"Юксалиш" ҳаракатининг ахборотномаси, 2021 йил, апрель

USAID_uz_3
logo_uz
logo_uz_3
argo_logo-color-CMYK-safe-no_words_2

Ўзбекистонда демократия

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати ва Ижтимоий-иқтисодий ташаббуслар институтининг ойлик бюллетени

  Ахборотнома № 8                                                                                                                     2021 йил 5 апрель  

Мазкур нашр Ўзбекистонда “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастури доирасида АҚШнинг халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) кўмагида тайёрланди. Ахборотлар мазмуни учун муаллифлар жавобгар, USAID ёки АҚШ ҳукумати нуқтаи назарини билдирмайди.

Фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси тасдиқланди

unnamed

Президентнинг 4 мартдаги Фармони билан 2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ва унинг мақсадлари тасдиқланди.

Концепциянинг устувор йўналишлари:

  • фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини изчил такомиллаштириш;
  • фуқаролик жамияти институтларига кўмак бериш ҳамда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмини янада такомиллаштириш;
  • давлат ва жамият бошқарувида фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
  • давлат ижтимоий лойиҳаларини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини янада кенгайтириш;
  • фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш.

Мақсадли кўрсаткичлар нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ)ни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклларида қўллаб-қувватлаш ҳажмини 2021 йилда камида 1,2 бараварга, 2025 йилда 1,8 бараварга оширишни назарда тутади.

ННТларни ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларига 2021 йилда 16 миллиард сўм, 2025 йилда 70 миллиард сўм ажратилади.

1 апрель санасидан бошлаб ННТлар фаолиятининг очиқлик индекси жорий қилинади ва ҳар йили ННТлар томонидан амалга оширилган ишлар, ижтимоий шериклик даражаси, ажратилган субсидия, грант ва ижтимоий буюртмалар натижадорлиги ҳамда бошқа муҳим фаолият кўрсаткичларига асосан уларнинг рейтинги тузилади.

ННТларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва унинг қўмиталари (комиссиялар) мажлисларида иштирок этувчи доимий вакили институти жорий этилади.

1 майдан бошлаб ҳомийлик маблағларини марказлаштирилган ҳолда тўплаш ва тарқатиш, уларнинг мақсадли ҳамда манзилли йўналтирилишини назорат қилиш мақсадида Шаффоф хайрия ягона интерактив портали ишга туширилади.

Бундан ташқари, жорий йилда Қорақалпоғистон, Андижон, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари” ташкил этилади. Уларда бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда ўз фаолиятини амалга оширадиган янги ташкил этилган ННТлар жойлаштирилади.


Сенаторлар оммавий тартибсизликларга даъват қилганларни жиноий жавобгарликка тортишни маъқуллади

7Ly9CQ16156295882196_l

Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати 12 март куни бўлиб ўтган ўн учинчи ялпи мажлисида қонун ҳужжатларига оммавий тартибсизликларга даъват қилганлик  учун жиноий жавобгарлик ва бошқа ўзгартиш киритиш тўғрисидаги Қонунни маъқуллади.

Қонун билан Жиноят кодексига (244-модда) оммавий тартибсизликларга ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга омма олдида даъват қилганлик учун жавобгарлик киритилди. Унга кўра, мазкур қилмишни содир этган шахслар БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ёки ОАВлар, телекоммуникациялар тармоқлари, интернетдан, шунингдек, матнни кўпайтиришнинг босма ёки бошқа усулларидан фойдаланган ҳолда содир этилган бўлса, БҲМнинг 300 бараваридан 400 бараваригача жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Президент мазкур “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни 30 март куни имзолади.


Жамоатчилик назорати: Давлат дастури ижросини онлайн кузатиш имконияти яратилди

310

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Олий Мажлис Сенати билан ҳамкорликда Давлат дастури ижроси юзасидан жамоатчилик эшитувларини  ташкил қилиш ташаббусини илгари сурган эди. Бу мақсадда jamoatchilik.uz платформасини ишга туширди.

19 март куни ўтказилган дастлабки жамоатчилик эшитувида парламент, масъул давлат идоралари вакиллари, фаол фуқаролар Давлат дастурининг март-февраль ойларида бажарилиши белгиланган 6 та банд ижросини танқидий кўриб чиқди.

Жумладан, Дастурнинг 60-бандидаги “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаш тўғрисида”ги, 77-бандидаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида маҳалла ва қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартириш”, 73-бандидаги “Водород энергетикаси технологияларини ўрганиш ва илм-фанни ривожлантириш” Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш юзасидан масъулларнинг ахбороти тингланди.

