Yuksalish umummilliy harakat

logo_uz
logo_uz_3
INL_Logo_1
Regional_Dialogue_Uzbekistan_logo_big

Ўзбекистонда демократия 

 "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати ва Ижтимоий-иқтисодий ташаббуслар институти ҳамда "Минтақавий мулоқот" (Regional Dialogue) ҳалқаро нодавлат ташкилотининг ойлик бюллетени 

         Ахборотнома №11                                                                                             2021 йил 5 июль 

Мазкур электрон нашр АҚШ Давлат департаментининг Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти ва халқаро гиёҳванд моддаларининг ноқонуний савдосига қарши курашиш Бюроси (INL) кўмагида тайёрланди. Ахборотлар мазмуни учун муаллифлар жавобгар, INL ёки АҚШ ҳукумати нуқтаи назарини билдирмайди.

Ўзбекистон Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни ратификация қилди

n12

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 7 июнь куни Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь) ратификация қилиш ҳақидаги Қонунни имзолади. Ҳужжат Олий Мажлис қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 18 майда қабул қилинган, Сенат томонидан 2021 йил 29 майда маъқулланган.

Ҳужжат Конвенциянинг 12-моддасига қўшимча шарт билан ратификация қилинди. Яъни:

“Ўзбекистон Республикаси ногиронлиги бўлган шахслар ўз ҳаётининг барча соҳаларида бошқалар билан тенг равишда ҳуқуқ лаёқатига эга эканлигини тан олади.

Ўзбекистон Республикаси Конвенция тегишли ҳолатларда ва қонунга мувофиқ ногиронлиги бўлган шахсларнинг қўллаб-қувватлашдан фойдаланишини ҳамда қарорлар қабул қилиш механизмларини алмаштиришни таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўришга, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларнинг муомала лаёқатини чеклашга йўл қўяди деб тушунганлигини маълум қилади.

Конвенциянинг 12-моддаси ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан қарорлар қабул қилишнинг ўрнини босувчи механизмларнинг бекор қилинишини талаб этадиган модда сифатида талқин этилиши мумкин бўлган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси тегишли шароитларда ҳамда лозим даражадаги ва самарали кафолатларга риоя этиш шарти билан ушбу механизмлардан фойдаланишни давом эттириш ҳукуқини ўзида қолдиради".

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни 2009 йилнинг 27 февралида имзолаган, бироқ ҳалигача уни ратификация қилмаган эди.

 


Ўзбекистон фуқаролигини олиш тартиби соддалаштирилди

n11

2005 йилгача мамлакатга келган, шунингдек, мамлакатда 15 йилдан бери муқим истиқомат қилаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон фуқаролари деб тан олиниши мумкин.

Президент 14 июнь куни “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонунга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қонунни имзолади.

Ўзгартиришга кўра:

  • 2005 йил 1 январга қадар (аввал 1995 йил 1 январга қадар эди) Ўзбекистонда доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ҳамда муқаддам чет давлат фуқаролигида бўлмаган шахслар;
  • Ўзбекистонда камида 15 йил доимий истиқомат қилган ва шу давр мобайнида чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган шахслар;
  • ота-онасидан бири (ёлғиз отаси ёки онаси) Ўзбекистон фуқароси деб тан олинган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ва Ўзбекистонда яшаб келаётган бола Ўзбекистон фуқароси деб тан олинади.

Ўзбекистон фуқароси деб тан олиш учун фактларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, ариза берувчи ушбу фактларни суд тартибида аниқлаши мумкин.

Қонун 15 июндан кучга кирди.


Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича қўшимча чоралар режалаштирилмоқда

Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга оид Президент Фармони ва Қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Ҳужжат билан, хусусан, 2022 йил 1 январга қадар:

  • вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари базаси билан электрон ҳукуматнинг идоралараро маълумот узатиш тармоғига интеграциялашган “Коррупциявий хавфларни баҳолаш электрон тизими” ишга туширилади
  • автомобиль йўллари соҳасига тегишли маълумотларни ўз ичига оладиган "SHAFFOF YO’L” онлайн-платформаси ишга туширилади

2022 йил 1 январдан субсидия ва бошқа имтиёзлар берилган субъектлар тўғрисидаги маълумотларни “Очиқ бюджет” порталига жойлаштириш тартибини жорий этиш  

Лойиҳа муҳокамаси regulation.gov.uz порталида 8 июлга қадар давом этади.

