"Юксалиш" ҳаракатининг ахборотномаси, 2021 йил, май

logo_uz
logo_uz_3

Ўзбекистонда демократия

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати ва Ижтимоий-иқтисодий ташаббуслар институтининг ойлик бюллетени

      Ахборотнома № 9                                                                                                       2021 йил 5 май  

Ўзбекистон илк бор дунёнинг энг яхши мамлакати рейтингига киритилди

US-News-and-World-Report

Ўзбекистон илк бор дунёнинг энг яхши мамлакатлари рейтинги дан жой олди. Рейтинг АҚШнинг "U.S. News & World Report" журнали томонидан эълон қилинган.

Рейтинг тўртта ҳудуддан 17 мингдан зиёд киши ўртасида ўтказилган сўровномага асосланган. Улар дунёнинг 78 та мамлакатини 76 хил кўрсаткичлар бўйича баҳолаган.

Ўзбекистон сўров якунида 100 баллдан 3,4 балл тўплаган ва 78 та давлат ичида 73-ўринни эгаллаган. Рейтингдан МДҲ мамлакатларининг яна 5 давлати — Россия (24-ўрин), Озарбайжон (66-ўрин), Украина (71-ўрин), Қозоғистон (72-ўрин), Беларусь
(75-ўрин) жой олган.

Кучли бешликка Канада, Япония, Германия, Швейцария ва Австралия кирган.

Инфографикни кўриш

IREX 15 йил ўтиб Ўзбекистонга қайтмоқда

IREX

Ўзбекистон адлия вазирлиги 12 апрель куни Бош офиси АҚШда жойлашган Халқаро тадқиқотлар ва алмашувлар кенгашининг (IREX) филиалини давлат рўйхатидан ўтказди.

“Филиалнинг асосий мақсад ва вазифалари Ўзбекистонда фаровон ва тенг ҳуқуқли жамият қурилишига ҳисса қўшиш, Ўзбекистон ёшларининг имкониятларини кенгайтириш ва бўлажак раҳбарларни тарбиялашга, сифатли таълим ва ахборот олиш имкониятларини кенгайтиришга кўмаклашиш.

IREX, шунингдек, Ўзбекистонга инглиз тили соҳибларини жалб қилган ҳолда ўқитувчилар малакасини оширишга ҳамда талабаларни инглиз тилини интенсив равишда ўрганишини таъминлашга кўмаклашади.

Филиал ўз мақсад ва вазифаларини Ўзбекистон Халқ таълими, Инновацион ривожланиш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.

Маълумот учун, ушбу ташкилот филиали аввал Ўзбекистонда фаолият кўрсатган, 2006 йилда суд қарори билан “устав ҳужжатлари ва миллий қонунчилик бузилгани” учун ёпилган эди.

Аввалроқ Адлия вазирлиги Ўзбекистонда Халқаро таълим бўйича Америка кенгашлари (ACCELS) ваколатхонаси ҳамда Винрок халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш институти (Winrock International) филиалини рўйхатдан ўтказди.


Ўзбекистоннинг тўртта вилоятида эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳа ишга туширилмоқда

COVID_uzb

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, “Сабр” Республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази, Республика “Istiqbolli avlod” ижтимоий-ахборот маркази ҳамкорликда Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги билан “COVID-19 пандемиясининг Ўзбекистон фуқаролик жамиятига таъсирини юмшатиш дастури” лойиҳасини ишга туширмоқда.

Лойиҳанинг умумий қиймати 1 млн еврони ташкил этади (учта лойиҳага 400, 300 ва 300 минг евродан ажратилади). Дастур доирасида 18 ой давомида Андижон, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларининг олис қишлоқ худудларида аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини аниқлашга, моддий ва номоддий ёрдам кўрсатишга кўмаклашиш режалаштирилган.

Батафсил

Эндиликда фуқаролар ҳам Конституциявий судга мурожаат қилиши мумкин

court

Президент Шавкат Мирзиёев 27 апрель куни “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар қаторига қуйидагилар киритилди:

  • Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил;
  • Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий маркази;
  • Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил.

Фуқаролар ва юридик шахслар қонун уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузмоқда деб ҳисобласа ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақли.