26 март куни Давлат дастури ижросига бағишланган навбатдаги жамоатчилик эшитуви ташкил этилди. Тадбирда масъуллар амалга оширилган ишлар бўйича батафсил ахборотлар тақдим этди.
Жумладан, ишсиз фуқаролар, камбағал оила аъзоларига уларнинг бандлигини таъминлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун берилаётган моддий ёрдам ва субсидиялар самарадорлигини ошириш мақсадида ижтимоий контракт тизимини жорий этиш, ҳудудларда илмий фаолият билан шуғулланиб келаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, аҳолига давлат томонидан бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари билан кафолатланган пакет доирасида тиббий хизмат кўрсатиш тизимини босқичма-босқич амалиётга жорий этиш масалалари диққат марказида бўлди. Қайд этилишича, жорий йилда Сирдарё вилоятида эксперимент тариқасида электрон соғлиқни сақлаш тизими жорий этилади. Бунда ҳар бир беморга тиббий карталар очиш, хизмат кўрсатиш электрон тарзда бўлади. Бу мақсадларга бюджетдан 28 млрд сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Батафсил

Қаршида “Aмерика бурчаги” очилди

ugolok

AҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ва Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида Қарши шаҳридаги "Баркамол авлод" маркази қошида “Aмерика бурчаги” очилди. Бу пойтахт ташқарисидаги биринчи шундай марказ саналади.

“Америка бурчаги” — инглиз тилидаги ўқув ва маданий материаллардан бепул фойдаланиш имкониятига эга бўлган ресурс маркази ҳисобланади. Шунингдек, Қўшма Штатларда ўқишни истаганлар учун консултациялар олиб борилади.

230 квадрат метр майдон эга бўлган ушбу марказ компютер лабораторияси, кутубхона, конференция зали ва таълим бўйича маслаҳат хонасини ўз ичига олади. “Aмерика бурчаги” маркази инглиз тили она тили ҳисобланган шахслар иштирокидаги дастурлар орқали инглиз тилини ўрганишга ёрдам беради, шунингдек, босма ва рақамли инглиз тилидаги манбалардан фойдаланиш имконияти мавжуд.

Халқаро таълим бўйича Aмерика кенгашлари томонидан амалга ошириладиган “Aмерика бурчаклари” ташаббуси доирасида Ўзбекистон бўйлаб ана шундай еттита бурчак очилиши кўзда тутилган. АҚШ ҳукумати ушбу лойиҳага 800 минг доллардан кўпроқ маблағ ажратди.


ЮНИСЕФ қизлар таълимига инвестиция киритишга чақирди

97-1615273396-kamila-post-material

БМТнинг Болалар фонди (ЮНИСЕФ) қизларнинг таълим олиши, маълумот олиш имкониятини, салоҳиятини ошириш, ёш аёлларга эса иш билан таъминланишда тенг имкониятлар яратиш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга инвестиция киритишга чақирди.

Декабрь ойида чоп этилган “Ўзбекистон ёшлари: чақириқлар ва истиқболлар” мавзусидаги ҳисобот (ЮНИСЕФ, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида тайёрланган)га кўра, олий таълим муассасаларидаги қизлар сони барча талабаларнинг 37 %ини ташкил қилади. Бандлик соҳасида ёш аёллар меҳнат бозоридан сезиларли даражада четлатилган.

Агар ўрта мактабни тугатгандан сўнг 19-24 яшар ёшларнинг 56 %и ўқиш, иш ёки касбий тайёргарлик билан қамраб олинмаган (NEET) бўлса, аёллар учун NEET (Not in Education, Employment or Training) даражаси 18 ёшга тўлгандан сўнг тез ўсиб боради (1,7 %дан 69 %гача). 25-30 ёшли аёлларда у 74 %га етади, эркакларда эса у одатда пастлигича қолади (кўпи билан 33,5 %) ва ёш ўтган сари пасаяди (24,8 %гача).

Ҳисоботда, шунингдек, қизлар ва ёш аёлларда интернет орқали маълумот олишда тўсиқлар борлиги кўрсатилган. Ҳеч қачон интернетдан фойдаланмаган 14-30 ёшдаги ёш аёллар сони шу ёшдаги эркакларга нисбатан икки баравар кўп — мос равишда 68,1 % ва 34,3 %.

Тадқиқотлар кам таъминланган оилалардаги қизларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва олий маълумот олиш учун имтиёзли кредитлар олишни қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эгалигини, ўрта муддатли истиқболда янада барқарор ва мустаҳкам жамиятлар шаклланишига ёрдам беришини кўрсатган.

ЮНИСЕФ давлат ташкилотлари, ННТлар ва ҳамжамиятларни аёлларнинг олий маълумот олиш ҳамда ишга кириш имкониятларидан тенг фойдаланишни таъминлайдиган платформаларни кенгайтиришга чақирган.

Биз бугунги кунда раҳбарлик лавозимларида кўраётган аёллар ўтмишда таълим олиш, ресурслардан фойдаланиш ва ишга кириш имкониятларига эга бўлган. Келинг, бугун шундай имкониятни Ўзбекистондаги қизлар ва ёш аёлларга  тақдим этамиз”, — дейди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзода.


