"Юксалиш" ҳаракатининг ахборотномаси, 2021 йил, март

USAID_uz_3
logo_uz
logo_uz_3
argo_logo-color-CMYK-safe-no_words_2

Ўзбекистонда демократия

 

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати ва Ижтимоий-иқтисодий ташаббуслар институтининг ойлик бюллетени

  Ахборотнома № 7                                                                                                  2021 йил 6 март 

Мазкур нашр Ўзбекистонда “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастури доирасида АҚШнинг халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) кўмагида тайёрланди. Ахборотлар мазмуни учун муаллифлар жавобгар, USAID ёки АҚШ ҳукумати нуқтаи назарини билдирмайди.

ННТни қайта рўйхатдан ўтказиш муддати қисқартирилади

Capture

“Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5012-сон, 03.03.2021 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2021 йил 1 мартдан:

  • нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан рўйхатдан ўтказувчи органни хабардор қилган (маълумот учун) ҳолда хорижий манбалардан олинадиган пул маблағлари ва мол-мулкнинг бир календарь йилидаги жами суммаси БҲМнинг 20 бараваридан 100 бараваригача оширилади;
  • нодавлат нотижорат ташкилотини қайта рўйхатдан ҳамда унинг рамзини давлат рўйхатидан ўтказиш муддати 1 ойдан 15 кунгача қисқартирилади;
  • ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, нуронийлар, хотин-қизлар, болалар жамоат бирлашмалари рамзларини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш учун давлат божи ундирилмайди;
  • нодавлат нотижорат ташкилотининг алоҳида бўлинмаси юридик шахс ҳисобланади, бунда алоҳида бўлинмаларни ҳисобга қўйиш тартиби бекор қилинади.

Маҳаллий ННТларни ривожлантиришга қаратилган дастур ва лойиҳаларни молиялаштириш учун Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига давлат субсидияси ажратилади.

2021–2022 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида жами 15 та коворкинг-марказлари ташкил этилади.

Қарорга кўра, фаолиятини вилоят, туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудида олиб борадиган ННТ ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳисобланиб, уларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун БҲМнинг 50 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларини сақлаш харажатларига ҳамда уларнинг асосий фаолият йўналишларини амалга ошириши учун 1,1 миллиард сўмдан кам бўлмаган маблағлар йўналтирилади.

Инфографикни кўриш

Шавкат Мирзиёев БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши сессиясида нутқ сўзлади

66939279-88cc-ec0d-77cb-4f39969594a2_lists_4179

22 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясида аъзо давлат сифатида биринчи марта иштирок этди.

Давлат раҳбари Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва Кенгаш доирасидаги фаолиятнинг устувор йўналишларини санаб ўтди. 

Биринчидан, Ўзбекистондаги ислоҳотларда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш келгусида ҳам энг муҳим ўринда бўлади.

Иккинчидан, гендер сиёсати масалалари борасида мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишлар қатъий давом эттирилади.

Учинчидан, алоҳида эҳтиёжга эга бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашга жиддий эътибор қаратилади. Хусусан, Ўзбекистон БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилади.

Тўртинчидан, аҳолининг ярмидан кўпини ташкил этадиган ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доимо эътибор марказида бўлиб келмоқда.

Жорий йилда БМТ шафелигида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясини ўтказиш, БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ўнинчи форумида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳасини тақдим этиш, шунингдек, Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачи институтини таъсис этиш масаласини киритиш режалаштирилган. 

Бешинчидан, халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича катта ишлар амалга оширилди. 2021 йилда Болалар Омбудсмани тўғрисидаги қонунни қабул қилиш кўзда тутилган.  

Олтинчидан, Ўзбекистон “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” декларациясининг 10 йиллигига бағишлаб Олий комиссар бошқармаси билан биргаликда глобал форум ўтказишни таклиф этади.  

Еттинчидан, Ўзбекистон БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш бўйича қатъий чоралар кўриш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлайди.  

Биргина 2020 йилнинг ўзида 50 минг киши Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди, бу йил яна 20 мингдан зиёд киши фуқароликка эга бўлади.

Президент, шунингдек, Осиё қитъасининг инсон ҳуқуқлари бўйича минтақавий механизмини мунтазам фаолият кўрсатадиган платформа – Самарқанд форуми негизида яратиш борасида кўмак беришга тайёрлигини маълум қилди.

Асосий вазифалар:

  • Фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш, Ўзбекистонда сўз эркинлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
  • Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари тўғрисида кодекслар ишлаб чиқиш;
  • Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни жорий этиш доирасида одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига бундан буён ҳам мутлақо йўл қўймаслик. Бундай жиноятлар қачон содир этилганидан қатъи назар, улар учун жазо муқаррардир. Ўзбекистон Қийноқларга қарши конвенциянинг Факультатив протоколини ратификация қилади. Мазкур масалалар юзасидан ҳамкорликда ишлаш мақсадида Қийноқлар масаласи бўйича махсус маърузачи мамлакатга таклиф этилади.

Президент Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқларига оид умумэътироф этилган принцип ва нормаларини қатъий ҳимоя қилиши ва фаол илгари суришини таъкидлади.