Таклиф этилаётган асосий чора-тадбирлар қуйидаги инфографикада акс этган:

n5_a23ddbbd
n6

Ўзбекистон қонунчилигига коррупцияга қарши халқаро стандартларни жорий этиш масалалари муҳокама этилди

011

Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда “Минтақавий мулоқот” нодавлат халқаро ташкилоти ҳамкорлигида жорий йилнинг 9 июнь куни коррупцияга оид қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ҳалқаро ва миллий экспертлар ўртасида муҳокамадан ўтказиш ҳамда халқаро стандартларга мослигини  аниқлаш мақсадида давра суҳбати ташкил этилди. Унда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти экспертлари,  Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси вакиллари ҳамда Бош прокуратура мутахассислари иштирок этди.

Таъкидланганидек, сўнгги 5 йил давомида давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган 70 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Давлат харидлари тўғрисида”ги, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги, “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар шулар жумласидан.

Коррупцияга қарши курашишни концептуал жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилувчи яна қатор ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш кўзда тутилган. Анжуманда уларнинг айримлари, хусусан, “Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш агентлиги тўғрисида”ги, “Давлат хизматчиларининг даромадлари, мол-мулки ва манфаатлар тўқнашувини декларация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

“Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида ягона давлат сиёсатини шакллантирувчи махсус ваколатли идоранинг асосий фаолият йўналишларини белгиловчи ҳужжат бўлиб, унда коррупцияга қарши курашиш агентлигининг мақоми ҳамда фаолиятининг ҳуқуқий асослари ва асосий принциплари; Агентликнинг давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат сектор вакиллари ва фуқаролар билан ҳамкорлиги белгилаб берилмоқда. Шунингдек, Агентликнинг давлат хизматига ҳалоллик стандартларини жорий этиш ва манфаатлар тўқнашувини ҳал қилиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси самарадорлигини таъминлаш, давлат харидлари ва бюджет маблағларидан фойдаланиш ва бошқа тартиблар белгиланмоқда.

Давра суҳбатида “Давлат хизматчиларининг даромадлари, мол-мулкини декларация қилиш ва манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонун лойиҳасига ҳам тўхталиб ўтилди.

Ушбу Қонун лойиҳалари маҳаллий экспертлар билан бир қаторда, халқаро ташкилотлар, хусусан, Жаҳон банки, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, БМТ Тараққиёт дастури, Жаҳон банки ва “Минтақавий мулоқот” ХНТ экспертларининг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари асосида ишлаб чиқилган. Уларни ишлаб чиқишда Европа Иттифоқи, Шимолий ва Жанубий Америка, Жанубий-шарқий Осиё ҳамда МДҲ мамлакатлари тажрибалари инобатга олинган.

Батафсил

Суд ҳокимияти ва ОАВнинг ўзаро муносабати: Ўзбекистон тажрибаси  ва хорижий амалиёт

c5606e910b97d51e6c8dae1cdb6e5a7f

15 июнь куни судьялар, оммавий ахборот воситалари ва халқаро экспертлар иштирокида суд ҳокимияти ва ОАВ ўртасидаги ҳамкорлик ва муносабатларнинг ҳуқуқий асоси, бу борада халқаро ҳуқуқий нормалар ҳамда хориж тажрибасига бағишланган халқаро давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда бир қатор халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари раҳбарлари, шунингдек, Беркли Суд институтининг директори Жереми Фогел (АҚШ), ЮНЕСКОнинг ОАВ билан алоқалари бўйича координатори Сабин Улле (Канада), Сильха ОАВ ҳуқуқи ва одоб-ахлоқини ўрганиш маркази директори Жейн Киртли (АҚШ) ва бошқа халқаро экспертлар иштирок этди. Улар ўз тажрибалари ва дунё миқёсида суд жараёнидаги шаффофликлар, очиқ судлар қай маънода манфаатли эканлиги тўғрисида қизғин фикрларини билдириб ўтди.