Марко Мантованелли
Жаҳон банкининг Ўзбекистон бўйлаб ўтказилган тадқиқоти хақида

uz-gender-story-3-780x439

“Жаҳон банки томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, Ўзбекистонда аёллар бош бўлган уй хўжаликлари асосий эҳтиёжлари учун қарз олишга мажбур бўлади, озиқ-овқат хавфсизлиги ва коммунал хизматлар учун тўловларда қийинчиликларга учрайди, эркаклар бош бўлган  уй хўжаликларига нисбатан фавқулодда харажатларга кўпроқ дуч келади”.

Жаҳон банки маълумотида айтилишича, “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб" лойиҳаси доирасида ҳар ой жамоатчилик фикри ва ҳудудлардаги респондентларнинг фаровонлигини таҳлил қилиш учун сўровлар ўтказилади. 2020 йил март ойидаги биринчи “локдаун” (қатъий карантин чоралари)дан сўнг, сўровнома пандемиянинг аҳоли ва фуқаролар  саломатлиги, ижтимоий-иқтисодий ҳолатига таъсири кузатилди. Инқироз бошлангандан бери 18 мингдан ортиқ сўров ўтказилди.

Лойиҳа натижалари шуни кўрсатадики, Ўзбекистондаги эркаклар ва аёллар ўртасидаги нотенглик уларни COVID-19 пандемияси келтириб чиқарган иқтисодий таъсирлар олдида янада заифлаштирди. Даромадни йўқотиш, пул ўтказмалари ва бошқа манбалардан олинадиган даромадлар камайиши, турмуш қийинчиликлари, оиладаги зўравонлик ҳолатларининг кўпайиши, буларнинг бари — шаҳар ва қишлоқларда кам таъминланган оилалар аёлларининг яшаш шароити ва соғлиғини оғирлаштирди.

Мамлакатда аҳоли бандлигига оид маълумотлардан гендер масаласида фарқ сезилади. Аёллар эркакларнинг иш ҳақига қараганда жуда кам маошга ишлайди. 2018 йилнинг октябридан 2020 йил декабрига қадар, яъни лойиҳа сўрови мобайнида аёлларнинг атиги 19 фоизи ҳафта давомида фаол ишлади, эркакларда бу кўрсаткич — 44 фоиз. Шаҳарларда доимий банд аёллар атиги 34 фоизни ташкил этди, 28 фоизи ва ундан ками қишлоқ ҳудудларида ишлайди.

Эркакларнинг ўртача ҳисобда меҳнат бозорида иштирок этишида барқарор ўсиш кузатилада. Бироқ аёллар ишлаб, иқтисодий таъминоти юқори бўлиши учун олий маълумотли бўлишлари керак. Масалан, ўрта мактабни тугатиш эркакларда иш билан таъминланиш имкониятини 15 фоизга оширади, аммо аёлларнинг иш билан таъминлаш истиқболларига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди.

Турмуш шароити ва болани парвариш қилиш мажбуриятлари ҳам аёлларнинг ишга киришига таъсир қилади. Оилали аёлларнинг турмушга чиқиши, турмуш қурмаган аёлларга қараганда анча паст. Шундай қилиб, иш билан бандлик даражаси мос равишда 52 фоизга (эркаклар) 36 фоизни (аёллар) ташкил қилди.

COVID-19 пандемияси аёллар бандлиги юқори бўлган соҳаларга салбий таъсир кўрсатди. Улар асосан, норасмий иқтисодиёт секторида, инқироздан қаттиқ зарар кўрган мавсумий ва ярим кунлик ишларда ишлади. Аёллар умумий овқатланиш ва меҳмонхона бизнеси соҳаларида кўпроқ ишлайди (52 фоиз); чакана савдо (51 фоиз); шунингдек, санъат, кўнгил очиш ва дам олиш (45%). Ушбу соҳаларда пандемия бошланганидан буён энг кўп иш жойлари қисқартирилди.

Пандемия пайтида ҳам аёллар, ҳам эркаклар бошчилигидаги уй хўжаликлари иш жойларини йўқотишди ва чет эл пул ўтказмаларидан тушадиган даромади камайиб кетди. Аммо бу “зарбалар”, катта эҳтимол билан иқтисодий таъминотини қўллаб-қувватлаш манбалари кам бўлган аёллар бошчилигидаги хонадонларга зарар етказди. Пандемия бошланишидан олдин ҳам бундай хонадонларнинг ўртача ойлик даромади эркакларникига қараганда 17 фоизга кам эди.

Аёллар бошчилигидаги уй хўжаликлари кўзда тутилмаган харажатларни қоплаш эҳтимоли кам, асосий эҳтиёжлари (озиқ-овқат, йўлкира, дори-дармон ва ҳоказолар)ни қоплаш учун қарз олишади ва кўпинча коммунал тўловларга ҳам қийналишади. 2020 йилнинг декабрида ўтказилган сўровда аёллар бошчилигидаги уй хўжаликларининг 42 фоизи кўзда тутилмаган 100 минг сўм (10 АҚШ доллари)лик харажатни қоплай олмаслиги маълум бўлди. Бунда эркаклар бошчилигидаги уй хўжаликларининг улуши 25% ни ташкил этди.