Ўзбекистон ҳудудларида ННТлар учун 5 та коворкинг-майдон ташкил этилди

300

Ўзбекистонда “Инновация учун ҳамкорлик” дастури доирасида жамоатчилик ташкилотларининг ННТлар учун коворкинг-майдон ташкил этиш ташаббуслари қўллаб-қувватланди.

 Зарур техникалар билан таъминланган, шинам иш муҳити ва фаол фуқароларнинг салоҳиятини ошириш учун майдон 5 та пилот ННТ қошида очилди:

"Nihol” ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш маркази (Тошкент вилояти);

  • “Ҳамдард” аҳолининг заиф қатламларини ижтимоий, тиббий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази (Хоразм вилояти);
  • “Эзгу ният” ННТ (Фарғона вилояти);
  • “Тўмарис” аёллар ва ёшлар маркази (Навоий вилояти);
  • “Тараққиёт” аҳолини қўллаб-қувватлаш ва юксалтириш маркази (Фарғона вилояти).
Батафсил

USAID Сирдарёдаги 12 та тиббиёт муассасасига тиббий асбоб- ускуналар тақдим этди

DSC_7711

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) 23 февраль куни Сирдарё вилоятидаги 12 та тиббиёт муассасасига сил ва ўпка касалликларига қарши курашишга кўмаклашиш учун тиббий асбоб-ускуналарни етказиб берди.

Электрон термометрлар, стетоскоплар, тонометрлар, отоскоплар ва бошқа шу каби тиббий ускуналари инсонпарварлик ёрдами сифатида  АҚШ ишлаб чиқарувчиси “Welch Allyn” томонидан USAIDнинг “Марказий Осиёда силга барҳам бериш” лойиҳаси доирасида ҳадя қилинди.

Ускуналар Сирдарё вилоятидаги сил касаллиги амбулаторияларига (Оқолтин, Боёвут, Гулистон, Ховаст, Мирзаобод, Сардоба, Сайхунобод ва Сирдарё) Гулистон, Ширин ва Янгиер шаҳарларидаги силга қарши диспансерлар ва касалхоналар ва Сирдарё вилоят сил ва ўпка касалликлари марказларига топширилди.


2020 йилда Омбудсманга 15 мингга яқин мурожаат келиб тушган

E7EVxN16143238784534_l

Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлисида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусованинг ҳисоботи эшитилди.

Қайд этилишича, 2020 йилда омбудсманга Ўзбекистон фуқаролари, хорижий давлатлар омбудсманлари ва фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан 14 975 та мурожаат келиб тушган. Омбудсман йил давомида 4 486 та мурожаатни кўриб чиқишни ўз назоратига олган, давлат ва жамоат ташкилотларига улар бўйича 4987 та сўров юборган. 274 та мурожаатга вазирлик ва идоралар ўз вақтида жавоб бермаган.

Ўтказилган мониторинглар натижасида қамоқда сақлаш жойларида бир қатор муаммолар аниқланган. Жумладан, баъзи жазони ижро этиш муассасаси ходимлари “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида"ги қонундан тўлиқ хабардор эмас. Муассасалардаги ишлаб чиқариш цехларида тиббий пунктлар ташкил этилмаган ҳамда цехлар, мустақил участкалар, устахоналар ва бошқа иншоотлар биринчи тиббий ёрдам аптечкалари билан тўлиқ таъминланмаган. Ишлаб чиқаришда меҳнатга жалб қилинган маҳкумлар махсус кийим-бош, пойабзал, бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан тўлиқ таъминланмаган.

2020 йилда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига жисмоний ва юридик шахслар, болалар ҳамда уларнинг қонуний вакиллари томонидан жами 85 та мурожаат келиб тушган. Шундан, 28 таси идора ва ташкилотлар томонидан қаноатлантирилган. “Меҳрибонлик” уйлари битирувчиларининг турар жой билан таъминланиши тўғрисидаги 12 та мурожаати маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан жавобсиз қолдирилган.

Боланинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда тиклаш мақсадида Болалар омбудсмани Алия Юнусова мурожаатлар юзасидан 8 маротаба ўзи ва вакили орқали суд процессларида иштирок этди. Шундан 5 та суд қарори бекор қилинган.

Пандемия оқибатида жуда кўплаб муассасалар ёпиқ ҳолатда иш фаолиятларини давом эттирди. Бу каби ёпиқ, шахслар ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган муассасаларда бола ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан Қашқадарё, Тошкент, Андижон, Жиззах, Сирдарё, Фарғона, Бухоро, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрида жойлашган муассасаларга 53 та мониторинг ташрифлари уюштирилди.

Мониторинг давомида аниқланган камчиликлар таҳлил қилиниб, давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарларига 3 та тақдимнома ва 47 та сўров юборилди ҳамда 12 та қонун лойиҳасига таклифлар берилди.


Ўзбекистонда Фаол фуқаролар фестивали ўтказилди

293

Фаол фуқаролар умуммиллий фестивали 8—12 февраль кунлари нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимлик органлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, жами 2 мингдан зиёд иштирокчилар қамраб олинди. Республиканинг 8 та йирик шаҳрида 20 дан ортиқ тадбирлар — экология, инклюзив бошқарув, жамоатчилик назорати, давлат ижтимоий буюртмаси, волонтёрлик фаолияти, жамоатчилик кенгашлари, ижтимоий ҳимоя ва инклюзив таълим соҳаларига доир  3 та конференция, 3 та давра суҳбати, 4 та жамоатчилик мулоқоти, 4 та тренинг, 6 та тақдимот ва бошқа тадбирлар ўтказилди.

