"Юксалиш" ҳаракатининг ахборотномаси, 2021 йил, июнь

logo_uz
logo_uz_3
INL_Logo_1
Regional_Dialogue_Uzbekistan_logo_big

Ўзбекистонда демократия 

 

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати ва Ижтимоий-иқтисодий ташаббуслар институти, ҳамда "Минтақавий мулоқот" (Regional Dialogue) ҳалқаро нодавлат ташкилотининг ойлик бюллетени 

         Ахборотнома №10                                                                                             2021 йил 5 июнь 

Мазкур электрон нашр АҚШ Давлат департаменининг Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти ва халқаро гиёҳванд моддаларининг ноқонуний савдосига қарши курашиш Бюроси (INL) кўмагида тайёрланди. Ахборотлар мазмуни учун муаллифлар жавобгар, INL ёки АҚШ ҳукумати нуқтаи назарини билдирмайди. 

Ўзбекистонда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси тасдиқланди

32WYtp15797774905708_l_2

28 май куни Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасида 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси тасдиқланди. Ҳужжат гендер номутаносиблик мавжуд бўлган давлат органларида вақтинчалик квоталаш тизимини жорий қилиш орқали хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги мутаносибликни таъминлашга, хотин-қизларга нисбатан иш жойларидаги тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиб, жамиятда уларга нисбатан шаклланган салбий қарашларга барҳам беришни кўзда тутади. Шунингдек, юқори ва қуйи тизимдаги давлат органларининг раҳбарлик лавозимларига хотин-қизларни тайинлаш амалиётини кенгайтиради.

Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова қайд этганидек, Ўзбекистон тарихида илк бор миллий парламентда хотин-қизлар сони 32 фоизга етди. Айнан шу кўрсаткич билан мамлакат 190 та давлат орасидан 134-ўринни эгаллади. Сиёсий партиялардаги хотин-қизлар улуши 44 фоизга, олий таълим соҳасида 40 фоизга, тадбиркорликда 35 фоизга етди.

Хотин-қизлар ахборот-коммуникация, инновация, энергетика, мухандислик соҳаларига кенг жалб этилмоқда. 81 та вазирлик ва идорада илғор ва билимли аёллардан иборат 15 минг нафардан ортиқ кадрлар захираси шакллантирилди. Бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши 27 фоизга етди. Олти нафар аёл ҳоким этиб, бир нафари элчи этиб тайинланди.

Ўзбекистонда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси қарорлар қабул қилиш ва ижро этишнинг барча соҳаларида ҳамда даражаларида хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида тенглик тамойилини татбиқ этишга кенг қамровли ёндашувни назарда тутади. Шунингдек, Стратегия эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ва имкониятларини рўёбга чиқариш учун шарт-шароит яратиш ҳамда инсоннинг фундаментал ҳуқуқларига риоя қилиш мақсадида иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётда гендер тенглик тарғиб қилинишини таъминлашга хизмат қилади. Стратегияда барча учун тенг ҳуқуқли ва сифатли таълимли таъминлаш, қишлоқ жойларида қизларнинг олий маълумотга эга бўлиши, хотин-қизлар гендер тенглигига эришиш, зўравонликка йўл қўймаслик, одам савдосининг олдини олиш каби масалалар қамраб олинган.

Стратегиядаги йўналишлар БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ ишлаб чиқилган.


Журналистларга қарши суд жараёнида прокурорнинг роли муҳокама қилинди

1

5 май куни АҚШнинг Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти ва халқаро ноқонуний наркотик cавдосига қарши курашиш давлат департаменти бюроси (INL), Словениянинг “Минтақавий мулоқот” ноҳукумат ташкилоти Ўзбекистон Бош прокуратураси, Бош прокуратура академияси ҳамкорликда “Журналистларга қарши суд жараёнларида прокурорнинг роли” мавзусида онлайн халқаро давра суҳбати ўтказди.

Унда “Минтақавий мулоқот” ХННТ раҳбари Мьюша Север, АҚШ давлат департаментининг Марказий Осиёдаги катта маслаҳатчиси Жеймс Каллахан, Бош прокуратуранинг жамоатчилик билан ишлаш ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт  Шамсутдинов сўзга чиқди. Мулоқот давомида журналистларга қарши суд жараёнларида, шу жумладан журналистлар иштирокида кўриладиган ишлар, тергов ҳаракатларида прокурорнинг роли ҳамда уларнинг ОАВ эркинлиги ҳақида хабардорлигини ошириш аҳамиятига эътибор қаратилди.