Батафсил

Ортиқча бюрократик тўсиқлар қисқартирилмоқда

106dc502a4e58db2e7175d34fb86

Президентнинг 23 мартдаги “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан 2021 йил 1 июндан бошлаб қуйидаги давлат хизматлари ва жараёнлар экстерриториал тамойил асосида амалга оширилади:

- 7 та турдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини (туғилиш, никоҳ тузилганлиги, никоҳдан ажралиш, ўлим, исм ва фамилияни ўзгартириш, оталикни белгилаш ҳамда фарзандликка олишни) қайд этиш;

- никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш;

- хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш.

Нотариал ҳаракатларни амалга оширишда ФҲДЁ билан боғлиқ барча маълумотлар фуқаролардан талаб қилинмасдан электрон тизим орқали олинади.

Хорижий тижорат ташкилотларининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходимини аккредитация қилишда ОИТС касаллиги йўқлиги тўғрисидаги сертификатни талаб қилиш амалиёти бекор қилинди.

QR-код (матрик штрихли код) орқали берилган ҳужжатлар бўйича уларнинг дубликатларини бериш тартиби бекор қилинди. Эндиликда ушбу ҳужжатларнинг дубликатини ЯИДХП орқали бепул олиш мумкин.

Шунингдек, 450 дан ортиқ қонун ҳужжатида белгиланган 18 турдаги маълумот ва ҳужжатларни аҳоли ҳамда тадбиркорлардан талаб қилиниши бекор қилинди, ушбу ҳужжатлар ваколатли давлат органи томонидан “Электрон ҳукумат” платформаси орқали олинади.

1 июлдан бошлаб солиқ органларида солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритиш жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамидан фойдаланган ҳолда амалга оширишга ўтиш. Бунда, солиқ тўловчининг идентификация рақамини бериш ва фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш бекор қилинади.


Ўзбекистонда коронавирусга қарши оммавий эмлаш бошланди

Ex4K79PWgAUqXoU

Ўзбекистонда коронавирусга қарши оммавий эмлаш 1 апрелдан бошланди. Сана бирламчи тиббий ёрдам тизимини эмлашга тайёргарлигини ҳисобга олган ҳолда танланган.

"Биринчи босқичда 330 минг киши AstraZeneca (Covishield) вакцинасини қабул қилиши режалаштирилган. Умуман олганда, Ўзбекистонда биринчи босқичда 4,1 миллиондан ортиқ кишини эмлаш кўзда тутилган. Эмлаш ихтиёрий равишда амалга оширилади,"- дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Атабеков.


Ички ишлар вазири: оғир жиноятларнинг ҳар учинчиси оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилган

ichki_4

Олий Мажлис Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги 2020 йил якуни бўйича ахбороти эшитилди.

Ўтган йилда республика миқёсида 62 081 та жиноятлар қайд этилган бўлиб, 100 минг аҳолига нисбатан ўртача 182,4 тадан тўғри келган.

Қайд этилган қотиллик жиноятларнинг ҳар учинчиси (143 таси, 35,2%), оғир тан жароҳати етказиш жиноятларининг 192 таси (20,5%) оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилган.

Оилавий низоларга ўз вақтида барҳам берилмаганлиги оқибатида 14 379 та оила-турмуш муносабатлари доирасидаги ҳуқуқбузарликлар содир этилиб, уларнинг аксарияти яъни 50,5 фоизи (7 264 таси) Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳиссасига тўғри келади. Ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг ҳар олтинчиси айнан ўз вақтида ҳал этилмасдан қолган оилавий келишмовчиликлар боис содир этилган.

Вазирнинг сўзларига кўра, оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларнинг муаммолари тўлиқ ҳал этилмасдан келинаётганлиги оқибатида 2020 йилда 5 774 нафар хотин-қизлар томонидан 5 520 та  жиноят содир этилган. Оила-турмуш доирасида тазйиққа учраган хотин-қизларнинг 14 774 нафарига “ҳимоя ордери” берилган бўлса, шундан 317 та ҳолатда маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилган.


Ўзбекистонда патронажнинг универсал прогрессив модели жорий этилмоқда

resized_photo

9 март куни ЮНИСEФ Ўзбекистон соғлиқни вазирлигига патронажнинг универсал-прогрессив модели бўйича 50 минг нусхада қўлланма ва китобчалар топширди. Нашрлар бирламчи тиббий-санитария ёрдами даражасида ҳомиладор аёллар, яқинда фарзанд кўрган аёллар ва 5 ёшгача бўлган болаларга хизматларни яхшилашга қаратилган.