Батафсил

“Ezgu Amal” фонди онкологик ёрдам кўрсатиш сифатини оширишни сўраб, Президентга мурожаат қилди

download

“Ezgu Amal” хайрия жамоат фонди Бутунжаҳон саратонга қарши курашиш куни (4 февраль)да Президент Шавкат Мирзиёевга тиббиётнинг болалар онкологияси ва гематология йўналишини ривожлантириш бўйича чоралар кўришни сўраб мурожаат қилди.

Фонд маълуомтларига кўра, ривожланган давлатларда саратонга чалинган беморларни соғлом ҳаётга қайтариш кўрсаткичлари 70−80% ни ташкил этади, Ўзбекистонда эса бу кўрсатгич 20−30%га тенг. Онкологик ва гематологик касалликларга чалинган аҳолига ёрдам кўрсатишни ислоҳ қилиш бўйича давлат дастури бандлари бажарилмаганлигича қолмоқда.

Тиббиёт тизими, хусусан болалар онкология ва гематология йуналиши даражасини тубдан яхшилаш ва саратон касаллигига чалинган болаларга тўғри даволаниш ва соғлом яшаш имконини бериш зарур. Чунки саратон касаллиги ҳукм эмас”, — дейилади мурожаатда.

Фонд болалар онкологияси ва гематология йўналишларида қатор муаммоларни қайд этиб, уларга ечимлар таклиф қилди. Масалан, болалар онкология ва гематология бўлимлари Онкология ва Гематология марказларида, катталар билан бир клиникада жойлашган. Бундай тизим фақат Тожикистон ва Туркманистонда давом этмоқда, МДҲнинг бошқа давлатлари ва ривожланган мамлакатларда ушбу икки йуналиш бирлашган ҳолатда Кўп тармоқли болалар марказларида ташкил этилган.

Кўп тармоқли болалар марказларининг қулайлиги шундаки, бемор болаларга зарур бўлган болалар мутахассислари (педиатр, кардиолог, жарроҳ, травматолог, нейрохирург) ҳамда болалар реанимация бўлимлари бир жойда жамланган. Бизнинг Гематология ва Онкология марказларимизда шу кунга қадар болалар реанимация бўлими мавжуд эмас”, — дейилади мурожаатда.

Фонд маълумотига кўра, Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларида тиббиёт тизими етарли даражада ривожланмагани боис, кўп саратон касалликлари ташхиси кечиктирилиб аниқланмоқда. Касалликнинг 3−4 даражасида қўйилган ташхис, беморларни соғлом ҳаётга қайтариш кўрсатгичини пасайтиради. Замонавий диагностика текширувлари хусусий клиникаларда пуллик ўтказилади, биологик материал эса чет элга жўнатилиб, тўғри ташхисга эришилади. 1та бемор тўлиқ замонавий текширувдан ўтиши учун 800−1000 АҚШ доллари сарф қилиши керак, дея таъкидлайди фонд. Бундан ташқари, натижалардаги хатони инкор қилиш мақсадида, ҳар бир бирламчи беморнинг таҳлили нейтрал 2та марказда кўрилади. Лекин Ўзбекистон қонунчилигида биоматериални транспортировка қилиш ман қилинган.

Фонд онкологик ва гематологик касалликлари бўлган болалар учун замонавий эрта диагностика ва даволаш усуллари, паллиатив ёрдам ҳамда юқори технологияли тиббий ёрдамни давлат бюджети ёки кредит маблағларининг жалб этилиши, ёки тиббий суғуртани тадбиқ этиш йўли билан амалга оширишни таклиф этмоқда.

Шунингдек биоматериални транспортировка қилиш учун қонунчилик базасини қайта кўриб чиқиш ва курьерлик хизматлари учун расмий рухсат керак”, — дейилади мурожаатда.

Бугунги кунда болалар онкология бўлимларида Халқаро стандартларга асосланган даво ўтказиш ва замонавий даволаш протоколларини қўллаш учун етарли шароит мавжуд эмас. Бунинг сабаби, етарли асбоб-ускуна, тиббий анжомлар, қиммат дори воситалари, қон ва қон маҳсулотлари ҳамда малакали кадрлар танқислигидир. Шунингдек, фонд кимё ва нур терапияси ёрдам бермаган беморларга донорлардан илик трансплантациясини қўллашни йўлга қўйишни ҳамда касалликлар ягона электрон тарихини яратишни таклиф этмоқда.

Бундан ташқари, фонд юқорида кўрсатилган таклифларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиш ва назоратга олиш мақсадида жамоатчилик ва ОАВ вакиллари, экспертлар ва бошқалардан иборат Эксперт гуруҳини ташкил этишни таклиф этди.

***

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 26 февраль куни хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида онкология соҳасидаги хавотирларини билдирди.

Мени онкология соҳасидаги муаммолар хавотирга солади. Яқинда янги қарор қабул қиламиз. Бу соҳада жуда кўп муаммолар йиғилиб қолган. Биз сўнгги 10-15 йилда соҳани ўз ҳолига ташлаб қўйдик”, — деди давлат раҳбари.