Экспертлар фикрига кўра, бугунги жамият тараққиётини очиқлик ва шаффофликсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бугунги кун шиддати суд тизими ходимлари ва ОАВ ходимлари ўртасидаги конструктив мулоқотлар самарадорлигини янада оширишни тақозо қилмоқда. Бу жараёнда суд ҳокимияти вакилларининг жамоатчилик билан ишлаш кўникмаларини янада шакллантириш қанчалик муҳим бўлса, журналистларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳам шунчалик аҳамиятга эгадир. ОАВ вакиллари суд жараёнини ёритишни мақсад қилар экан, аввало улар ахборотларни саралаш маданиятини ўзлаштиришлари керак бўлади. Журналистлар ва блогерлар иштирок этган суд жараёнлари нотўғри талқин этилмаслиги, улар тарқатган матириал жамият ва давлат обрўсига путур етказмаслиги таъкидлаб ўтилди.

Тадбирда иштирок этган халқаро экпертлар суд ҳокимияти ва ОАВ ўртасида муносабатни тартибга солувчи халқаро ҳужжатлар мазмун-моҳияти, суд ишларини ёритиш бўйича хориж тажрибаси, муаммо ва ечимлар хусусида маърузалар қилди.

Давра суҳбатида судлар фаолияти ёритилишида суд мустақиллиги ва судьялар дахлсизлиги, инсон шаъни ва қадр-қиммати, жисмоний ва юридик шахсларнинг ишчанлик обрўси муҳофазасига оид масалалар кенг муҳокама қилинди.

Тадбир ташкилотчилари: Судьялар олий кенгаши ҳамда “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти (Словения).


Омбудсман ҳузурида қийноқларни аниқлаш бўйича жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилади

n5

Ўзбекистон Президенти 26 июнь куни Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш бўйича устувор вазифалар белгиланди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузуридаги эксперт гуруҳи негизида Омбудсман ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилади.

Ушбу гуруҳларнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • ауптвахта, махсус қабулхона, вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, тергов ҳибсхонаси, жазони ижро этиш муассасаси, интизомий қисм, мажбурий даволаш муассасаларида қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича мониторинг ташрифларини мунтазам равишда амалга ошириш;
  • ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақлаш шарт-шароитларини ўрганиш ва улар юзасидан ахборотларни жамоатчиликка эълон қилиб бориш;
  • қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ҳамда уларни тезкор бартараф этиш бўйича талабномаларни тегишли давлат органига тақдим қилиш;
  • қийноққа солиш ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқишда иштирок этиш ва қийноқдан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик, тиббий ёрдам кўрсатиш ва ҳк.

Жамоатчилик гуруҳлари таркибига Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ экспертлари, тиббиёт ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари жалб қилинади.


Давлат органлари томонидан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган маълумотлар рўйхати тасдиқланди

2021 йилнинг 16 июнь куни “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони эълон қилинди.

Ҳужжат билан барча давлат органлари ва ташкилотлари томонидан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати (33 та) тасдиқланди. Жумладан, амалга оширган давлат харидлари, мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хорижий меҳмонларни кутиб олиш харажатлари, йиллик харажатлар сметаси ва бошқалар.

Шунингдек, “Давлат сирларини сақлаш тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги янги Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш белгиланган.

Президент фармонида кўзда тутилган бошқа янгиликлар қуйидаги инфографикада акс этган:

n7

Ўзбекистон президентлигига сайловлар учун давлат бюджетидан 300 млрд сўм ажратилади

8

Марказий сайлов комиссияси 16 июнь куни 2021 йил 24 октябрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси президентлигига сайловнинг Харажатлар сметасини тасдиқлади. Унга кўра, бу йилги сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга 300 млрд сўм ажратилади.

Сиёсий партия томонидан кўрсатилган номзодларнинг сайловолди ташвиқоти ва тарғибот ишларини амалга оширишга ажратиладиган маблағлар — 15,4 млрд сўмни ташкил этади. Бунда ҳар бир номзодга 3 млрд 97 млн сўмдан тўғри келади.