Давра суҳбатини “Минтақавий мулоқот” ХННТ ҳуқуқий эксперти Жеймс Иглин олиб борди. ЮНЕСКОнинг сўз эркинлиги ва журналистларнинг хавфсизлиги бўлими раҳбари Гильерме Канела де Соуза Годой, ЮНEСКОнинг сўз эркинлиги ва журналистларнинг хавфсизлиги бўлими лойиҳам менежери Меҳди Бенчела каби юқори даражадаги халқаро экспертлар, АҚШнинг Миннесота қонунчилик аудитори бошқармаси ҳуқуқий маслаҳатчиси Элизабет Ставицки, АҚШнинг Миннесота журналистлар ва оммавий коммуникация мактаби университети этика ва ҳуқуқ профессори Жейн Кёртли,  Канаданинг Квебек шаҳар прокуратураси собиқ бош прокурори ва ЮНEСКОнинг журналистларга қарши жиноятлар бўйича прокурорлар учун кўрсатмаси муаллифи Сабин Кулле демократик жамиятларда қадрланадиган эркин, мустақи ва виждонли ОАВнинг халқаро тажрибасига бағишланган тақдимотлар қилди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси академияси профессори Дилзода Довудова иштирокчиларни мамлакат қонунчилигидаги айрим ўзгаришлардан, хусусан, прокурорлар фаолияти, уларнинг ОАВ иштирок этадиган ишларда белгиланган ваколатлари ҳақида хабардор қилди. Шунингдек, Бош прокуратуранинг оммавий ахборот воситалари ва блогерлар билан ишлаш стратегияси ҳақида сўзлаб берди.

Давра суҳбати савол-жавоб шаклида якунланди, унда амалиётдаги фарқланишлар, конституциявий ҳуқуқ сифатидаги сўз эркинлиги ҳамда журналист ва блогерлар фаолиятини тартибга солишда давлат идораларининг шаффофлиги ва ҳисобдорлигига урғу берилди.

Батафсил

“Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг ҳолати ва муаммолари” тадқиқотининг натижалари тақдимот қилинди

photo_2021-05-26_14-23-14

26 май куни Тошкентда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда “PeaceNexus” (Швейцария)нинг Марказий Осиёдаги фонди ҳамкорлигидаги лойиҳа доирасида ўтказилган “Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг ҳолати ва муаммолари” таҳлилий тадқиқотининг муҳим натижалари тақдимот қилинди.

Тадқиқот 4 босқичда ўтказилди, у ўзи ичига маълумотлар шарҳини, услубий семинарларни, жойларда асосий гуруҳлар билан муҳокамаларни ва тафсилотли интервьюларни қамраб олди. Тадқиқотга 338 та ННТлар — ҳам “гонго” (давлат ташаббуси билан ташкил қилинган) ва ҳам ўз ташаббуси билан ташкил қилинган ННТлар республикамизнинг барча — 14 та ҳудудий бўлинмаларидан қамраб олинди.

Батафсил

БМТ Бош ассамблеяси Оролбўйи минтақаси бўйича махсус резолюция қабул қилди

3e777ea9646d7321f0ca04cf9acb6e1d

18 май куни БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция қабул қилинди. Ушбу резолюцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган эди.

Ташқи ишлар вазирлиги қайд этишича, Оролбўйи Бош Ассамблея томонидан “Экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” сингари юқори мақом тақдим этилган илк минтақа бўлди. Ҳужжат минтақавий устуворлик, интеграция ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш бўйича БМТ тизимидаги ихтисослашган агентликлар, жамғармалар ва дастурларнинг амалий ҳаракатларини ҳамда лойиҳаларини умумлаштириш ва улар ўртасидаги мувофиқлашувни таъминлашга хизмат қилади.

Мазкур резолюцияга дунёнинг турли минтақаларидаги 60 га яқин давлатлар ҳаммуаллиф сифатида иштирок этди. Унда Бош Ассамблея Оролбўйи минтақасидаги экологик, ижтимоий, иқтисодий ва демографик вазиятни яхшилашга қаратилган минтақавий тадбирлар ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашини эълон қилди.

Ҳужжатда бундан буён ҳам Оролбўйи минтақаси табиатини тиклаш ва яхшилаш, табиий ресурсларни сақлаш ва аҳоли ҳаёт сифатини ошириш манфаатлари йўлидаги илмий-тадқиқот маслаҳатлашув фаолияти рағбатлантирилиши қайд этилган. Орол денгизи инқирози оқибатларини бартараф этиш ва Оролбўйи минтақасидаги экологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга оширишда минтақавий ҳамкорликни фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланган.