МСК президентлик сайловларига тайёргарликни бошлади

elec

Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий чора-тадбирлар Дастурини тасдиқлади. Дастур пандемияни ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқий маданият ва сайловчилар фаоллигини ошириш, АКТни сайлов жараёнига жорий этиш ва сайловга тайёргарлик вазифаларини белгилайди.

14 апрель куни МСК мажлисида Ўзбекистон президенти сайловини ўтказувчи округ ва участка сайлов комиссияларининг фаолияти тартибини белгилаб берувчи ҳамда президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзоларни тўплаш ва имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириш тартиби, президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартибига доир Низомлар ҳам қабул қилинди.

Эслатиб ўтамиз, февралда Конституцияга сайлов қонунчилигини такомиллаштириш ва унга ўзгартишлар киритиш билан боғлиқ ўзгартишлар киритилди. Унга кўра, Президентликка сайлов октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди. Жорий йилга бу кун 24 октябрга тўғри келади.

Бу йил Марказий сайлов комиссияси давлат бюджетидан “жорий харажатлар учун” 2020 йилга нисбатан 74 баравар кўп —
4,1 млрдга нисбатан 304,2 млрд сўм маблағ ажратди.


“Шаҳарсозлик тўлқини” флешмоби эълон қилинди

sh2

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати қошидаги архитекторлар- лойиҳаловчилар ташаббуси — "Шаҳарсозлик тўлқини" Халқаро ёдгорликлар ва обидалар кунига бағишлаб ижтимоий тармоқларда флешмоб эълон қилди.

Мақсад — Ўзбекистон ҳудудларидаги нураб қолган ноёб ёдгорликлар, тарихий жойлар, меъморий обидаларни муҳофаза қилиш ва сақлашга жамоатчилик эътиборини жалб қилиш.

"Челленж"га қўшилиш учун ижтимоий тармоқларда #shaharsozliktolqini #градостроительнаяволна хештегларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистоннинг обидалари, тарихий бинолари муҳрланган сурат/видеоларни жойлаштириш лозим.

Флешмоб шу йилнинг 20 майига қадар давом этади. Якунда экспертлар келажак лойиҳалар учун локация бўладиган 3 та бинони танлайди.

Эслатиб ўтамиз, "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати қошида маҳаллий архитекторлар ва лойиҳаловчилар бирлашмаси — "Шаҳарсозлик тўлқини" ташаббуси ташкил топди. Мақсад — архитектура-қурилиш соҳасидаги ислоҳотлар, илғор ғоя ва лойиҳалар, соҳа мутахассисларининг якдил фикрларини тарғиб қилиш.

Батафсил

Ёшлар учун янги субсидия ва имтиёзлар

yoth

Президент фармони билан ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишнинг янги тартиблари ўрнатилмоқда.

Ҳужжатга мувофиқ, хусусан, 1 майдан “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун субсидиялар берилади. 5 ёшгача бўлган иш берувчиларга 2023 йилгача ижтимоий солиқ қайтариб берилади. Тошкентда ижарада яшаётган талабаларга ижара тўловининг БҲМнинг 1, вилоятдагиларга эса 0,5 баравар миқдоридаги қисми қоплаб берилади.

 “Халқ банки” ҳудудларда хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларни бизнесга тайёрлаш, маслаҳат бериш ва бандлигини таъминлаш мақсадида “Юз минг тадбиркор хотин-қизлар” лойиҳасини амалга оширади.

Лойиҳа доирасида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти, ихтисослашуви ва бошқа хусусиятларини инобатга олиб, қиймати 33 миллион сўмгача бўлган тайёр бизнес-режалар банкини яратиш, 30 ёшгача бўлган хотин-қизларнинг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда, мос йўналишлар бўйича (ошпазлик, қандолатчилик, сартарошлик ва бошқалар) малакали мутахассислар иштирокида маҳорат дарслари ва ўқув тренинглар ташкил этиш кўзда тутилган.