ЮНИСЕФ ССВга патронажнинг универсал-прогрессив модели бўйича 50 минг нусхада қўлланма ва китобчаларни топширди. Нашрлар бирламчи тиббий-санитария ёрдами даражасида ҳомиладор аёллар, яқинда фарзанд кўрган аёллар ва 5 ёшгача бўлган болаларга хизматларни яхшилашга қаратилган.

Йўриқнома ва китобчаларни ишлаб чиқиш ва нашр этиш универсал-прессив патронаж моделини амалга оширишдаги биринчи қадам ҳисобланади. Ҳозирда жамғарма Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда патронаж ҳамшираларни янги методикага ўргатадиган тренерлар гуруҳи тайёрланмоқда.

Янги модель ҳамшираларнинг диплом олди ўқиш ва малака ошириш тизимига киритилади. Барча саъй-ҳаракатлар натижасида тиббий ёрдам сифатини яхшилаш, ёрдам ва ғамхўрликка муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашни янада яхшилаш мумкин бўлади.

Батафсил

Самарқандда Дўстлик ва ННТлар уйи очилди  

photo_2021-03-19_12-55-41

Самарқандда “Дўстлик ва нодавлат ташкилотлар уйи” очилди. Бу Президентнинг 2018 йил 4 майдаги Фармонида белгиланган.

“Дўстлик ва нодавлат нотижорат уйи” Самарқанд шаҳрининг Спитамен кўчасида жойлашган тўрт қаватли ётоқхона биноси негизида ташкил этилган. Комплекс таркибига деярли 60 та офис, тўртта мажлислар зали (260 ўринли), коворкинг маркази, кутубхона ва музей киради.

Дўстлик уйи ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ижара нархининг "нол" ставкасидан фойдаланган ҳолда миллий маданий марказларни, янги ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилотларини жойлаштириши мумкин.

Ҳудди шундай мажмуалар Хоразм, Сирдарё, Навоий, Жиззах ва Бухоро вилоятларида ҳам фаолият кўрсатмоқда.


ННТлар ишига аралашганлик учун — жарима

large

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш киритиш тўғрисида Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятига ноқонуний аралашиш, мансабдор шахсларга БҲМнинг 7 бараваридан 10 бараваригача (1,7 миллиондан 2,4 миллион сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин 1 йил давомида такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахсларга БҲМнинг 15 бараваригача (3,6 миллион сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Вазирликка кўра, энди мансабдор шахслар ННТлар ишига ноқонуний аралашмайди, шу сабабли ННТларни “мажбурий равишда ҳомийлик ва бошқа ишларга жалб қилиш” кўзда тутилмаган. Баъзи расмий шахслар тадбирларни ўтказишда ННТларга чекловлар қўйиб келади. Бундан ташқари, ННТларга тегишли мол-мулк ва мол-мулкни мусодара қилиш, улардан қонун ҳужжатларини бузган ҳолда ҳужжатлар талаб қилиш каби ҳолатлар учраган.

Долзарб мавзулар

Ўзбекистонликлар қайси вакцинани афзал кўришмоқда?

uzb

Мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши оммавий эмлаш апрель ойидан бошланди. Бу борада жамоатчиликда турли фикрлар шаклланиб улгурди, қайси вакцинани олиш керак, улар эмланишга арзийдими-йўқми, деган масалаларда муҳокамалар авж олмоқда...

COVID-19га қарши эмланиш, аҳолини эмланишга эргаштириш дунёнинг кўплаб мамлакатлари учун долзарб. Масалан, бир қатор Европа мамлакатларида аҳоли, шу жумладан тиббиёт ходимлари вакциналарга шубҳа билан қарамоқда. 2020 йилнинг ноябрь ойида CОSМО лойиҳаси доирасида Германиянинг Эрфурт университети, Роберт Кох номидаги институт ва Соғлиқни сақлаш соҳасидаги Федерал ахборот маркази ўтказган сўров натижаларига кўра, тиббиёт ходимлари орасида коронавирусга қарши эмланишга тайёрлик 7 баллик шкала бўйича 3,98 баллни ташкил этди. Аҳоли орасида эса ушбу кўрсаткич юқори бўлди — 4,45 балл.

Тез орада бошланадиган эмлаш тадбирлари ҳақида Интернет фойдаланувчиларининг кайфияти ва фикрларини билиш мақсадида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати 29—31 март кунлари Telegram мессенжерида онлайн-сўров ўтказди. Уч кун давомида деярли барча вилоятлардан 19 мингдан зиёд иштирокчилар қамраб олинди (хусусан, ушбу онлайн-сўров мессенжердаги 30 дан ортиқ канал ва гуруҳларда чоп этилди).


Батафсил

Наврўз арафасида 140 нафар маҳкум авф этилди

photo_228133

Президент фармони билан Наврўз байрами муносабати билан 140 нафар маҳкум афв этилди, улардан 12 нафари чет эл фуқароси.