Ҳужжатда Ўзбекистон Президенти ҳузурида Оролбўйи халқаро инновация марказининг ташкил этилгани ҳамда БМТ шафелигида Оролбўйи минтақаси учун кўпшериклик Траст фондини таъсис этилгани БМТ томонидан қўллаб-қувватланиши қайд этилади.


Сенат Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилди

2XSzMn16213228212430_l

28 май куни Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь) сенаторлар томонидан кўриб чиқилди ва маъқулланди. Ўзбекистон ушбу Конвенцияни ратификация қилиб, ногиронлар учун тегишли инфратузилмани такомиллаштириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳақ-ҳуқуларини таъминлаш бўйича халқаро мажбуриятларни ўз зиммасига олади.

Сенаторлар ушбу Конвенциянинг ратификация қилиниши Ўзбекистонда ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш учун қўшимча кафолатлар яратиш имконини беришини, қонунчиликни янада такомиллаштириш учун дастур бўлиб хизмат қилишини, ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва улар учун тенг имкониятларни таъминлаш нуқтаи назаридан давлат органларининг жавобгарлигини кучайтиришини таъкидлади.

Конвенция ногиронларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, уларга нисбатан камситишга барҳам бериш, уларнинг меҳнат қилиш, ўз соғлиғини асраш, таълим олиш ва жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этиш ҳуқуқини таъминлаш, одил судловга эришиш, шахсий дахлсизлиги, эксплуатация қилинишдан ва суиистеъмолликдан ҳимояланишини, эркин ҳаракатланишини, шахсий мобиллигини таъминлашга қаратилган 50 та моддадан иборат.


USAID Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ривожини қўллаб-қувватлайди

3_CSO_conference

21—22  май кунлари АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан “Ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишда давлат ва фуқаролик жамияти ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик”- LPR номли конференция ташкил этди. Ушбу тадбир мамлакатда қонун устуворлигини таъминлашда ҳукумат ва фуқаролик жамияти ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш бўйича тажриба алмашиш ва тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида 70 нафардан ортиқ парламент, давлат идоралари ва фуқаролик жамияти ташкилотларининг вакилларини бирлаштирди.

Конференция Ўзбекистондаги фуқаролик жамияти учун қулай шароитлар яратиш ва фуқаролик жамиятининг қарорлар қабул қилиш жараёнидаги иштирокини оширишга қаратилган миллий қонунчилик ва қонунчилик ташаббусларини муҳокама қилиш учун платформа бўлиб хизмат қилди. Шунингдек, тадбир фуқаролик жамияти ташкилотларининг ижтимоий шериклик, жамоатчилик назорати ва кўнгиллилик соҳаларида кенгроқ иштирок этишига қаратилган ёндашувларни биргаликда ишлаб чиқиш имкониятини берди.

Ўзбекистонда келгуси барқарор ривожланиш қонун ижодкорлиги жараёнида фуқаролик жамиятининг фаол иштирокини талаб этади. Конференция Қонунчилик палатаси, ҳукумат ва ННТлар ўртасида мулоқотни мустаҳкамлашга ва муҳим таклифларни ишлаб чиқишда ўзаро ишонч, ҳамкорликка кўмак бўлди”, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Шуҳрат Бафоев.


Ижтимоий сўров: ҳар ўнинчи респондент оилада аёлларга куч ишлатиш мумкин деб ҳисоблайди

Screenshot_2021-06-03_154723

“Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази Халқаро оила куни арафасида никоҳ ва оилавий муносабатларнинг энг долзарб масалалари, мавжуд оилавий муаммоларни аниқлаш ва уларнинг ечимини топишга қаратилган социологик тадқиқотлар ўтказди.

Сўров натижаларига кўра, ўзбекистонликлар молиявий мустақиллик, оила учун алоҳида доимий уй-жойнинг мавжудлиги ва бўлажак эр-хотиннинг жисмоний саломатлигини оила қуришнинг асосий шартлари, деб ҳисоблайди. Аксарият респондентлар (76,5 фоиз) ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш керак, деб ҳисоблайди. Бунда ўзбекистонликларнинг фикрига кўра (73,4%), тайёргарлик жараёнида асосий ролни ёшларнинг ота-оналари ўйнаши лозим.