Таълим тизимида коррупция хавфини ўрганишда Ўзбекистондаги 112 та мактаб қамраб олинади

antikorlab

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати “Ўзбекистонда биринчи антикоррупция лабораторияларини яратиш” лойиҳаси доирасида республикадаги мактабларда болани 1-синфга қабул қилиш жараёнининг шаффофлигини ўрганиш ташаббусини илгари сурган эди.

Тадқиқотнинг биринчи босқичида ўзбекистонлик ва халқаро экспертлар амалдаги қонунчиликни ва таълим тизимини таҳлил қилди. Кейинги қадам жойлардаги сайёр тадқиқотлар бўлди. Ўрганишлар болани мактабга қабул қилиш жараёнининг бевосита иштирокчилари бўлган ота-оналар ва мактаб ходимларининг фикрича, мактабга қабул қанчалик очиқ ва ошкора бўлиши кераклигини аниқлаш мақсадида ўтказилмоқда.

Айни пайтда тадқиқот методологияси ишлаб чиқилган, тажриба тариқасида сўровномалар ва тегишли тоифадаги шахслар билан суҳбатлар ўтказилган.

Батафсил

Марказий Осиё: Минтақавий ҳамкорликдан барқарор тараққиёт сари

TDC

8 апрель куни Тошкентда Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик ва барқарор тараққиёт масалаларига бағишланган Халқаро мунозара клубининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.

Унда етакчи маҳаллий ва хорижий экспертлар коронавирус пандемиясидан кейинги даврда Марказий Осиё мамлакатларида кутилаётган минтақавий ҳамкорлик, умумий таҳдид ва чақириқлар борасида фикр алмашди.

Батафсил

ЮНEСКО Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини нишонлаш ҳақида қарор қабул қилди

beruniy

ЮНEСКО Ижроия Кенгашининг 211-сессиясида буюк олим Абу Райҳон Беруний (973-1048) таваллудининг 1050 йиллиги ЮНEСКО шафелигида 2022-2023 йилларда кенг нишонланиши бўйича қарор қабул қилинди.

Бош вазир ўринбосари, ЮНEСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси раиси Азиз Абдуҳакимов таъкидлашича, мазкур юбилей санасини ЮНЕСКО раҳнамолигида нишонлаш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси томонидан ишлаб чиқилган ва Бош қароргоҳга тақдим этилган номзодлик ҳужжати Эрон Ислом Республикаси, Тожикистон ва Туркия каби давлатлар томонидан қўллаб-қувватланган. Шунингдек, ушбу қарор жорий йил ноябрь ойида Парижда бўлиб ўтадиган ЮНEСКО Бош анжуманининг
41-сессиясида тасдиқланиши кутилмоқда.

Маълумот учун, Беруний 973 йилнинг 4 сентябрида Хоразмнинг қадимий пойтахти Кат шаҳри (ҳозирги Қорақалпоғистондаги Беруний шаҳри) яқинида таваллуд топган. Олим 150 га яқин асарни яратиб, ўз давридаги аниқ, табиий ва ижтимоий фанларнинг деярли барча соҳаларига тааллуқли катта илмий мерос қолдирди. Беруний асарлари кўплаб тилларга таржима қилинган ва шу кунгача ҳам ўз долзарблигини сақлаб қолган.


“Жаслиқ”да ҳалигача умрбод озодликдан маҳрум қилинган юзга яқин маҳкум сақланмоқда

jas

Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган “Жаслиқ” қамоқхонаси расман ёпилгани эълон қилинган бўлса-да, фаолият юритишда давом этмоқда ва у ерда умрбод озодликдан маҳрум қилинган юзга яқин маҳкум сақланмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов “Kun.uz” интернет-нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

“Президент [ўшанда] тез орада ёпамиз, деди, лекин мавжуд шароит бунга тайёр эмасди. Чунки “Жаслиқ”да умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган маҳкумлар бор эди. Уларни тўғри келган қамоқхонага кўчириб бўлмасди, чунки бундай маҳкумлар учун шароитлар сал бошқачароқ бўлиши керак. Бу борада дунё стандартлари бошқача. Умрбод озодликдан маҳрум қилинган маҳкумлар алоҳида зонада сақланиши керак. Президент “Жаслиқ” ёпилишини эълон қилган вақтда бу зоналар ҳали тайёр эмасди”, — деди А.Ташанов.

