01-19_09-33-01

2019 йил 1 январга қадар Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари”ни ташкил этиш вазифаси қўйилганди. Бу Президентнинг 2018 йил 4 майдаги Фармонида кўзда тутилган. Ушбу вазифа амалда қандай бажарилди?

2021 йил январь ойи ҳолатига кўра, “ННТ уйлари” республиканинг 4 та ҳудуди — Хоразм, Сирдарё, Навоий ва Жиззах вилоятларида фаолият юритмоқда. Яна 4 та  вилоят марказлари — Бухоро, Самарқанд, Қарши ва Фарғонада "ННТ уйлари" қуриб битказилди, яқин кунларда улар фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.

Тошкент шаҳри ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида "ННТ уйлари" учун бино ажратилган бўлиб, айни вақтда таъмирлаш ишлари давом эттирилмоқда. Андижон вилоятида эса жорий йилнинг биринчи чорагида фақатгина бино ажратиш режалаштирилган. Ажратилган маблағлар етарли бўлмагани ва бошқа сабаблар туфайли Наманган, Сурхондарё ва  Тошкент вилоятларида “ННТ уйлари” ҳалигача ташкил этилмаган.  

Инфографикани кўриш

Халқ таълимини ривожлантиришга ғоялар портали ишга туширилди

Screenshot_2021-02-03_001100

Халқ таълими вазирлиги томонидан www.idea.uzedu.uz ғоялар портали ишга туширилди. Ушбу веб-ресурс орқали халқ таълими соҳасини ривожлантиришга оид ғоя ва таклифларни тўғридан-тўғри вазирликка юбориш мумкин.

Порталда таълим сифатини яхшилаш, ўқитувчилар мақомини ошириш, ўқитувчилар малакасини ошириш, давлат-хусусий шериклик, мактабдан ташқари таълимни ривожлантириш, инновация ва технологиялар, замонавий мактаб, мактабларнинг инфратузилмасини такомиллаштириш, инклюзив таълим ва бошқа йўналишларда ғояларни юбориш мумкин.

Тақдим этилган ғоя ва таклифларни кўриб чиқиш тартиби алоҳида Низом билан тасдиқланади ҳамда белгиланган тартибда эълон қилинади. Энг яхши ғоя ва таклифлар ҳамда уларни ҳаётга татбиқ этган муаллифни аниқлаш мақсадида махсус кўрик-танлов ташкил этилади.


Ўзбекистон Тожикистонда COVID-19 беморлари учун тақсимлаш марказини қуради

f1d21b01975a49d675519e0a073e55a80105

Тожикистоннинг Хатлон вилояти Кубодиён туманида COVID-19 беморларини тақсимлаш маркази очилади. Тақсимлаш маркази Ўзбекистон қураётган тиббиёт маркази негизида барпо этилади. Уни жиҳозлаш “Ўзбекнефтгаз” АЖ молиялаштириши ҳисобига амалга оширилади.

Бу ерга ўрнатиладиган ускуналар қисқа муддат ичида инсонда коронавирус инфекциясини аниқлаш, сўнги тезкорлик билан ҳудудий ва марказий шифохоналарга йўналтириш имконини беради.

Замонавий тиббиёт марказининг қурилиши  2018 йилнинг иккинчи ярмида бошланган. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил март ойида Тожикистонга ташрифи давомида келишилган. Марказ 2021 йилнинг баҳорида фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. Томонларнинг келишуви доирасида 2020 йилнинг сентябрь ойида Сўғд туманида 630 ўринли мактаб ҳам Ўзбекистон ҳисобидан қуриб берилди.


Ўзбекистон ННТлари муваффақият тарихи

Ампутантлар – футбол бўйича беш карра жаҳон чемпионлари

photo_2020-12-02_10-14-56

"Матонат футбол" ногирон-ампутантлар футболини ривожлантириш маркази бу – ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида футболни қўллаб-қувватловчи ва тарғиб қилувчи нодавлат нотижорат ташкилоти.