Афв этилган шахсларнинг 4 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 69 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 8 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 59 нафар кишига нисбатан озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Афв этилганлар орасида 9 нафар 60 ёшдан ошган эркак, 13 нафар аёл ҳамда 14 нафар тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар бор.

--------------------------------------

AҚШ Давлат департаментининг халқаро диний эркинлик идораси:

"Биз яқинда Ўзбекистон ҳукумати томонидан 14 нафар диний маҳбусларнинг авф этилгани ва қамоқ муддатлари қисқартирилганини олқишлаймиз. Биз бошқа мамлакатларни ҳам эътиқодлари туфайли қамалган барча маҳбусларни озод қилишга чақирамиз 


Ўзбекистонга AstraZeneca вакцинасининг биринчи партияси келтирилди

HSA_6465_1_1

Ўзбекистонга CОVAХ глобал дастури бўйича коронавирусга қарши вакцинанинг биринчи партияси — 660 минг дозали AstraZeneca (Covishield)  вакцинаси топширилди. Гуманитар юк Тошкентга 17 мартга ўтар кечаси Ҳиндистондан етиб келди.

CОVAХ глобал дастури доирасида Ўзбекистонга AstraZeneca вакцинасининг
2'256 миллион дозаси ажратилган. Иккинчи қисми май ойида етказиб берилиши кутилмоқда
, - дейди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Лиан Куппенс.


ЖССТ раҳбари Ўзбекистон президентига хат йўллади

8lTqJ48aKml3-ytaGcPni-n_PQ1LPqLM

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллади.

Мактубда давлатимиз раҳбарига Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 75-сессиясида Ўзбекистон Президенти ташаббус билан Пандемия даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодекс лойиҳаси ишлаб чиқилиб, ЖССТга тақдим этилгани учун миннатдорлик билдирилган.


Ўзбекистон Қирғизистонга 20 та тез ёрдам машинасини совға қилди

dos_6715

12 март куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг Тошкентга давлат ташрифи чоғида Ўзбекистон халқи номидан Қирғизистонга Caddy ва Isuzu D-Max русумли 20 та тез ёрдам машиналари совға совға қилинди.

Садир Жапаров ушбу совға "ёқимли сюрприз" бўлганини айтиб, Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди. У: "мамлакатлар ўртасида ҳеч қандай муаммо бўлиши мумкин эмас", дея қўшимча қилди ва "биродарлик ва яхши қўшничилик ришталарига, Ўзбекистоннинг доимий ёрдами ва қўллаб-қувватлашига" содиқлиги учун миннатдорлик билдирди.


Янги тайинловлар

782a1f2948d7bf07d9dcd7197ba350a3

Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари бўлиб ишлаган Шерзод Aсадов Президент Aдминистрацияси раҳбарининг ўринбосари — Президент матбуот котиби этиб тайинланди.

Давлат раҳбари Шерзод Асадовга барча бўлимлар ва ҳокимликларнинг матбуот котиблари фаолиятини мувофиқлаштиришни топширди.

Бундан аввал у мамлакатнинг Австриядаги элчиси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ва Вена шаҳридаги бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги доимий вакил бўлиб фаолият юритган.

------------------------------------

Навбаҳор Имомова, “Америка овози” мухбири:

Икки йилдан ортиқ танаффусдан сўнг Ўзбекистон президентининг матбуот котиби — Шерзод Асадов тайинланди. Президент Мирзиёевга халқ билан ҳам, бутун дунё билан ҳам мулоқот қила оладиган матбуот котиби керак. Асадов бу вазифанинг қанчалик муҳимлигини биладиган тажрибали дипломат. Омад тилаймиз ва тез орада сиз билан суҳбатлашамиз!”


Шарлотта Адриан Ўзбекистондаги Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари бўлди

1

5 март куни Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари этиб тайинланган элчи Шарлотта Адриан ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловга ишонч ёрлиғи нусхасини топширди.

Томонлар Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилишди. Бўлажак қўшма тадбирлар жадвали, кун тартиби ва ташкилий масалаларни, жумладан, “Ўзбекистон-Европа Иттифоқи” ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши, “Европа Иттифоқи — Марказий Осиё” сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича юқори даражадаги мулоқотининг навбатдаги даврасини ўтказиш жадвали кўриб чиқилди.

Бундан аввал, Шарлотта Адриан Қирғиғистондаги Европа Иттифоқи делегациясининг молиявий ва техник ҳамкорлик бўлимини бошқарган.

Маълумот учун, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегациясининг аввалги раҳбари Эдуард Стипрайс тўрт йиллик миссиясини ўтган йилнинг июль ойида якунлаган эди.


Ўзбекистон ва рейтинглар

Эркинлик рейтингида Ўзбекистон
11 баллни қўлга киритди

freedom

Янгиланган Freedom House — Freedom in the World 2021 халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг эркинлик рейтингида Ўзбекистон 100 баллдан 11 балл тўплади, бу ўтган йилги кўрсаткичдан бир поғона юқори. МДҲ мамлакатлари орасида 7-ўринда.