“Президентга ҳаммаси ҳал бўлди, муаммо бўлмайди, деб ҳисобот берилган бўлиши мумкин. Лекин у ерда сақланаётган маҳбусларнинг қариндошлари бор, улар доим учрашувларда бўлади. Бир неча маҳбусларнинг яқинлари бизга мурожаат қилди. “Жаслиқ” ҳали тўлиқ ёпилмаганини, у ерда юзга яқин умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган маҳкумлар сақланаётгани ҳақидаги хабарни чиқаришга шошилганимиз йўқ, суриштирдик, сўрадик”, - деди “Эзгулик” жамияти раиси.

Унинг айтишича, жазони ижро этиш тизимига яқин манбалари орқали Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган, ўта оғир жиноятларни содир этган шахсларни сақлаш бўйича дунё стандартларига мос келувчи замонавий қамоқхона қурилаётгани ҳақида маълумотлар олган.

“Шу қамоқхона битса, ҳозир “Жаслиқ”да олиб қолинган маҳкумлар у ерга кўчириларкан. Бу – нормал ҳолат. Лекин буни яшириб ўтириш ёки бундан қандайдир уят ҳис қилиш, “ўша пайтда ёпилди деб қўйгандик, тўлиқ ёпилмагани ошкор бўлса, ёлғончига чиқиб қоламиз”, деб ҳадиксираш нотўғри”. – дея қўшимча қилади Ташанов.


Қурилишда энергия самарадорлик: Ўзбекистон БМТ лойиҳасида иштирок этади

9d31bdaa224281a17aa4f664917de6ad

БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси шафелигида Арманистон, Грузия, Қирғизистон, Молдова Республикаси, Тожикистон, Украина ва Ўзбекистондаги қурилишларда энергия самарадорликни ошириш бўйича лойиҳа ишга туширилди.

Янги лойиҳа юқори самарали бинолар қурилишини енгиллаштириш ва қурилишда энергия тежайдиган материаллар, технологиялар ва ускуналар етказиб беришни ташкил этиш учун мўлжалланган. Энергия тежайдиган биноларнинг рентабеллигини глобал исишга қарши курашиш ва барқарор ривожланишни таъминлашга миллий белгиланган улушлар билан боғлаш кўзда тутилган. Гап нафақат қурилиш вақтида энергияни тежаш, балки лойиҳа тугагандан сўнг энергияни тежайдиган биноларни бошқариш усулларини сақлаб қолиш билан ҳам боғлиқ, дейилади хабарда.

Янги лойиҳа муаллифлари қурилишда энергияга бўлган талабни фаол равишда пасайтириш, энергетика соҳасини карбонсизлаштириш ва энергияни тежайдиган материаллардан фойдаланиш иқлим ўзгаришини секинлаштиради ва иқтисодиётга катта фойда келтиради, деб ишонади.

Экспертлар расмийлардан биноларни реконструкция қилиш лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга, “кам углеродли” инфратузилмага инвестиция йўналтиришга ва энергия тежайдиган материаллар ва “яшил” иш ўринлари билан таъминлайдиган компанияларни қўллаб-қувватлашга чақиради.


2020 йилда 500 нафардан ортиқ вояга етмаганлар ўз жонига қасд қилган

496x248

23 апрель куни ўтказилган Олий Мажлис Сенатнинг ўн тўртинчи ялпи мажлисида Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Нариман Умаров 2020 йилда репродуктив саломатликни, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга оид қонун ҳужжатлари ижросини таъминлашдаги камчиликлар оқибатида гўдаклар ўлими 428 тага, оналар ўлими 10 тага ошганини маълум қилди.

Прокуратура органлари томонидан вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасида амалга оширилган ишларга қарамай, Нариман Умаров соҳадаги камчиликларга эътибор қаратди. Хусусан, 2020 йили вояга етмаганлар томонидан 1134 та жиноят содир этилган ва 526 нафар вояга етмаган шахс ўз жонига қасд қилган.

Бу давлат органлари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган чора-тадбирлар етарли даражада самарали эмаслигидан далолат беради”, — деган сенатор.