Сметага кўра, маблағлар қуйидаги мақсадларга сарфланади:

  • Президент сайлови бўйича 14 та округ сайлов комиссияси харажатларига;
  • 10 800 га яқин участка сайлов комиссиясининг ҳар бирини, эҳтиёждан келиб чиқиб, Давлат байроғи, Давлат герби, сайлов анжомлари билан жиҳозлаш, (яширин овоз бериш кабинаси, овоз бериш қутиси) тарқатма материаллар ва бошқа товар-моддий қийматликлар билан таъминлашга;
  • округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолигига жалб этиладиган қарийб 140 000 нафарга яқин комиссия аъзоларининг иш ҳақи ва компенсация тўловларига;
  • сайлов бюллетенлари ва таклифномаларини тайёрлаш ҳамда сайлов участкаларигача етказиб бериш учун транспорт харажатларига.

Ҳар бир округ учун қарийб 57 млн сўмдан, ҳар бир участка сайлов комиссияси учун 12 млн сўмга яқин миқдорида маблағ ажратилади.


“Мадад”нинг 57 нафар ҳуқуқшуноси USAID дастурида суд-ҳуқуқ ислоҳотлари бўйича ўқитилди

n9

"Мадад" нодавлат нотижорат ташкилоти Ўзбекистонда 58 та аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларини бошқариб келмоқда.

USAIDнинг Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари дастури (LRP) “Мадад” ННТнинг ҳуқуқшунослари салоҳиятини ошириш ҳамда уларни марказий офис ва минтақавий бюроларини керакли жиҳозлар ва мебеллар билан таъминлаш орқали қўллаб-қувватлайди.

USAIDнинг ушбу дастури кўмагида 14 июндан бошлаб ҳудудлардаги ходимлар (57 нафар ҳуқуқшунос маслаҳатчи) учун ўқув курслари бошланди. Ўқув курслари сўнгги икки йил давомида фуқаролардан ҳуқуқий масалалардаги кенг тарқалган мурожаатлар таҳлилига асосланган ҳолда ташкил этилди.

Курслар меҳнат муносабатлари, жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган ерларни сотиб олиш ва биноларни бузишнинг ҳуқуқий жиҳатлари, оилавий зўравонлик қурбонларига ҳуқуқий ёрдам ва кам таъминланган оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш каби соҳаларни қамраб олади.

Ушбу ўқув курслари ҳуқуқшуносларимиз учун жуда қимматлидир, чунки уларда экспертлар билан фаолиятига оид ишларни ва амалиётда дуч келадиган ҳар қандай қийинчиликларни, турли ҳолатларни муҳокама қилиш имкони бор. Курслар бепул юридик ёрдам сўраб бизга мурожаат қилган фуқаролар учун ҳам катта фойда келтиради”, - дейди “Мадад” ННТ ижрочи директори Тўлқин Турсунов.


Ўзбекистон президентлигига номзодлар июль ойининг охирларида маълум бўлади

n10

Шавкат Мирзиёевнинг матбуот котиби Шерзод Асадов 21 июнь куни ўтказилган брифингдан сўнг, журналистлар томонидан 24 октябрда бўлиб ўтиши кутилаётган Президент сайлови масаласидаги саволга жавоб берди. Хусусан, унга Ўзбекистонда сайлов жараёни қачон бошланади, Шавкат Мирзиёев президентликка яна ўз номзодини қўядими ва у президент сайлови борасида ўз қарорини қачон эълон қилади, дея савол берилди.

Шерзод Асадов сайловга тайёргарлик жараёни аллақачон бошланганини айтди.

Сайловолди жараёнига старт берилишига унча кўп вақт ҳам қолмади, бу — июль охири ва номзодлар ким, қачон ўз номзодини илгари суришини [билиш учун], биз албатта мана шу муддатгача кутишимиз керак. Биринчи навбатда, бу ҳар битта номзодни, ҳар битта фуқаронинг ўз конституциявий ҳуқуқи”, — деди у.