Президент йил охирига қадар қарийб 9 миллион аёлни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан, жумладан, саратон скринингидан ўтказиш, онкологик касалликларни профилактика қилиш мақсадида 323 минг нафар қизлар одам папилломаси вирусига қарши эмланиши бўйича топшириқлар берди.


Тошкентда Жамоатчилик кенгашларининг II-миллий форуми бўлиб ўтди

292

11 февраль куни Тошкент шаҳрида Фаол фуқаролар умуммиллий фестивали доирасида Жамоатчилик кенгашлари II-миллий форуми бўлиб ўтди. Жорий йилдаги чиқиш ва музокаралар “Жамоатчилик кенгашлари — халқ билан мулоқотнинг янги институционал босқичи” мавзусига бағишланди.

Форум илғор тажрибаларни таҳлил қилиш ва умумлаштириш, янги ташаббусларни муҳокама қилиш ва тажриба алмашиш учун платформа бўлиб, энг муҳими, жамоат кенгашларини янада ривожлантириш, уларнинг давлат идоралари билан ўзаро муносабатлари ва ҳамкорликдаги фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш бўйича таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқишга хизмат қилди.

Батафсил

Айрим ҳуқуқбузарликларни криминаллаштириш ёки декриминаллаштириш таклиф этилмоқда

photo_228133

Ўзбекистон Жиноят кодексининг янги таҳрири орқали қатор ҳуқуқбузарликларга жиноий жавобгарлик белгилаш, шунингдек, кодекснинг айрим моддаларини декриминаллаштириш режалаштирилган. Ҳужжат лойиҳаси Бош прокуратура томонидан бошқа идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилган ва муҳокама учун эълон қилинди. Муҳокамалар 9 мартга қадар давом этади.

Хусусан, қуйидаги ҳаракатлар учун жиноий жавобгарликни бекор қилиш таклиф этилмоқда:

  • рақобатчини обрўсизлантириш;
  • рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ва табиий монополиялар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш;
  • савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш;
  • сохта тадбиркорлик;
  • жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик;
  • диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш;
  • ҳарбий ёки муқобил хизматдан бўйин товлаш;
  • диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш.

Қуйидагилар учун жиноий жавобгарлик ўрнатилмоқда:

  • инсонда ноқонуний тажриба ўтказиш;
  • ғайриқонуний равишда психиатрия муассасасига жойлаштириш;
  • ўзбошимчалик билан жазолаш;
  • митинглар, йиғилишлар ёки намойишлар ташкил этиш, ўтказишга ёки уларда иштирок этишга ғайриқонуний қаршилик қилиш;
  • шантаж;
  • инсайдерлик маълумотлари бўйича ғайриқонуний ҳаракатларни амалга ошириш;
  • нодавлат тижорат ташкилоти ёки бошқа нодавлат ташкилоти мансабдор шахсининг мансаб сохтакорлиги;
  • ота ёки онанинг ўз чақалоғини сотиши;
  • журналистнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш.

Янги таҳрирдаги жиноят кодексида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтиради. Хусусан, давлат хизматчиларининг ноқонуний равишда бойиши ва номоддий имтиёзлар тўғрисидаги нормалар тўғрисида мақола пайдо бўлади.


Адлия вазири: ажримни минималлаштириш фуқароларнинг шахсий ҳаётига бўлган конституциявий ҳуқуқларини чекламаслиги керак

139e03f3-9072-478d-8d5d-6c52fc937d52

Давлат ажралишлар сонини камайтиришдан манфаатдор, аммо бу фуқароларнинг шахсий ҳаётига бўлган конституциявий ҳуқуқларини ҳеч қачон чекламаслиги керак. Бу ҳақда Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов матбуот анжуманида таъкидлаб ўтди.

“Ажралишларда албатта, маълум бир бюрократия бор. Давлат ажралишларни минималлаштиришдан манфаатдор, лекин бу фуқароларнинг шахсий ҳаётига бўлган конституциявий ҳуқуқларини ҳеч қачон чекламаслиги керак”, — дейди у.

Вазир келишув комиссиялари айнан кўплаб шикоятлар туфайли тугатилганини қайд этди:

“Бизда ушбу комиссиялар билан жуда кўп муаммолар бўлди. Улар энди фуқаролар ҳаётига аралашишмайди. Бироқ ажрашишни ўйлаб кўриш учун олти ой муҳлат берилиши керак. Баъзан муҳлат бериш шарт бўлмаган ҳолатлар ҳам бўлади. Масалан, хиёнат. Олти ойдан кейин ҳам бу ҳеч нимани ўзгартирмайди. Ёки соғлиқ билан боғлиқ қайсидир жиддий муаммолар, айтайлик, ОИТС. Агар эр-хотиннинг бири ушбу касалликка чалинган бўлса, олти ойдан кейин ҳам, бир йилдан кейин ҳам вазиятни ўнглаб бўлмайди. Бундай қонунчилик нормалари бошқа давлатларда ҳам мавжуд”.


БМТТД 100 та маҳаллага ноутбук ва роутерлар топширди

T0GlBL16139769261812_l

БМТТД, Япония ҳукуматининг молиявий кўмагида аҳолининг ҳимояга муҳтож гуруҳларини қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган рақамли инфратузилма ва хизматларни яратишда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига техник ёрдам кўрсатди.