Унинг сўзларига кўра, умумий жиноятчилик 34,7 %га, оғир ва ўта оғир жиноятлар 49 %га, шу жумладан, қасддан одам ўлдириш 13 %га, қасддан оғир шикаст етказиш 13 %га, номусга тегиш 27,7 %га, босқинчилик 18,5 %га ошган.

Долзарб мавзулар

COVID-19га қарши вакцина билан 850дан зиёд ўзбекистонлик эмланди

vac

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакциналар билан эмланганлар сони 856 мингдан ошди. 1 май куни 58 минг 235 киши эмланган.

Вакцинани, биринчи навбатда, 65 ёшдан ошган фуқаролар ва тиббиёт ходимлари бепул қабул қилмоқда. Айни пайтда Covishield (AstraZeneca) ҳамда ZF-UZ-VAС2001 хитой-ўзбек вакцинаси таклиф қилинмоқда. 23, 27 апрель кунлари мамлакатга Россиянинг “Спутник V” вакцинасининг иккита партияси келтирилди.

Апрель ойида Ўзбекистонга қуйидаги вакциналарнинг янги партиялари олиб келинди:

  • 23 апрель — Россиянинг Н. Ф. Гамалея номидаги илмий марказ томонидан ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши “Спутник V” вакцинасининг илк партияси етказилди. Миқдори маълум қилинмаган.
  • 27 апрель — ZF-UZ-VAC2001 хитой-ўзбек вакцинасининг 1 миллион доза миқдоридаги иккинчи партияси етказилди. Ҳудди шу миқдордаги биринчи партия ўтган ойда келтирилган.
  • 27 апрель — Россиянинг “Спутник V” вакцинасининг 50 минг дозадаги иккинчи партияси етказилди.

Ўзбекистон Ҳиндистонга инсонпарварлик ёрдамини юборди

366x183

1 май куни Ўзбекистон Ҳиндистонга мобиль кислород концентраторлари ва тиббий буюмлар тўпламидан иборат инсонпарварлик ёрдамини жўнатди.

Деҳли аэропортида Ўзбекистон элчиси Дилшод Аҳатов Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлиги ва Қизил ярим ой жамиятининг масъул вакилларига мобиль кислород концентраторлари ва тиббий буюмлар тўпламларини тақдим этди.

2020 йилда Ҳиндистон Ўзбекистонга COVID-19ни даволашда фойдаланиладиган тиббий препаратлар, жумладан, гидроксихлорохин ва бошқа таблеткаларни етказиб берди. 2021 йил март ойида Ўзбекистон COVAX дастури доирасида Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган 660 минг доза CoviShield (AstraZeneca) вакцинасини қабул қилди. Июнь ойида ушбу вакцинанинг навбатдаги партияси келтирилиши кутилмоқда.


Суриядан 24 нафар аёл ва 69 нафар бола қайтарилди

18581738_67_0_1134_800_1280x0_80_0_0_90c952d73ff2fc3adf34861a3b2a5990

“Меҳр-5” инсонпарварлик операцияси доирасида Суриянинг уруш ўчоқларига бориб қолган ва уч йилдан ортиқ вақт давомида “Ал-Хол” лагерида ушлаб турилган 24 нафар аёллар ва 69 нафар болалар Ўзбекистонга қайтариб олиб келинди.

Мазкур аёллар ва болалар Тошкент вилоятидаги “Бўстон” санаторийсига жойлаштирилди, бу ерда уларга тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш чоралари кўрилади.

Эслатиб ўтамиз, шу вақтгача тўрт марта ўтказилган “Меҳр” операцияси давомида Сурия, Ироқ ва Афғонистонда оғир ва чорасиз вазиятга тушиб қолган 438 нафар аёллар ва болалар Ватанга қайтарилди.


Янги тайинловлар

kabuljanov

Юсуп Кабулжанов  Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби ва расмий вакили этиб тайинланди.

Ушбу лавозимда у ТИВ матбуот котиби сифатида 2020 йил мартидан бери ишлаган Авазбек Ходиметовни алмаштирди.