Тадқиқот натижалари фуқароларнинг мутлақ кўпчилиги никоҳни тузишда ФҲДЁда рўйхатга олиш тартиб-таомилини мажбурий, деб ҳисоблашини кўрсатди (97,1 фоиз). Мазкур кўрсаткич барқарор бўлиб, бир неча йилдан бери шу даражада турибди.

Сўров иштирокчиларининг аксарияти эр томонидан хотинга нисбатан жисмоний куч ишлатилишига йўл қўйиб бўлмайди, деб ҳисоблайди. Бироқ ўзбекистонликларнинг жамоатчилик фикрида хавотирли тенденция ҳам кузатилади: 10,3 фоиз респондентлар айрим ҳолларда куч ишлатиш мумкин, деб ҳисоблайди. Уларнинг фикрига кўра, аёл ўз хатти-ҳаракати билан эрини куч ишлатишга мажбур қилган ҳолларда жисмоний зўравонлик ҳолатига йўл қўйиш мумкин.

Респондентларнинг фикрича, аёлга нисбатан жисмоний зўравонлик намоён бўлишига спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш (23,5 фоиз); ўзаро тушунмовчилик (22,1 фоиз); моддий қийинчиликлар (20,6 фоиз) сабаб бўлади.


Зўравонликдан жабр кўрган аёлларни реабилитация қилиш марказлари қайта ташкил этилади

43433415_707979299554626_3092097520763928576_n

Ўзбекистон Президентининг 19 майдаги қарори билан, Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази тугатилади. Унинг негизида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ташкил этилади.

Бунда мавжуд 197 та марказлар мақбуллаштирилиб 29 та марказ, шу жумладан, 1 та республика, 14 ҳудудий ва 14 та туманлараро намунали марказлар тузилади.

Марказнинг асосий вазифалари этиб тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизларга аноним тарзда шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиш белгиланмоқда. Марказларга зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари ҳамда ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизлар жойлаштирилади. Марказларга мурожаат қилган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларининг йўқотилган биометрик паспортларини (идентификация ID-карталарини) тиклаб бериш чоралари кўрилади.

Ҳужжатга кўра, марказлар анонимлик, маълумотларнинг махфийлиги, хавфсизлик тамойиллари асосида ишлайди. Марказлар зўравонлик ва зўравонликдан азият чеккан, шунингдек, ўз ҳаётига суиқасд қилган аёллар тўғрисида зудлик билан ҳудудий ички ишлар органлари ва тиббиёт муассасаларини хабардор қилиши шарт. Бундан ташқари, ҳар ой охирида марказлар ички ишлар органларига аёлларни марказларга қабул қилиш сабаблари ҳамда уларга кўрсатилаётган ёрдам тўғрисида статистик ва таҳлилий маълумотларни тақдим этади.

24 соат давомида узлуксиз ишлайдиган “Ишонч телефони”ни ишга тушириш, бу орқали зўравонликларга дучор бўлган, ўз жонига қасд қилишга мойил аёллар мурожаат қилишлари мумкин. Улар, шунингдек, шошилинч психологик, психотерапевтик ва ҳуқуқий ёрдам олишлари мумкин.


БМТ, ЕИ ва АҚШ можароли ҳудудлардан қайтган аёллар ва болалар реинтеграциясига кўмаклашади

o0AOeV16221946643841_b

Ўзбекистон ҳукумати ва БМТнинг мамлакатдаги идораси Европа Иттифоқи ҳамда АҚШ Давлат департаментининг молиявий кўмагида Можароли ҳудудлардан қайтган аёллар ва болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича БМТ, Европа Иттифоқи ва AҚШнинг мувофиқлаштирилган ҳаракатларини бошлади.

Мувофиқлашган ҳаракатлар репатриация қилинган инсонларни жамиятга қайта интеграциялашувини қўллаб-қувватлаш учун техник ва молиявий ресурсларни ўз ичига олади. Ушбу ҳаракатлар болаларни жабрланувчилар сифатида тан олишга ҳамда болалар ва аёллар учун гендер масалалари инобатган олинган ҳамжамиятлар даражасидаги реинтеграция дастурлари ёрдамида уларнинг шахсий манфаатларини ҳимоя қилиш зарурлигига асосланган.

Давлат департаменти томонидан қўллаб-қувватланадиган дастур Ўзбекистонга йўналтирилган бўлиб, Европа Иттифоқи томонидан қўллаб-қувватланадиган дастур эса Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонни ҳам қамраб олади.