Вазирликка 100 та ноутбук ва роутерлар тақдим этилди. Ушбу ускуналар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларига электрон ҳужжат айланиши тизимида ишлашга имкон беради ва шу билан фуқароларга давлат хизматларини кўрсатишни тезлаштиради.

Айни пайтда вазирликнинг техник имкониятларини кенгайтириш учун ягона маълумотлар базаси ишлаб чиқилмоқда. Натижада фуқароларни, шу жумладан,  зўравонликдан азият чеккан, ишсиз, мақбул иш топиш ва малакасини оширишга қийналаётган аёллар, эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш имкониятлари кенгаяди.

Тизим қарорларни қабул қилиш бўйича ўрнатилган механизм томонидан фойдаланиш учун маълумотларни тўплайди ва таҳлил қилади, ва шу орқали энг эҳтиёжмандларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун устуворлик тартибини аниқлашга кўмак беради.

Долзарб мавзулар

Ўзбекистонда Президент сайловлари октябрь ойига кўчирилди

photo_2020_107_23_22_13_59_Recovered_Recovered_3_

Конституцияга сайловлар санаси билан боғлиқ ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги, шунингдек, Сайлов кодексига ва сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритилди. Президент Шавкат Мирзиёев 8 февраль куни тегишли фармонни имзолади.

Қонун билан президент сайлови кунини кўчиришга оид Конституцияга киритилган ўзгартиш киритилди ва Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди (жорий йилда сайлов куни 24 октябрга тўғри келади).

Бундан ташқари, Сайлов кодексига ва “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритилди.


 Танзила Нарбаева: “Парламентга ҳеч қандай босим йўқ”

jqqulj16143269825424_b

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева “Америка овози” мухбирига берган интервьюсида ҳозирда Ўзбекистон парламенти батамом мустақил эканини маълум қилди.

Юқори палата раҳбари парламент Президентга президентга қарам, деган фикрга қўшилмайди.

Парламент Президентнинг айтганини қилади деган гап аввалги вақт учун тўғри келар эди, аввалги вақтдаги дунёқараш бу. Аввал ҳақиқатан ҳам парламент президент айтган масалаларни кўриб чиқар эди. Ҳаттоки қарор қабул қилишда ҳам келишилар эди. Лекин ҳозир бундай эмас. Биз энди кун тартибимизни ўзимиз шакллантирамиз. Биз, масалан, энергетика соҳасини ёки Сардоба фожиасини бемалол ўргандик. Жойига чиқиб муҳокама қилдик, мутасаддиларни чақириб сўроқ қилдик, топшириқлар бердик. Бу парламентнинг эркинлигидан эмасми?!” — дейди Нарбаева.

Шунингдек, Сенат раиси парламентга ҳеч қандай босим йўқлигини алоҳида таъкидлади: “Биз батамом мустақилмиз. Бизга ҳеч қандай босим ҳам йўқ, ҳеч ким бизга “айтганимни қил”, “у масалани кўр, бу масалани кўрма” демайди, бу гаплар аллақачон кун тартибидан чиқиб кетган”.

Нарбаевага кўра, Сенат Президент администрацияси аввал кўрган ёки Қонунчилик палатасида 150 нафар депутат тасдиқлаган, аммо инсон ҳуқуқлари бўйича стандартларга жавоб бермайдиган, Ўзбекистон рейтингига таъсир қиладиган, қандайдир идоралар манфаатларини ифода этадиган қонунни қайтариб юбориши мумкин. Масалан, 2020 йилда Сенат 6 та қонунни қайтарган.


ЮНИСЕФ Ўзбекистонга вакциналарни ташиш учун 223 та махсус автомобиль топширди

_MG_1608_1

БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига вакциналарни сақлаш ва хавфсиз етказиб бериш учун 206 та Miniven-Labo ва 17 та музлаткичли юк автомобилларни топширди.

Тақдим этилган транспорт воситаларининг умумий қиймати 2 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Ушбу маблағ Вакциналар ва иммунизация бўйича глобал альянси (ГАВИ) томонидан соғлиқни сақлаш тизимини мукамаллаштириш доирасида ажратилди.

Сўнгги уч йилда ЮНИСЕФ ҳамкор ташкилотлар билан бирга Миллий иммунизация дастурини якунлашга салкам 20 млн доллар инвестиция киритди.


Янги тайинловлар

1

Зайниддин Низомхўжаев  Марказий сайлов комиссиясига раис этиб сайланди

2021 йилнинг 5 февраль куни Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раислигига Олий Мажлис Сенати Раисининг собиқ ўринбосари Зайниддин Низомхўжаев сайланди. Унинг ўринбосари адлия вазири ўринбосари Баҳром Қўчқоров бўлди.

Зайниддин Низомхўжаев (1954 йилда туғилган) Конституциявий суд раислигига сайланган Мирзо-Улуғбек Абдусаломов ўрнини эгаллади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 3 февраль куни Мирзо-Улуғбек Абдусаломовнинг ваколатини тугатишни ва МСКнинг 6 нафар, Марказий сайлов комиссиясининг 8 нафар аъзолари номзодини маъқуллаган эди. 5 февраль куни Сенат мазкур номзодларни тасдиқлади.