Ўзбекистон “эркин эмас” мақомини ҳозирча сақлаб қолмоқда. Ўзбекистонликларнинг сиёсий ҳуқуқлари 40 баллдан 2 балл, фуқаролар эркинликлари даражаси 60 баллдан 9 балл билан баҳоланди.


Бошқа янгиликлар 

2021 йилда
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасидаги ишларга 21 триллион сўм йўналтирилади.

Шу жумладан:

- 3 трлн 300 млрд сўм — 325 та қишлоқ ва 71 та маҳаллада ичимлик суви ва электр тармоқлари, ички йўллар, ижтимоий объектлар қуриш ҳамда таъмирлашга;

- 2 трлн сўм — 2 минг 721 та маҳалладаги 10 минг км.дан ортиқ ички йўлларни таъмирлашга;

- 1 трлн сўм — 500 та маҳаллага 4 минг километрдан ортиқ ичимлик суви тармоғи тортишга;

- 2 трлн 100 млрд сўм — 5 минг 377 та маҳалладаги 15 минг километр электр узатиш тармоқлари ҳамда 4 мингдан ортиқ трансформаторни янгилашга. Бу республикадаги маҳаллаларнинг 60 %и демакдир.

9 трлн сўм — “Оилавий тадбиркорлик” дастурлари учун. 1 триллион сўм маблағ эвазига 128 та маҳаллада кичик саноат зоналари ташкил этилади.

Инфографикани кўриш

Самарқандда Туркиянинг бош консулхонаси очилди

16150371_0_0_1024_577_1920x0_80_0_0_b1eecc4c47e7d04c47f7a64bde8ee871

7 март куни Самарқанд шаҳрида Туркиянинг бош консулхонаси очилди. Консуллик Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги инвестиция, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш вазифаларини амалга оширади.

Бош консулликни очиш Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 августдаги қарорида кўзда тутилган эди. Ҳужжат Туркия ҳукуматининг Ўзбекистонга техник ёрдамини кенгайтиришни белгилайди.

Туркиялик мутахассислар соғлиқни сақлаш инфратузилмаси объектларини бошқаришни такомиллаштириш, сейсмология соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш, йўллар ва йўл бўйидаги инфратузилмани қуришда халқаро стандартларни жорий этиш ва электрон ҳукумат соҳасида Туркияда энг яхши ечимлар ва технологияларни узатиш бўйича ишларга жалб қилинади.


24 нафар ватандошимиз Афғонистондан Ўзбекистонга олиб келинди

17286054f02b7a4a22b2768e52a53b4d

2 март куни “Меҳр-4” гуманитар операцияси доирасида Aфғонистондан 24 нафар ўзбекистонлик ватанга қайтарилди.

Ўзбекистонга қайтиб келганларнинг 19 нафари болалар бўлиб, шулардан тўрт нафари етим. Илгари улар Aфғонистон ва Покистондаги халқаро террористик ташкилотлар эгаллаб олган ҳудудларда яшашган. Тиббий кўрикдан сўнг, улар соғломлаштириш марказига жойлаштирилди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил май ойида "Меҳр" операцияси доирасида 155 аёл ва бола Суриядан Ўзбекистонга қайтарилган эди. Кейинчалик октябрь ойида “Меҳр-2” операцияси ўтказилди — Ироқдан 64 бола юртимизга олиб келинди. Ўтган йилнинг декабрь ойида "Меҳр-3" операцияси доирасида яна 98 нафар аёл ва болалар уйларига қайтишди.


Ўзбекистон Озонни бузувчи моддаларни импорти ва экспортини тўхтатмоқди

xkRK_rDO5RVVwFiHIw96ZhSp37vRBXEK

Вазирлар Маҳкамасининг 9 мартдаги қарори билан Озон қатламини бузувчи моддалардан фойдаланишни тўхтатиш бўйича Миллий дастур тасдиқланди.

Миллий дастур доирасида, хусусан, қуйидагилар назарда тутилган:

- Озон қатламини бузувчи моддалар (ОБМ) ва таркибида ушбу моддалар мавжуд бўлган маҳсулотларнинг Ўзбекистонга импорти ва экспортини тўхтатиш ва бу соҳада қатъий назоратни ўрнатиш;

- ОБМ ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларнинг импорти ва экспорти бўйича маълумотлар базасини шакллантириш;

-ОБМни қайта ишлаш бўйича 6 та янги марказ ташкил қилиш.

Маълумот учун: ОБМдан фойдаланишни тўхтатиш бўйича биринчи Миллий дастур Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йилда тасдиқланган. 2016 йилда Ўзбекистонда ОБМнинг 99,95 фоизи атмосферага чиқариб ташланди. ОБМнинг умумий миқдори 1967,2 тоннадан 9,86 тоннагача, 1989 йилга нисбатан эса 99,95 фоизга қисқарди.