Ёрдам “БМТнинг Сурия ва Ироқдан қайтиб келган шахслар масаласи бўйича аъзо давлатларни қўллаб-қувватлаш бўйича глобал дастури” доирасида тақдим этилади. Дастур иккита таркибий қисмни ўз ичига олади:

  • биринчиси, репатриаци қилинган шахсларнинг ҳимояси ва гуманитар эҳтиёжлари учун масъул (ЮНИСЕФ бошчилигида);
  • иккинчиси, баъзи қайтиб келганлар томонидан эҳтимолий содир этилган жиноятлар учун жавобгарлик ва хавфсизликни таъминлайди (БМТ Аксилтеррор бошқармаси раҳбарлигида).

Маълумот учун, 2019 йилдан буён Ўзбекистон Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги аёллар ва болаларни қайтариш бўйича бешта “Меҳр” операциясини ўтказди. Можароли ҳудудлардан мамлакатга жами 531 киши олиб келинди.


ЮНИСЕФ ва UNFPA Қорақалпоғистон туғруқхоналарига тиббий ускуналарни тақдим этди

yR3KXH16220256786103_l

ЮНИСЕФ ва UNFPA ташкилотлари Қўнғирот, Беруний туманлари ҳамда Нукус шаҳридаги перинатал марказларига неонатал интенсив терапия бўлимлари ва операция хоналари учун 1 миллион долларлик 300 та тиббий асбоб-ускуналарни совға қилди.

Туғруқхоналарга ёрдам Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон соғлиқни сақлаш вазирликлари, ЮНИСЕФ ва UNFPA томонидан амалга оширилаётган “Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож оналари ва янги туғилган чақалоқларига перинатал ёрдам сифатини ошириш” лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда. Лойиҳа 2019 йил август ойидан буён БМТнинг Инсон хавфсизлиги бўйича кўп шерикли Trast жамғармасининг 1,6 миллион доллар миқдоридаги молиявий кўмаги билан Оролбўйи минтақасида амалга оширилмоқда. Лойиҳа бошлангандан буён Қорақалпоғистондаги барча оналар ва янги туғилган чақалоқларнинг 21 фоизи – 12 мингдан зиёд оналар ва 12 минг янги туғилган чақалоқлар ушбу туғруқхоналарда инфратузилма ва сифатли парваришлардан фойдаланди.

Долзарб мавзулар

Блогер Отабек Сатторий 6,5 йилга қамалди

366x183_615e9756

10 май куни жиноят ишлари бўйича Музработ туман судида блогер Отабек Сатторийга нисбатан очиқ суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.

Суд ҳукмига кўра, О.Сатторий ЖКнинг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “а”, “г” бандлари ва 165-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Унга узил-кесил 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди. Бунга қадар прокурор 11 йил қамоқ жазосини сўраган эди.

Суд, шунингдек, О.Сатторийни ЖКнинг 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” банди билан ҳамда  165-моддаси (товламачилик) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбсиз деб топиб, ушбу моддалар билан унинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли оқлади. 

Биз ҳукмдан норозимиз. Бу мутлақо адолатсиз ҳукм бўлди. Албатта ҳукм нусхасини олишимиз билан апелляция тартибида шикоят берамиз”, - деди блогернинг адвокати Умидбек Давлатов.


Сенат Ўзбекистон фуқаролигини олишни соддалаштириш тўғрисидаги қонунни маъқуллади

pass

29 май куни Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати ўн бешинчи ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонунга қўшимча ва ўзгартишлар киритишни маъқуллади.

Қонун қуйидаги шахсларни Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилишни кўзда тутмоқда:

- 2005 йил 1 январга қадар (амалдаги таҳрирда — 1995 йил 1 январга қадар) Ўзбекистон ҳудудида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ва муқаддам чет давлат фуқаролигига эга бўлмаган шахслар;

- 15 йил давомида Ўзбекистон ҳудудида фуқаролиги бўлмаган шахс моқомида яшаб келаётган шахслар;

- ота-оналаридан бири Ўзбекистон фуқароси деб тан олинган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ва Ўзбекистонда яшайдиган болалар.

Қонун кучга кириши учун Президент томонидан имзоланиши лозим.


Ўзбекистонда COVID-19га қарши вакцина 4,33 миллион дозага етди

1400__100_3499774740_2

Ўзбекистоннинг вакцина захираси 4 миллион 330 минг дозага етди. Шундан 2 миллион дозадан ортиғи вакцинация жараёнларида қўлланилди.

Май ойи охирида Ўзбекистонга Россиядан "Спутник V" вакцинасининг навбатдаги 70 минг дозалик 1-компоненти олиб келинди. Апрель ойида ушбу вакцинанинг 100 минг дозаси келтирилган эди (унинг 50 минг дозаси 1-компонент, 50 минг дозаси 2-компонент).