Асадов, шунингдек, барча чет эллик журналистлар учун, албатта стандартларга ва талабларга мувофиқ, умумэътироф этилган аккредитация тартиблари ишлаб чиқилишини қайд этди.

Аккредитациядан ўтган барча чет эл ОАВ вакиллари Ўзбекистонда сайлов жараёнларини бемалол ёритиши мумкин”, — деди у.

Сайлов кодексига биноан, сиёсий партия сайлов кампанияси эълон қилинадиган кунгача тўрт ойдан кечиктирмаган муддатда ўз номзодини кўрсатиши мумкин. Сайлов кампаниясининг ўзи Марказий сайлов комиссияси томонидан президент ваколатлари тугашидан камида уч ой олдин ОАВда эълон қилинади.

 


Ўзбекистон “Болалар ва ёшлар учун дўстона шаҳар” глобал ташаббусига расман қўшилди

n8_b59c042a

Мазкур ташаббусни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати БМТнинг Болалар жамғармаси — ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг 5 та шаҳрида амалга оширади.

Ташаббус болалар ва ёшларнинг бевосита уларнинг ҳаётига тегишли масалалар бўйича қарорлар қабул қилишда иштирок этишига ва тегишли равишда жойларда ҳаракат датурларини ишлаб чиқиб, уларни амалга оширишга йўналтирилган тизимли ёндашувни қўллашга имкон беради.

Саралаб олинган шаҳарларда болалар ва ёшлар учун ноодатий таълим ва билимларни оширишга, ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган платформалар яратилади, уларнинг иштирокида дастурлар амалга оширилади.

Батафсил

Европа Иттифоқи ва Европа Кенгаши Марказий Осиёдаги ислоҳотларни доимий равишда қўллаб-қувватлашини билдирди

n25

Европа Иттифоқи ва Европа Кенгаши инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, иқтисодий жиноятчиликка қарши кураш ва давлат муассасаларининг самарали фаолиятини ривожлантириш соҳасидаги ислоҳотлар жараёнини қўллаб-қувватлашда Марказий Осиёдаги ҳукуматларнинг ҳал қилувчи ҳамкорлари бўлиб қолмоқда.

Бу ҳақда 4 июнь куни Европа Иттифоқи/Европа Кенгашининг 2020—2023 йилларга мўлжалланган Марказий Осиёда қонун устуворлиги дастурининг Минтақавий Бошқарув қўмитасининг биринчи онлайн йиғилишида маълум қилинди.

Иштирокчилар Дастурнинг сўнгги 17 ойлик даври ичида Европа Иттифоқи ва Европа Кенгаши Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда ислоҳотлар кун тартибини илгари суришдаги ёрдамлари бўйича амалга оширган фаолиятнинг натижалари билан танишди.

Европа ва Марказий Осиё ўртасида умумий ҳуқуқий маконни яратиш, юридик мутахассисларнинг инсон ҳуқуқларининг халқаро стандартлари тўғрисидаги билимларини ошириш, инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, янада шаффоф иқтисодий муҳитни яратиш ва давлат бошқарувининг самарали фаолияти йўналишида биргаликда ишлаш бўйича аниқ келишув мавжуд. Европа Иттифоқи ва Европа Кенгаши вакиллари Европа ва халқаро стандартларга мувофиқ хавфсизлик, тинчлик ва самарали ривожланишнинг муҳим элементлари бўлган адолатни таъминлаш ва асосий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш учун Марказий Осиёлик ҳамкасбларини қўллаб-қувватлашда давом этишни яна бир бор таъкидлади.


Ҳукумат ва ЮНИСEФ интеграллашган ижтимоий хизматлар лойиҳасини ишга туширди

n29

Ўзбекистон Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва БМТнинг Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФ 14 июнь куни ижтимоий хизматлар кўрсатиш бўйича лойиҳани йўлга қўйди.

Лойиҳа дастлаб оиланинг ажралиши, камбағаллик, зўравонлик ва четлатиб қўйишнинг олдини олиш учун ҳамжамиятларга асосланган ижтимоий хизматларни режалаштириш, амалга ошириш, етказиб бериш ва мониторинг қилиш бўйича энг яхши халқаро тажрибани қўллаган ҳолда Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида ва Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида синовдан ўтказилади.