Деярли 1900 та ҳукумат қарори ўз кучини йўқотди

200108112010900a3601557i_4a303dd7

Адлия вазирлиги ташаббуси билан кесиб ташлаш (“тартибга солувчи гильотина”) усули доирасида сўнгги 30 йилда аҳамиятини йўқотган 1900га яқин Ҳукумат қарорлари кучини йўқотган деб топилди. 2020 йилда ҳам 500 та идоравий ҳужжат бекор қилинган эди. Келгусида соҳалар бўйича қонун ҳужжатлари бирлаштирилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги қарори билан 1990—2020 йилларда қабул қилинган 1887 та ҳукумат қарори ўз кучини йўқотган деб топилди. 2020 йилда Президент қарори билан давлат раҳбарининг 500га яқин ҳужжатлари бекор қилинган. Ушбу чоралар Адлия вазирлиги томонидан қонунчиликни тизимлаштириш орқали уларнинг айримларини қисқартириш ёки бошқача айтганда, кесиб ташлаш (“тартибга солувчи гильотина”) усули доирасида қўлланилмоқда.

Қонунчилик ҳужжатларини қисқартиришдан кўзланган асосий мақсад — ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни бартараф этиш, тадбиркорлик фаолиятига нисбатан тартибга солиш юкини камайтиришдир. Қонунчилик базасини ҳаракатсиз ва амалда қўлланилмаётган ҳужжатлардан “халос этиш”, пировардида, қонунчилик ҳужжатларидан фойдаланишда фуқаролар ва тадбиркорларга енгиллик яратади.


Бошқа янгиликлар

ИИВ қамоққа олинган блогер ишини муҳокама қилишда жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирди

ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов сурхондарёлик блогер Отабек Сатторийга нисбатан қўзғатилган жиноий иш бўйича “ижтимоий тармоқ фаолларини” терговга аралашганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирди.

Матбуот котибнинг маълум қилишича, ушбу жиноят иши юзасидан расмий ахборот берилганига қарамасдан, мамлакатдаги ва хорижий ижтимоий тармоқларнинг фаоллари томонидан турли миш-мишларни тарқатиш, давлат идораларининг ваколатлари ва ҳаракатларини шубҳа остига қўйиш, уларни обрўсизлантиришга қаратилган хабарларни кўпайтириш, масаланинг моҳиятини тушунмасдан туриб оммани чалғитиш ва бошқа қонунбузарлик ҳолатлари такрорланиб келинмоқда.

У “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, жамоатчилик назорати субъектларининг давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятига асоссиз аралашувига ва уларга ғайриқонуний таъсир кўрсатишига йўл қўйилмаслигини, бундан ташқари, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун билан тергов органларининг материалларини эълон қилиш, муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб, унинг натижаларини тахмин қилиш ёхуд судга бошқача йўл билан таъсир кўрсатиш қатъиян тақиқланишини эслатиб ўтди.

ИИВ вакили Тергов ва суд органлари ўзининг ваколат доирасидаги фаолиятини, жумладан муҳокама этилаётган ҳолат юзасидан, айбсизлик презумпциясига тўла риоя этган ҳолда ҳамда жамоатчилик олдидаги мажбуриятидан келиб чиқиб олиб бораётганлигини таъкидлаб ўтди.

Аввалроқ, депутат Расул Кушербаев ва Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси,  Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов вазиятга муносабат билдиришган эди.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (Нью-Йорк) мурожаат билан чиқди ва Ўзбекистон расмийларидан Отабек Саторийни зудлик билан озод этилишини, унга қўйилган барча айбловларни бекор қилишни ҳамда унга эркин ишлаш имкониятини беришни талаб қилди.


Тошкент аҳолисининг мурожаатларини қабул қилувчи хизмат ишга туширилди

photo_2021-03-06_23-09-56

Тошкент шаҳар ҳокимлиги шаҳар инфратузилмаси, уй-жой коммунал хўжалиги ва ободонлаштириш каби бир қатор муаммолар бўйича мурожаатларни қабул қилувчи “Xalq nazorati” номли хизматни ишга туширди.

Хизматдан фойдаланиш учун унга телефон рақамни киритган ва паспорт сканини юклаган ҳолда рўйхатдан ўтиш талаб қилинади. Мурожаатнома йўллаш уч босқичда: муаммо турини танлаш, уни таърифлаш ва манзилни киритиш орқали амалга оширилади.

Ариза тўғридан-тўғри масъул ижрочига юборилади. Фойдаланувчилар ижрочи билан сайтдаги чат орқали боғланишлари ва муаммони бартараф этиш натижаларига кўра хизматини баҳолашлари мумкин.


Алишер Усмонов Ўзбекистонга 500 минг доза вакцина олиб беради

1400__100_1629973745

Тадбиркор Алишер Усмонов аҳолини коронавирусга қарши эмлашнинг биринчи босқичи доирасида 1 миллион доза вакцина харид қилиш билан боғлиқ харажатларнинг тенг ярмини қоплаш таклифини берди. Вакциналарнинг дастлабки 500 мингтаси Наманган вилоятига етказилади.