19 май куни Хитойдан коронавирусга қарши хитой-ўзбек ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг 500 минг доза миқдоридаги янги партияси олиб келинди. Бунга қадар ўзбекистонликлар ушбу вакцинадан миллион доза қабул қилганди. Март ва апрель ойларида миллион дозадан келтирилганди. ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси республикага жами 3,5 миллион дозада етказилди.

Аввалроқ Ўзбекистонга 660 минг доза миқдорида AstraZeneca (CoviShield) вакцинаси ҳам тақдим этилди.


Президент 100 нафар маҳкумни авф этди

643368_2

Президент Шавкат Мирзиёев Рамазон ҳайити арафасида қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 100 нафар маҳкумни авф этди.

Афв этилган шахсларнинг 3 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 43 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 10 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 44 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Афв этилганларнинг 12 нафарини чет эл фуқаролари, 4 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 6 нафарини аёл ҳамда 52 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.


Янги тайинловлар

ca8b15dd-7939-1588-3dc5-4225e26a2c10_adviser_3204

Шоазим Миноваров Президент маслаҳатчиси бўлди

Давлат раҳбарининг фармони билан Шоазим Миноваров Президентнинг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди.

Ш. Миноваров 2017 йилдан буён Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига, ундан аввал Тошкент Француз альянсига раҳбарлик қилган.

Турли йилларда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси, Президентнинг Давлат маслаҳатчиси, ташқи ишлар вазирининг ўринбосари, Ўзбекистоннинг Миср Араб Республикасидаги элчиси лавозимларида фаолият юритган.


Янги элчилар тайинланди

CHobanu

24 май куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Руминиянинг янги тайинланган элчиси Даниэл Кристиан Cиобануни қабул қилди. Янги элчи 2012 йилдан 2020 йил декабригача Руминиянинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхонасини бошқарган Ромео Станча ўрнини эгаллади.


Gruk

25 май куни Польшанинг янги тайинланган элчиси Радослав Грук Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловга ишонч ёрлиқларининг нусхаларини топширди.

Польшанинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Пётр Ивашкевич мамлакатдаги дипломатик миссиясини 2020 йил октябр ойида якунлаган.


Ўзбекистон ва рейтинглар

Ўзбекистон 4 та халқаро рейтингда ўрнини яхшилаган

2020 йилда 2019 йилга нисбатан ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий-ҳуқуқий соҳадаги халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг ўрни яхшиланган:

- Жаҳон банкининг Статистик салоҳият индексида 16 поғонага кўтарилиб, 146 та мамлакат орасида 61-ўринни эгаллаган

- Жаҳон мамлакатлари демократияси индексида 2 поғонага юқорилаб, 167 та мамлакат ичида 155-ўринни эгаллаган

- Глобал инновацион индексда жами 100 баллдан 24,54 балл билан 2015 йилга нисбатан ўз ўрнини 29 поғонага яхшилаб, 131 та мамлакат орасида 93-ўринни эгаллаган. Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари орасида эса 4-ўринни қайд этган

- Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонун индекси”да Ўзбекистон хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича аҳамиятга молик ислоҳотларни амалга оширган 27 та давлат қаторига киритилиб, 70,6 балл билан 5 поғонага юқорилаб, 190 та давлат орасидан 134-ўринни эгаллаган.

Ўзбекистон яшаш учун энг арзон ТОП-20 мамлакат орасида

Top20LeastExpensiveCountires-1-2048x1653

Ўзбекистон 27,12 индекс кўрсаткичи билан яшаш учун энг арзон мамлакатлар 20 талигига кирди.

Индекс озиқ-овқат маҳсулотлари, ресторанлар, транспорт ва коммунал хизматлар нархига асосланган


Бошқа янгиликлар

БМТТД Қорақалпоғистон асаларичиларига кўмак кўрсатди

Қорақалпоғистоннинг Бўзатов, Қораўзак ва Чимбой туманларидаги 8 нафар фермерга БМТТД кўмагида асаларичиликни ривожлантириш учун 80 та асалари уяси берилди.

Фермерларнинг лойиҳаларини БМТТД ва UNFPAнинг саралаш комиссияси тасдиқлади. Танлов февраль ойида Япония ҳукумати молиялаштирадиган “Оролбўйи ҳудудидаги аҳолининг иқтисодий, экологик ҳамда соғлиқни сақлаш масалаларидаги заифликларини бартараф этиш орқали турмуш барқарорлигини мустаҳкамлаш” Қўшма дастури доирасида ўтказилди. Танловда жами 27 та бизнес-лойиҳа молиялаштириш учун тасдиқланди.