Юсуп Кабулжанов дипломатия соҳасида 2009 йилдан буён ишлайди. 2009−2016 йилларда Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати иккинчи котиби, биринчи котиби, вазирлик ҳузуридаги “Жаҳон” ахборот агентлиги директори ўринбосари бўлиб ишлаган.

2016−2018 йилларда Ташқи ишлар вазирлиги Маданий-гуманитар алоқалар бошқармаси бошлиғи, 2018−2021 йилларда Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги (Россия Федерацияси) Бош консули сифатида фаолият юритган.


ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари янги координатори фаолиятини бошлади

pierre_15b8e41e

ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори идораси раҳбари сифатида 2016 йилнинг майидан буён ишлаб келган канадалик Жон МакГрегор фаолиятини якунлади. ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори идорасининг янги раҳбари этиб швейцариялик дипломат Пьер фон Аркс тайинланди. У янги вазифасини бажаришга 2021 йил май ойида киришди.

Маълумот учун, Пьер фон Аркс ЕХҲТнинг Бишкекдаги Дастур бюросига раҳбарлик қилиб келаётган эди. 2006—2016 йилларда у Швейцариянинг ЕХҲТ ҳузуридаги миссиясида маслаҳатчи, сўнгра Доимий вакил ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Жон МакГрегор энди ЕХҲТнинг Туркманистондаги миссиясига раҳбарлик қилади.


Россиянинг Ўзбекистондаги янги элчиси лавозимига киришди

malginov2

Россиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Олег Мальгинов ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловга ишонч ёрлиғини топширди.

Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.

Эслатиб ўтамиз, Олег Мальгинов ушбу лавозимда 2009 йилдан бери фаолият юритиб келган Владимир Тюрденевнинг ўрнини эгаллади.


Ўзбекистон ва рейтинглар

Матбуот эркинлиги рейтингида бир поғонага пастлаш

regions_visuel_rsfindex_20207

Ўзбекистон “Чегарасиз мухбирлар” халқаро нодавлат ташкилоти (RSF) томонидан тузилган матбуот эркинлигининг янги рейтинги (2021 World Press Freedom Index)да 180 та давлат орасида 157-ўринни эгаллади ва аввалги рейтингдан бир поғона пастлади.

Ушбу рейтингда Ўзбекистоннинг пастлаши биринчи марта 2018 йилда кузатилган эди. Ўшанда мамлакат ўз ўрнини яхшилай бошлаган ва 169-ўриндан 156-ўринга кўтарилган. 2019 йилда Ўзбекистон индексда “қора ҳудуд”ни тарк этиб, 160-ўринни, 2020 йилда эса 156-ўринни эгаллаган.

Рейтинг тузувчиларининг қайд этишича, “Ўзбекистонда ҳукумат мансабдорларини танқид қилиш ҳали ҳам мумкин эмас”, Ҳукуматнинг ўзи эса “ОАВ устидан жиддий назоратни сақлаб қолмоқда”.

“Ўзбекистонда сиёсий плюрализмга эришмай туриб, матбуот эркинлигини тўлалигича таъминлаб бўлмайди. Олдинда ҳали ҳам узоқ йўл турибди”, дейилади RSF ҳисоботида.


Бошқа янгиликлар

rus2

Ҳукумат қарори билан “Ўзбекистон Республикаси фуқароларига хорижий давлат ҳудудида яшаш учун маблағларсиз қолган тақдирда, молиявий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, хорижда пулсиз, қийин аҳволда қолган Ўзбекистон фуқаролари қарз шартномаси асосида суткалик яшаш учун 100 АҚШ долларигача, транспорт харажатлари учун 1000 АҚШ долларигача моддий ёрдам олиб туриши мумкин. Қарз миқдори аризачи яшаётган ҳудуддан келиб чиқиб белгиланади. Қарз олган фуқаро 30 кунда республика бюджетига қарзни қайтаради.

Ушбу #инфографикада кўрсатилиши мумкин бўлган молиявий ёрдам қаерда ва қанча берилиши акс этган.

Инфографикни кўриш

Самарқандда Қозоғистон бош консулхонаси очилди

uzb-kaz

Самарқандда Қозоғистон бош консулхонаси очилди. Бу ҳақда ўтган йили Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев тегишли фармонни имзолаган эди.