— Марказ жамоаси ампутантлар ўртасида футбол бўйича беш карра жаҳон чемпиони, 30 дан ортиқ халқаро мусобақалар ғолибидир, — дейди ННТ раиси Рустам Меҳмонов. — Бизнинг футбол жамоамиз ташкил топганига 30 йилдан ошди. Кундан кунга йигитлар ўзларининг имкониятлари чексизлигини исботлаб келмоқда, жисмоний хусусиятлар тўлақонли ҳаётга, шу жумладан спорт билан шуғулланишга, иш, оилага тўсиқ бўла олмайди.

Марказ нодавлат ташкилот сифатида ўтган йилнинг январь ойида Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтган. Марказ ташаббускорлари Катта футбол академиясига ўхшаш инфратузилмани яратишни мақсад қилишган, бу ерда ёшларни — ногиронлиги ёки туғма оёқ патологияси бўлган ўғил-қизларни тўплаш мумкин. Академия қошида ишлаб чиқариш қувватини ошириш, бунда ампутантларнинг ўйин кўникмаларини ривожлантириш кўзда тутилган.

— Йигитлар севимли машғулотлари билан шуғулланишлари, барқарор даромад олишлари ва бўш вақтларини футболга бағишлашлари мумкин, — дея таъкидлайди Рустам Раҳматович. — Шунингдек, биз кўпроқ қизларни жалб қилмоқчимиз. Нега? Чунки Ўзбекистон собиқ Иттифоқ давлатлари орасида ногирон-ампутантлар футболининг ватани ҳисобланади. Нега қиз болалар ҳам биринчиликларни қўлга киритмаслиги керак? Бугунги кунда дунёда бундай аёллар жамоалари атиги бешта.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида ушбу Марказ Ўзбекистонда илк маротаба ампутантлар ўртасида Фахрий футболчилар хотирасига бағишланган мусобақа ташкил этди. Мусобақага Фарғона шаҳри мезбонлик қилди. Шунингдек, Марказ республикада ҳар йили футбол чемпионати ва Ўзбекистон кубоги, халқаро турнирларни ўтказишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, жамоа кейинги 2022 йилга мўлжалланган Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда. Футболчилар ғайратли ва сайёрадаги энг кучлилар номини тасдиқлашга тайёр.


Синовлар меҳр-мурувват учун тўсиқ бўлолмас

photo_2020-09-16_22-55-42

"Меҳр-мурувват" ННТ фаоллари шундай фикрда. Улар осон ўтмаган 2020 йилда Қўқон ва унга яқин туманларда яшовчи аҳолига манзилли кўмак кўрсатишга ҳаракат қилишди.

Бугун ННТлар одамларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари билан шуғулланмоқда, чунки улар жойлардаги ҳақиқий ҳолатдан яхши хабардор, бу эса уларга мақсадли ҳаракат қилишларига имкон беради. Бу, айниқса, инқирозли ва синовли кунларда долзарблик касб этди.

2020 йил Ўзбекистон учун синов йилига айланди: табиий офатлар, техноген фалокатлар ва COVID-19 пандемияси. Бироқ қийинчиликлар халқимизни синдирмади, аксинча, уларга қадриятларни қайта баҳолаш, ҳаётий мақсадларни ўзгартириш учун сарҳисоб қилиш фурсатини берди. Бундай пайтда фуқаролик жамияти институтлари, ташаббускор гуруҳлар, бефарқ бўлмаган инсонларнинг ҳиссаси ҳам катта бўлди, улар давлат идоралари билан бир қаторда аҳолини хабардор қилиш, муҳтожларга ёрдам кўрсатишда фаол иштирок этди, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзди. Улар орасида Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги "Меҳр-мурувват" нодавлат нотижорат ташкилоти ҳам бор.