Ишларни бошқариш (кейс менежмент)га асосланган яхлит ижтимоий хизматларни кўрсатишни мақсад қилган ушбу лойиҳа доирасида ҳамжамият ижтимоий ходимлари ҳозирги кунда кўплаб вазирлик ва идоралар томонидан кўрсатиладиган ижтимоий қўллаб-қувватлаш хизматларини мувофиқлаштирадиган боғловчи восита бўлиши кутилмоқда.

Лойиҳа эҳтиёжларни ҳисобга оладиган ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш хизматларининг одамлар эҳтиёжларига мос равишда ишлаб чиқилишини таъминлайдиган тизим ишини таъминлайди. Синов лойиҳасининг натижалари ижтимоий ҳимоя соҳасини ислоҳ қилиш дастурининг асоси бўлиб, хусусан, ҳимояни комплекс таъминлаш учун институционал базани ишлаб чиқиш учун қўлланилади.

Синов лойиҳа доирасидаги фаолият инклюзив, эҳтиёжларга асосланган ва индивидуал хизматлардан фойдаланишлари учун аҳолининг энг кам таъминланган, ёрдамга муҳтож қатламлари, ногиронлиги бўлган инсонлар, болали оилалар ва аёллар сингари энг заиф қатламларини қамраб олади. Мазкур лойиҳа Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояни такомиллаштириш бўйича БМТнинг Қўшма дастури доирасида амалга оширилмоқда.


Самарқанд ЕТТБнинг Яшил шаҳарлар дастурига киритилди

scale_1200

Самарқанд Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг қиймати 3 миллиард еврони ташкил қилувчи “Яшил шаҳарлар” флагман дастурига қўшилиш орқали барқарор ривожланишни режалаштиришни такомиллаштирадиган биринчи шаҳар бўлди.

Ушбу қадам Ўзбекистоннинг 2050 йилгача углерод нейтраллигини таъминлашга ҳисса қўшиши кутилмоқда.

Барқарор ривожланиш дастурига қўшилган шаҳарлар ЕТТБнинг молиявий кўмагида синов лойиҳаларини амалга оширади. Жумладан, Самарқанд учун электр автобусларининг сотиб олинишига инвестиция ажратиш ҳамда атроф-муҳит ҳолатини яхшилаш, шаҳарни “яшиллаштириш” бўйича ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилиши кутилмоқда.

Глобал миқёсда атмосферага чиқадиган газларнинг тўртдан уч қисми шаҳарларга тўғри келади. 2016 йилда бошланган ЕТТБнинг “Яшил шаҳарлар” дастури кам углеродли келажак сари ҳаракат қилишга қаратилган чоралар ёрдамида иштирокчи шаҳарларнинг экологик эҳтиёжларини қаноатлантиришга ёрдамлашади.


Долзарб мавзулар

“Ҳақиқат ва тараққиёт” партиясини давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилди

n13

Ўзбекистон адлия вазирлиги “Ҳақиқат ва тараққиёт” социал-демократик партиясининг аризалари ва илова қилинган ҳужжатларини икки марта ўрганиб чиқиб, давлат рўйхатидан ўтказишни рад этди.

Вазирлик хабарида партияни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича ҳужжатлар “Сиёсий партиялар тўғрисида” ва “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонунлар талабларига риоя қилинмаган ҳолда тақдим қилингани қайд этилади.

Партия ташаббускорлари давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича бор-йўғи 9 873 та имзо йиққан, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига кўра, сиёсий партияни тузиш учун камида 8 та ҳудудий субъектда (вилоятда), шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида яшаётган ҳамда партияга бирлашиш истагида бўлган камида 20 000 фуқаронинг имзоси бўлиши талаб этилади.

2021 йил 7 апрелдаги аризага 7 675 та (қўшимча 944 та) ва 7 июндаги аризага 1 254 та имзо қўйган фуқароларнинг рўйхатлари илова қилинган. Ўрганиш жараёнида аниқланишича, имзолар рўйхатида кўрсатилган шахсларнинг 42 нафари вафот этган.