Консуллик округлари этиб Самарқанд, Бухоро, Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси белгиланди.

Консулхона Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида инвестицион, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш бўйича вазифаларни бажаради.

Эслатиб ўтамиз, март ойида Самарқандда Туркия бош консулхонаси ҳам очилган эди.


Тошкентдаги маҳаллаларни ободонлаштириш учун 2 млрд сўмдан ажратилади

06

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги 524 та маҳаллани ободонлаштириш учун ҳар бирига 2 млрд сўмдан, жами 1 трлн 48 млн сўм маблағ ажратиш бўйича мутасаддиларга кўрсатма берди.

Давлат раҳбари пойтахтнинг Яшнобод туманидаги “Парвоз” маҳалласини намуна қилиб олиб, шаҳардаги барча маҳаллани шундай обод қилиш бўйича топшириқ берган.

Йил бошида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев сайловчилар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун шаҳар депутатининг ҳар бирига 2 млрд сўмдан (жами 120 млрд сўм), туман депутатларига 100 млн сўмдан ва секторла раҳбарларига 5 млрд сўмдан ажратилишини айтган эди.


Давлат идоралари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари учун қўлланма тайёрланди

OC

Ўзбекистонда “Инновациялар учун шериклик” дастури доирасида “Ўзбекистон Республикаси давлат органлари ҳузурида жамоат кенгашларини ташкил этиш ва ривожлантириш” махсус услубий қўлланма тайёрланди.

Қўлланмада Ўзбекистон давлат идоралари ҳузуридаги жамоат кенгашлари (ЖК) фаолияти, ушбу институтни ривожлантириш бўйича халқаро тажриба бўйича таҳлилий шарҳ берилган. ЖК таркибини шакллантириш ва тасдиқлаш тартиби ва қоидалари батафсил кўриб чиқилган, тузилмаси ва таркиби, тадбирлар режаси ҳамда асосий фаолиятни ташкиллаштириш, шу жумладан жамоатчилик назорати (мониторинглар, эшитувлар, экспертизалар) бўйича тавсиялар ишлаб чиқилган.

Нашр маълумотнома, ташкилий-услубий ва амалий қўлланма сифатида давлат идоралари ҳузуридаги жамоат кенгашлари учун тавсия этилади.

Қўлланма айни пайтда ўзбек тилига таржима қилинмоқда.

Батафсил

Ўзбекистон ННТлари муваффақият тарихи

Ўзбекистонлик жамоа Оролни тиклаш бўйича энг яхши ғояни таклиф қилди

aral

“2021 — Орол денгизи ҳудудида ерларни қайта тиклаш” бутунжаҳон илғор технологиялар танловида тўртта ғолибларидан бири “Орол асал боғлари” деб номланади. Лойиҳани ўзбекистонлик Наталья Акиншина ва Азамат Азизовлар ишлаб чиққан.

Уларнинг лойиҳаси асаларичиликни ривожлантириш учун гуллайдиган дарахтларни экишни кўзда тутади, бу ўрмонларни тиклаш билан бирга, янги иш ўринлари ва аҳолини даромад билан таъминлайди.

Тўртта ғолиб Жаҳон банки томонидан Глобал Ландшафт Форум (GLF), Қозоғистон-Германия университети (DKU) ва Plug and Play (P&P) инновацион компанияси билан ҳамкорликда ўтказилган виртуал маросим пайтида эълон қилинди. Танловга 28 мамлакатдан 159 та таклиф юборилди. Жаҳон банки ва ҳамкор ташкилотлар экспертлари тақдим этилган материалларни баҳолаб, 24 та лойиҳани танлади.

Ўзбекистонликлардан ташқари Нидерландия, Тожикистон ва Грециянинг лойиҳалари энг яхши деб тан олинди. Танлов ғолибларига 5000 АҚШ доллари ва менторлик дастурида қатнашиш имконияти берилди.