Ўтган йилнинг март ойида ННТ пандемия даврида муҳтож ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам бериш учун пул йиғиш учун "Елкадан елкага" акциясини эълон қилди. Бир ой ўтгач, тўпланган маблағларга озиқ-овқат тўпламлари, антисептик ва гигиена воситаларини сотиб олиб, Қўқон, Данғара, Бешариқ, Фурқат, Учкўприк, Бағдод ва Бувайда туманларидаги 3 минг оилага етказиб берилди. Улар орасида қариялар, ногиронлар, “1197” қисқа рақами орқали ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқаролар ҳам бор. Бундан ташқари, 63 оилага қарийб 58 млн сўмлик манзилли моддий ёрдам кўрсатилди.

— COVID-19 ва пневмония беморларининг ҳаёти ва соғлиғини сақлаб қолиш учун Хитойдан 250 млн сўмлик 50 та кислород контцентратори ҳомийлар ва хайрия ташкилотлари маблағларига харид қилинди ва Қўқонга етказиб берилди, — дейди "Меҳр-мурувват" ННТ раҳбари Рустамжон Ҳусанов. — Биз унинг бир қисмини шаҳар тиббиёт муассасаларига, бир қисмини бепул фойдаланишга муҳтож фуқароларга бердик. Ҳамма учун қийин бўлган пайтда биз одамларни қўллаб-қувватлаганимиздан хурсандмиз.

Июнь ойида карантин қоидаларига амал қилган ҳолда, 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида болалар учун мавзули маданий-маърифий туркум тадбирлар ўтказилди. Кўп қаватли уйларнинг ҳовлисида фаоллар ва кўнгиллилар болалар билан ўйнашди, ижодий ва мусиқий чиқишларни намойиш этишди. Болаларга совға сифатида устки кийим ва ширинликлар берилди.

"Меҳр-мурувват" ННТ “Сардоба” сув омборидаги техноген фалокатда жабрланганларга ҳам фаол ёрдам кўрсатди. Ташкилот фаоллари "Қўқон аҳли сиз билан, сирдарёликлар" шиори остида шаҳар аҳолисини гуманитар ёрдамга чақиришди.

— Бизнинг ушбу чақириғимизга минглаб инсонлар бефарқ бўлмади", — дейди Рустамжон Хусанов. — Натижада 5 майдан 20 майгача Сирдарё вилоятига бир нечта юк машиналарида гуманитар ёрдам етказилди: болалар ва катталар учун устки кийим-кечаклар, мебеллар, ошхона анжомлари ва маиший техникалар, болалар аравачалари, ўйинчоқлар ва ўқув қуроллари, озиқ-овқат, тиббиёт буюмлари ва бошқа зарурий буюмлар... Буларнинг миқдори 1 млрд 300 млн сўмдан ошди.

Умуман, "Меҳр-мурувват" ННТ ўз номига мос равишда хайрли ишлар ташаббускори. Ташкилот аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахслар, аёллар ва болалар, қариялар, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлайди. Бунда уларга ҳамкорлар, хайрихоҳлар, ҳомийлар ва ғамхўр одамлар ёрдам беришмоқда.


"Инновация ва ҳамкорлик орқали фуқаролик жамияти ва маҳаллий ҳокимият органлари ўртасида шаффоф ва инклюзив бошқарув" лойиҳаси рақамларда

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда Ўзбекистонда Техник ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги (ACTED, Франция) Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида “Инновация ва ҳамкорлик орқали фуқаролик жамияти ва маҳаллий ҳокимият органлари ўртасида шаффоф ва инклюзив бошқарув” лойиҳасини амалга оширмоқда.

Ўтган 12 ой давомида амалга оширилган лойиҳа натижалари даврийлиги қуйидаги инфографикада.

photo_2021-01-12_16-42-11

© Copyright 2021 • info@yumh.uz • Ўзбекистон Республикаси, Тошкент ш., Ш.  Рашидов кўчаси, 16-уй

You received this email as you are on the mailing list of the Nationwide Movement "Yuksalish" (Uzbekistan). 

If you are not willing to receive the newsletter, please Unsubscribe

Sent via

SendPulse