“Антикоррупция лабораториялари” лойиҳаси тақдимот қилинди

295

Ўзбекистон бўйлаб, шу жумладан вилоят, туман, шаҳар, қишлоқлардаги 114 та мактабда коррупиявий ҳолатлар бўйича аноним сўровлар ўтказилади. Тадқиқот “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан “Минтақавий мулоқот” (Словения) халқаро нодавлат ташкилоти кўмагида амалга оширилмоқда.  

Антикоррупция лабораториялари мамлакат ижтимоий ҳаётининг турли соҳаларида коррупция хатарларини аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш учун илмий платформа бўлиб хизмат қилади.

Батафсил

Фаол фуқаролар учун ҳудудий ННТ мактаби Хивада якунланди

photo_2021-02-22_11-22-26

Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Қозоғистоннинг “АРГО” Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциацияси билан ҳамкорликда USAID кўмагида Хива шаҳрида фаол фуқаролар учун ҳудудий ННТ мактаби ташкил этилди.

Жорий йилнинг 22—26 февраль кунлари Навоий ва Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистоннинг 20га яқин ННТ ходимлари малака оширди. Улар малакали тренерлардан ташкилий ривожланиш йўналишлари бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлди, давлат ижтимоий буюртмасини олиш бўйича салоҳиятларини оширди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 15—19 декабрь кунлари ННТ мактабининг биринчи ўқувини республиканинг турли ҳудудларидан 15 нафар ННТ ходимлари битирди ва сертификатларга эга бўлди.


Нукусда православ черкови қурилади

WUtFIF16127643145188_b

Рус Православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари митрополит Викентий 4 февраль куни Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди ва Нукусда дин йўлида қурбон бўлган табиб Пантелеимон шарафига қурилаётган янги черковга тамал тошини қўйди. Черков Нукуснинг 23-микротуманида жойлашади.

“2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб эълон қилинди. Авлиё маъбуди эса руҳ ва тана учун соғломлаштириш масканидир. Агар биз бу йил черков деворларини кўтаришга муваффақ бўлсак, одамлар касалликлардан фориғ бўлиш, тарбияланиш учун келишлари мумкин бўлади”, — қайд этди архипастор.

“Биз шаҳар ҳокими ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумати ҳамда ушбу улкан ишга ҳисса қўшган, қурилиш ишларини бошлашга имконият берган ҳар бир кишига миннатдорлик билдирамиз”, — деди митрополит Викентий.

Айитишларича, янги черков епархия ташкил топганининг 150 йилллигига совға бўлади.


Ўзбекистон ННТлари муваффақият тарихи

“Mehr ko’zda” ННТ 60 нафар сурдо-таржимон тайёрлайди ва заиф эшитувчилар учун ҳуқуқий ёрдам марказини очади

f1698fb225a875049abb2142ea8568d2

 “Mehr ko’zda” нодавлат нотижорат ташкилоти USAID кўмагида “Нутқида ва эшитишда нуқсони бор инсонлар учун ҳуқуқий ёрдам” лойиҳасини амалга оширади. Лойиҳа Тошкент шаҳридаги нутқи ва эшитиши заиф инсонларга бепул юридик кўмак кўрсатишга ва заиф эшитувчиларнинг нутқ ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилган.

Карлар жамияти маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 30 мингдан зиёд киши ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қийинчиликларга дуч келади. Ҳозирда нутқи ва эшитиши заиф инсонлар учун етарли юридик хизматлар мавжуд эмас. Бунинг сабаблари қуйидагича:

  • Ўзбекистонда сурдо-таржимонлар камлиги;
  • Нутқи ва эшитиши заиф инсонлар хизматлардан тўғри ва самарали фойдаланишлари учун замонавий техник воситалар билан жиҳозланган тегишли инфратузилма етишмаслиги;
  • Юридик хизматлар нархи қимматлиги.

 

 “Mehr ko’zda” ННТ сурдо-таржимонлар учун 2 ойлик ўқув курсини ишлаб чиқиш ва ташкил этиш орқали самарали юридик ёрдам тизимини яратади. Мақсадли ишлаш бўйича катта тажрибага эга 2 нафар малакали тренерлар 60 нафар сурдо-таржимон тайёрлайди.

Лойиҳа доирасида, шунингдек, Тошкент шаҳрида 2 та юридик ёрдам марказини очиш режалаштирилган. Бу ерда нутқи ва эшитиши заиф инсонлар якка ҳолда ёки масофадан туриб маслаҳатлар, "Surdo online Uzbekistan” онлайн дастуридан фойдаланиб, видео қўнғироқлар орқали юридик ёрдам олиши мумкин.

Бунинг учун фойдаланувчи Интернет тармоғига кириш имкониятига эга бўлиши ва дастурни мобил телефон ёки планшетга юклаб олиши керак бўлади. Бепул дастур IOS ва Android платформаларида мавжуд.


Ўзбекистонда сурдо-таржимонларни тайёрлаш тизими йўлга қўйилиши муҳим

image

Ўзбекистон карлар жамияти 1929 йилда ташкил этилган. Жамиятнинг Тошкент ҳудудий бўлинмаси ҳам ўз тарихига эга. 1938 йилдан буён Тошкент вилоятида эшитишда нуқсони бор шахслар учун ижтимоий хизматлар кўрсатиб келмоқда.