Иккинчи ўрин, 1000 АҚШ доллари ва “Порлоқ юлдуз” фахрий унвонига Ўзбекистоннинг яна бир лойиҳаси — Уруғ ичидаги денгиз: ерларни тиклаш учун агроўрмончилик соҳасида регенератив ечимлар" лойиқ кўрилди. Иккинчи ўрин, шунингдек, Қирғизистон, Германия ва Голландия лойиҳаларига ҳам берилди.


 Mehr va оqibat уйсиз ҳайвонларини стерилизация қилиш бўйича ҳудудий ветеринарларни ўқитиш лойиҳасига қўл урди

doggo

Mehr va оqibat” ҳайвонларни ҳимоя қилиш нодавлат жамияти Тошкентнинг хусусий клиникаларида бошпанасиз ҳайвонлар (мушук, итлар)ни стерилизация қилиш бўйича ветеринарларни ўқитиш лойиҳасини йўлга қўйди.

Уйсиз ҳайвонлар сонини инсоний йўл билан қисқартириш дастурини уларни стерилизация ва кастрация қилиш (бичиш) йўли билан амалга ошириш таклиф қилинмоқда. Бироқ ҳайвон ҳимоячилари мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида ушбу жарроҳлик амалиётини ўтказиш салоҳиятига эга ветеринарлар йўқлиги муаммосига дуч келган.

Шунинг учун наслчиликка мўлжалланмаган ҳайвонларни мажбурий стерилизация қилиш тўғрисида ҳозирча гапира олмаймиз. Бу узоқ давом этадиган жараён ва давлатнинг ёрдамисиз уддалай олмаймиз”, — дея таъкидлайди жамият.

“Mehr va оqibat” жамиятининг ушбу лойиҳаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Тошкент давлат аграр университети ҳамда Тошкент вилояти ветеринария бошқармаси томонидан қўллаб-қувватланди. Ҳозирда қўмита ва ОТМ билан ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолашга тайёргарлик кўрилмоқда. Бошқарма билан эса ҳужжат аллақачон имзоланди.

Лойиҳанинг биринчи босқичида Тошкент вилоятидан бўлган ветеринарлар пойтахтдаги “Доктор Вет”, “Liga Vet”, “Doctor & Animals”, “Импульс” ва “Доктор Айболит” хусусий ветеринария клиникаларида стерилизация бўйича ўқишади.


Тошкентлик мактаб ўқувчилари Чирчиқ боғини тозалашди

eYUkUq16190946430417_l

Тошкент шаҳридаги тўртта хусусий мактаб ўқувчилари Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳридаги боғни тозалаш акциясини ўтказди. Акция 22 апрелда нишонланадиган Халқаро Она Ер кунига бағишланди.

Тадбир Ўзбекистон нодавлат таълим муассасалари ассоциацияси ташаббуси билан ташкил этилди. Уюшма раиси Феруза Ваҳобова тозалаш учун жой ажратишни сўраб шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилди.

Ташкилотчилар таъкидлашича, акция баъзи талабалар учун аллақачон анъанавий бўлиб қолган. Аввалроқ ўқувчилар Тошкент вилояти Паркент туманидаги Паркент дарёси қирғоғини ва Сўқоқ ўрмон хўжалиги корхонасини тозалашга борган.

Одамлар ўзларидан кейин ахлат қолдирмаслик учун, ахлат қутилари ва огоҳлантирувчи белгиларни ўрнатиш керак, деб ҳисоблайди акция ташкилотчилари.

Ёшларнинг фикрига кўра, интерактив тадбирлар деворий газеталар ва тақдимотларга қараганда жамиятга кучлироқ таъсир кўрсатади. Шунинг учун ўқувчилар ижтимоий тармоқлар орқали бошпанасиз ҳайвонлар учун "Ҳаёт" макони фаолияти ҳақида сўзлаб беришни режалаштирган. Бу ерда жамоатчилик иштирокида тадбир ташкил қилиш эҳтимоли ҳам бор.


© Copyright 2021 • info@yumh.uz • Ўзбекистон Республикаси, Тошкент ш., Ш.  Рашидов кўчаси, 16-уй

You received this email as you are on the mailing list of the Nationwide Movement "Yuksalish" (Uzbekistan). 

If you are not willing to receive the newsletter, please Unsubscribe

Sent via

SendPulse