Анталияда Ўзбекистоннинг фахрий консулхонаси очилди

ZzTxyx16218635825172_b

Туркиянинг Анталия шаҳрида Ўзбекистоннинг фахрий консулхонаси очилди. Мамлакатнинг фахрий консули этиб Бариш Гўкче тайинланди. 23 май куни унга консуллик гувоҳномаси ва аккредиция карталари топширилди

Фахрий консул билан Ўзбекистоннинг иқтисодий манфаатларини илгари суриш, республикага Туркия инвестицияларини жалб қилиш, маҳаллий маҳсулотларни Анталия ва Туркия бозорларига экспорт қилишда кўмаклашиш, маданий-гуманитар ва бошқа алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.


Ҳайвонларга шафқатсиз муносабат учун жиноий жавобгарлик белгиланади

court

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 28−29 май кунлари бўлиб ўтган ялпи мажлисда қонунчиликка тегишли ўзгартиришларни маъқуллади. Эндиликда ҳайвонларга нисбатан шафқатсизлик учун нафақат жарима, балки ахлоқ тузатиш ишлари ва қамоқ жазоси тайинланиши ҳам мумкин.

Ҳудди шундай муносабат ғаразли ёки бошқа мақсадларда уларга азият етказиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, БҲМнинг 25 дан 50 барваригача жарима (245 минг) ёхуд 6 ойгача озодликни чеклаш ёки 6 ойгача қамоқ жазоси қўлланилади.

Бош прокуратура ўган йилнинг ноябрида маъмурий ва жиноий қонунчиликка тузатиш киритиш бўйича ушбу таклифларни муҳокама учун эълон қилган эди. Таклифларни ишлаб чиқиш ташаббуси эса “Mehr va oqibat” ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти томонидан илгари сурилган.

 “Биз кучли фуқаролик ва инсонпарварлик жамиятини қуришда катта қадам ташладик. Олдинда ҳали қилинадиган ишлар кўп ва бу соҳада қонунчиликни такомиллаштириш, ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлиш масаласида муаммоларга ечим излаш”, - “Mehr va оqibat” жамияти ижро қўмитаси раиси Тимур Арипов.


"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати Осиё тараққиёт альянси аъзоси бўлди

photo_2021-05-10_15-02-06

"Юксалиш" УМҲ Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистоннинг "АРГО" фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциациясидан кейин Asia Development Alliance — ADA аъзолигига қабул қилинган иккинчи жамоат ташкилоти бўлди.

2019 йил сентябрда "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати демократия ва фуқаролик жамияти соҳасидаги халқаро ташкилот —  "CIVICUS" глобал альянсига қабул қилинди, 2021 йилнинг январида эса Ҳаракат Бутунжаҳон нодавлат ташкилотлари ассоциацияси (WANGO)нинг доимий аъзоси бўлган эди.


Telegram-бот орқали жамоатчилик назорати

1595486033_news_b

Бош прокуратура “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ижроси юзасидан жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш мақсадида махсус Telegram-бот дастурини ишга туширди.

2021 йилда Ўзбекистонда 7 794 та қишлоқ ва маҳаллада қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Ушбу мақсадларга 20,8 триллион сўм йўналтирилиши кўзда тутилган.

Фуқаролар ўзлари яшаётган ҳудудда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида қурилаётган бино-иншоотларда камчиликларни пайқаса, қурилиш ишларининг сифатсиз олиб борилаётгани ёки тўхтаб қолганининг гувоҳи бўлса, асл ҳолатни суратга олиб ва махсус Telegram-бот (@obod_mahalla_dasturi_bot)га жойлаштириши мумкин. Бунда объект жойлашган ҳудудни белгилаб, “юбориш” тугмасини босиш лозим. Электрон дастур ишчи гуруҳни автоматик тарзда қизил белги билан келиб тушган мурожаат ҳақида хабардор қилади. Мурожаат тушгандан сўнг, ишчи гуруҳ томонидан мавжуд салбий ҳолатни бартараф этиш чоралари кўрилади. Хизмат ҳозирча фақат ўзбек тилида ишламоқда.



Ўзбекистон ННТлари муваффақият тарихи

Онкобемор болалар учун хайрия онлайн марафони ташкил этилди

photo_2021-05-19_11-32-54_2

"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати ҳамда "Ezgu amal" жамоат фонди ҳамкорликда 11 майдан саратон билан курашаётган ва уни енгиб ўтган болалар учун "Ezgu amal" хайрия онлайн марафонига старт берди. Марафон 9 июнга қадар давом этади.