Карлар, гаранглар, кар-соқовлар, заиф эшитувчилар ёки қулоғи оғирлар, кўр-карлар — бари “карлар” атамаси остида бирлаштирилган, — дейди Ўзбекистон карлар жамиятининг Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Любовь Иногамова. — Уларни ўзаро имо-ишора тилида суҳбатлашиши ҳам бирлаштиради. 

Ушбу йўналишдаги муҳим халқаро ҳужжат БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция ҳисобланади. 2021 йил январь ойида Ўзбекистонда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун Қонун кучга кирди.

Л. Иногамованинг сўзларига кўра, мамлакатимизда эшитишда нуқсони бор шахсларнинг ижтимоий-ҳуқуқий аҳволини давлат даражасида ҳал этишни талаб қиладиган муаммолар мавжуд. Масалан, нутқи ва эшитиши заиф шахслар иш топиш, касб-ҳунарга ўқиш, реабилитация ва техник воситалар ва таржима хизматларидан фойдаланиш, спорт-соғломлаштириш тадбирларини ташкил қилишда қийинчиликлар ва тўсиқларга дуч келмоқда. Муаммолар, айниқса, республиканинг кичик шаҳар ва туманларида чуқурроқ.

Карлар жамиятининг сурдо-таржимон мутахассислари чақириқ бўйича Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг турли ҳудудларида кар-соқовлар иштирок этадиган тадбирларга сурдотаржимонлик қилиш учун боради, — дейди Любовь Иногамова. —Сурдотаржимон умуман эшитмайдиган шахс билан мулоқот қилишнинг энг яхши усулидир. Айниқса, давлат идоралари раҳбарлари билан мулоқотга киришишда долзарблик касб этади. Бироқ Ўзбекистонда сурдо-таржимонларни тайёрлайдиган тизим йўқ. Имо-ишора тилини одатда кар ота-оналари билан яшайдиган болалар ўзлаштиради. Аммо улар етарли малакага эга бўлмайди ва сурдо-таржимон сифатида ишлолмайди.

Сўнгги йилларда нутқида ва эшитишида нуқсони бор шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор ташаббуслар амалга оширилди. Хусусан:

  • 2019 йил 1 июлдан Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қошида диспетчерлик хизмати иш бошлади, бу ерга қулоғи эшитмайдиганлар кечаю-кундуз ёрдам сўраб мурожаат қилишлари мумкин;
  • “Ўзбекистон-24” телерадиоканалида янгиликлар дастури сурдо-таржимон ҳамроҳлигида эфирга узатилади;
  • 2018 йилдан буён Ўзбекистон мусулмонлари идораси барча тоифадаги ногиронлиги бор шахслар учун масжидларда тадбирлар ўтказиб келади. Карлар учун тадбирда сурдо-таржимон иштирок этади.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ОТМларга қабул қилинишида 2 фоизли квота жорий этилиши билан Карлар жамияти кар ва заиф эшитувчи ёшларнинг ўқишга киришига ёрдам бермоқди, — дея сўзида давом этади Л. Иногамова. — Тошкент вилоятида 24 нафар кар ва заиф эшитувчи талабалар олий ўқув юртларида таълим олади, лекин улар учун касб танлови чегараланган. 2018—2019 йилларда ҳокимликларнинг уй-жой комиссияларида сурдо-таржимонларнинг фаол иштироки туфайли 25 та заиф эшитувчилар оиласига ижтимоий уйлар ажратилди. COVID-19 пандемияси туфайли жорий қилинган карантин даврида Карлар жамиятининг сурдо-таржимонлари уй шароитида фаол ишлади ва видеокамера орқали ёрдамга муҳтожларни қўллаб-қувватлади, “Ишонч телефони” орқали боғланди, карларга ёрдам бериш учун волонтёрларни жалб қилди.

Карлар жамияти сурдотаржимонлар, давлат идораларида карларга ҳамроҳлик қилишда имо-ишора таржимаси билан шуғулланадиган мутахассисларнинг иш ҳақига субсидиялар ажратиш бўйича маҳаллий ҳокимлик органлари билан яқин ҳамкорликни режалаштирмоқда. Вилоятларнинг марказий шаҳарлари ва туманларида “Карлар учун клублар” очиш ғояси илгари сурилмоқда. Кар-кўрларни қўллаб-қувватлаш учун махсус жамғарма ташкил этиш таклиф қилинмоқда. Бу ногиронликнинг оғир шакли, уларга давлат кўмаги, тифлосурд-таржимон мутахассислар зарур. Карлар жамиятда ҳали бундай имконият йўқ.


Фарғонада бағрикенглик маркази иш бошлади

289_1

9 февраль куни Фарғона давлат университетида Дўстлик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик маркази очилди.

Марказ Фарғона водийсидаги чегара олди ҳудудлар салоҳиятини оширишга қаратилган турли тадбирлар ўтказиш учун майдон сифатида фойдаланилади, шунингдек, ёшлар ва соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш, янги билимлар бериш ҳамда мулоқот ва мунозара муҳитини яратиш учун хизмат қилади.

Батафсил

© Copyright 2021 • info@yumh.uz • Ўзбекистон Республикаси, Тошкент ш., Ш.  Рашидов кўчаси, 16-уй

You received this email as you are on the mailing list of the Nationwide Movement "Yuksalish" (Uzbekistan). 

If you are not willing to receive the newsletter, please Unsubscribe

Отправлено через

SendPulse