Янги таҳрирда қабул қилинаётган Миллий дастур Ўзбекистон томонидан Монреаль протоколи ҳамда ушбу протоколга киритилган Лондон, Копенгаген, Монреаль ва Пекин тузатишлари доирасида қабул қилинган барча мажбуриятларнинг бажарилишини қамраб олади.


Тошкентда Яшил тараққиёт глобал институти офисини очиш режалаштирилган

12345

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Яшил тараққиёт глобал институти (GGGI) Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни тиклаш бўйича қўшма лойиҳани амалга оширмоқда.

5,65 миллион долларни ташкил этадиган ушбу лойиҳа Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг грант маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Унинг мақсади Оролбўйи экологик инқирози оқибатларини бартараф этиш учун Қорақалпоғистонни "яшил" реабилитациясини тарғиб қилиш ва табиий офатларга бардошли ҳаётни барқарор қўллаб-қувватлаш чораларини белгилашади.

Маълумот учун:  Яшил тараққиёт глобал институти бу — халқаро ҳукуматлараро ташкилот. Бош қароргоҳи Сеулда жойлашган. Институтнинг мақсади — иқлим ўзгариши шароитида "яшил" иқтисодиётни ривожлантириш орқали ривожланаётган ва бозор иқтисодиёти шаклланаётган мамлакатларда инклюзив ва барқарор иқтисодий ўсишни рағбатлантириш.


Ўзбекистон ННТлари муваффақият тарихи

Фаол фуқаролар Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши таркибига киритилди

photo_2021-03-27_05-55-26

Сассекс университети (Буюк Британия) Тараққиёт тадқиқотлари институти докторанти, “SHAROIT PLUS” ногиронлар жамоат бирлашмаси ҳаммуассиси Дилмурод Юсупов ҳамда ақлий қобилияти чекланган болаларнинг ота-оналарига ёрдам бериш гуруҳи вакили Васила Қодирова Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг янгиланган таркибига киритилди.

Ушбу ташаббус 9 февраль куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган "Инклюзив таълимни ривожлантиришда нодавлат нотижорат ташкилотларининг роли" мавзусидаги муҳокама давомида илгари сурилган эди. Тадбир Фаол фуқаролар умуммиллий фестивали дастуридаги муҳим воқеалардан бирига айланди.

Маълумот учун: Фаол фуқаролар умуммиллий фестивали "Юксалиш" УМҲ ва "АРГО" Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциацияси (Қозоғистон) томонидан амалга оширилаётган "Инноватциялар учун ҳамкорлик" дастури доирасида АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) кўмагида ташкил этилди.

“Халқ таълими вазирлигига мени ва фаол фуқаро, аутизм билан касалланган қизнинг ёлғиз онаси Васила Қодировани, вазирлик ҳузуридаги янги Жамоатчилик кенгашига таклиф қилгани учун катта раҳмат. Биз ногирон болалар учун таълим сифати ва инклюзив таълимни ривожлантириш масалаларини ўртага ташладик", - деб ёзди Дилмурод Юсупов ўзининг Twitter саҳифасида.


Ампутант футболчиларнинг биринчи чемпионати

photo_2021-03-11_00-30-18

6-9 март кунлари Наманган вилояти Косонсой туманида ампутант футболчилар ўртасида биринчи футбол чемпионати бўлиб ўтди. Унда 6 та жамоа иштирок этди. Булар: “Матонат”, “Байналминал”, “Жиззах”, “Андижон”, “Фарғона” ва “Наманган”.

— Сўнгги 32 йилда биринчи марта ҳаракатланиши чекланган шахслар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ташкил этилди, - дейди “Матонат футбол“ ногирон-ампутантлар футболини ривожлантириш маркази раҳбари Рустам Меҳманов. — Марказ жамоаси бир неча бор дунёнинг энг яхши жамоасига айланган. Ампутантлар ўртасидаги футбол бўйича беш карра жаҳон чемпиони, 30 дан ортиқ халқаро турнирлар ғолиби. Бизнинг ташаббусимизни Ўзбекистон футбол ассоциацияси, Наманган ва Косонсой вилоятлари ҳокимликлари, Қўқон шаҳридаги "Меҳр-Мурувват" ННТ ҳамда “Юксалиш" УМҲ ва қатор ҳомий ташкилотлар қўллаб-қувватлади. Айни пайтда жамоамиз 2022 йилда бўладиган навбатдаги жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда. Футболчиларимиз эса куч-ғайратга тўла ва дунёнинг энг кучлилари эканини исботлашга тайёр.


© Copyright 2021 • info@yumh.uz • Ўзбекистон Республикаси, Тошкент ш., Ш.  Рашидов кўчаси, 16-уй

You received this email as you are on the mailing list of the Nationwide Movement "Yuksalish" (Uzbekistan). 

If you are not willing to receive the newsletter, please Unsubscribe

Sent via

SendPulse