Асосий вазифа — саратонга чалинган ва даволанишнинг турли босқичларида бўлган беморларга манзилли ва мақсадли ёрдам кўрсатиш, айниқса, болалар орасида саратон касалликларини эрта аниқлаш ва ўз вақтида даволашга жамоатчилик эътиборини жалб қилиш. Бунга эришиш учун давлат идоралари, нодавлат тузилмалар, тадбиркорлар ва кенг жамоатчиликнинг саъи-ҳаракатини бирлаштириш муҳимдир. 

Жорий йилнинг 11 майидан 4 июнига қадар бемор болаларнинг тузалишига ҳисса қўшишни истаган инсонлардан 210 833 371 сўм келиб тушди. Шу жумладан, Payme, Paynet, Click, Apelsin тўлов тизимлари орқали 110 814 174 сўм, ezguamal.org веб-сайти орқали 33 019 197 сўм, юридик шахслардан махсус ҳисоб рақамига 67 000 000 сўм маблағ ўтказилди.

Батафсил

Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Кореядаги ваколатхонаси биринчи ўзбек ННТ сифатида рўйхатдан ўтди

IMG_4103

Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Корея Республикасидаги ваколатхонаси ушбу мамлакатда илк бор нодавлат нотижорат ташкилот сифатида рўйхатдан ўтди ва Инчеон шаҳрида расман фаолиятини бошлади.

Ташкилотнинг расман рўйхатдан ўтказилишида Ўзбекистоннинг Кореядаги элчихонаси, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси (Тошкент шаҳридаги), Кореядаги ватандошлар, Корея-Ўзбекистон Бизнес Ассоциацияси, Инчеон шаҳри ҳокимияти кўмак кўрсатди. Ассоциация хорижда таълим олаётган ҳамда ишлаётган ўзбекистонликлар билан ишлаш, жумладан, улар билан мунтазам равишда мулоқот олиб бориб, ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг дебочаси ҳисобланади.

—       Келгусида Корея Республикасидаги ёшларнинг маълумотлар базасини шакллантириш, олий таълим муассасалари билан яқиндан алоқа ўрнатиш, бу ердаги ёшлар билан ишлайдиган тегишли идоралар билан ҳамкорлик ўрнатиш, “Корея тажрибаси” лойиҳасини давом эттиришни режалаштирганмиз. Ҳозирда ташкилотга 20 нафар ёшлар аъзо, - дейди Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Корея Республикасидаги ваколатхонаси бош вакили Шаҳзод Турғунбоев.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида ёшлар сиёсати соҳасида белгиланган устувор вазифаларни амалга оширишга қаратилган топшириқлар ижросини таъминлаш юзасидан Ўзбекистон фуқароси бўлган ва хорижий мамлакатларда ўқиётган ҳамда меҳнат қилаётган ёшлар билан иш олиб бориш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, шунингдек, жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошида “Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси” нодавлат нотижорат ташкилоти ташкил этилди.


Ўзбекистондан 4 та ННТ грант олди

luch-sveta_3

5 май куни Марказий Осиё ва Афғонистон учун “Дунё ёғдуси” ташаббуси минтақавий дастурининг VI таркибий қисми доирасида фуқаролик жамияти ташкилотлари учун кичик грантлар мусобақаси якунининг онлайн-тақдимоти ўтказилди.

Ушбу ташаббус асосида Ўзбекистоннинг 4 та нодавлат ташкилоти минтақавий хотин-қизлар ҳаракатини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш учун грант олди. Улар орасида " NIHOL" ташаббусларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш маркази, Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази (Фарғона), Хоразм вилоятидан "Istiqbol" аёллар маркази ва "Qalb nuri" маркази бор.

"Дунё ёғдуси” ташаббуси 2030 йилгача аёллар ва қизларга нисбатан зўравонликнинг барча турларини тўхтатиш бўйича Европа Иттифоқи ва БМТ ўртасидаги глобал узоқ муддатли ҳамкорликдир.


© Copyright 2021 • info@yumh.uz • Ўзбекистон Республикаси, Тошкент ш., Ш.  Рашидов кўчаси, 16-уй

You received this email as you are on the mailing list of the Nationwide Movement "Yuksalish" (Uzbekistan). 

If you are not willing to receive the newsletter, please Unsubscribe

Sent via

SendPulse