Юқорида кўрсатилган имзолар партия тузиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда турли сабаблар асосида йиғилганлиги сабабли, имзоларни ҳисобга олмаслик (бекор қилиш) ҳақида бугунги кунга қадар вазирликка жами 2 292 та мурожаат келиб тушди. Шунга кўра, “Ҳақиқат ва тараққиёт” социал-демократик партиясини давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилди”, дейилади хабарда.


Хитойдан навбатдаги бир миллион доза вакцина келтирилди

n14

Июнь ойида Ўзбекистонга Хитойдан 3 миллион доза вакцина олиб келинди.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, 10 июнда — 1 миллион доза, 29 июнда — 1 миллион доза ва 30 июнда яна 1 миллион доза ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси келтирилди. Бу ушбу хитой-ўзбек вакцинасининг мамлакатга келтирилган 7-партиясидир.

Ўзбекистоннинг вакцина захираси 7,4 миллион дозага етмоқда. Айни пайтга қадар шундан 3,5 миллион дозадан ортиғи вакцинация жараёнларида қўлланилди (6,5 миллиони ZF-UZ-VAC2001, 660 минги “AstraZeneca” (Covieshield) ва 240 минги "Спутник V” олди).

Маълум қилинишича, август ойида "Covax" дастури доирасида AstraZeneca (CovieShield эмас), Pfizer, Moderna ёки ЖССТ тасдиқлаган бошқа вакцина келиши кутилмоқда.


Тошкентда 18 ёшдан катта бўлган барча қатлами бепул эмланиши мумкин

1400__100_3499774740_2

Пойтахтда эпидемиологик вазият ёмонлашаётгани сабабли аҳолининг 18 ёшдан катта бўлган барча қатламини коронавирус инфекциясига қарши давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ихтиёрий тарзда оммавий эмлаш жараёнлари бошланди.

Аҳоли ўзлари бириктирилган оилавий поликлиникаларда эмланмоқда. Шунингдек, йирик бозорлар, супермаркетлар, мактаблар, маҳаллалар ва бошқа объектларга тегишли майдонларда эмлаш пунктлари очилди.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 30 июнь куни 3,5 миллион фуқаро эмланди.


Ташқи ишлар вазирлиги польшалик журналистнинг аккредитациясини узайтирмади

n15

ТИВ польшалик журналист, Al Jazeera телеканали мухбири Агнешка Пикулицка томонидан “Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг бузилиши ҳолатлари қайд этилганлиги” сабабли унинг аккредитациясини узайтирмасликка қарор қилди.

Аввалроқ, апрель ойида Ички ишлар вазирлиги Агнешка Пикулицкани сўнгги вақтларда содир бўлаётган воқеаларни нотўғри талқин қилишда ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларини обрўсизлантирадиган маълумотларни нашр этишда айблаган эди.


Ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатганлик учун жазо кучайтирилиши мумкин

n16

ЎзЛиДеП фракциясининг 28 июнь куни бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Лойиҳа билан Жиноят кодексининг 219-моддаси биринчи қисми (қаршилик кўрсатиш, яъни хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатиш) санкциясидаги жазо чораларини кучайтириш таклиф қилинмоқда. Жарима миқдори БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача оширилиб, 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш жазо чораси киритилмоқда ва озодликдан маҳрум қилиш жазоси 1 йилдан 3 йилгача кучайтирилиши кўзда тутилмоқда.

Депутатларнинг фикрига кўра, жавобгарликни белгилаш орқали ҳокимият вакилларининг ҳуқуқий ҳимояси таъминланади.


Интернет-нашри раҳбари диний мавзуда эълон қилинган мақолалар учун жаримага тортилди

n33

21 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Чилонзор туман суди Kun.uz нашри раҳбари ва асосчиларидан бири Махсуджон Асқаровни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 184−2-моддасида (диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топди ва уни жаримага тортди.

Ички ишлар вазирлиги терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси томонидан ўтказилган интернет-мониторинг кузатув тадбирлари давомида Kun.uz сайти томонидан диний мазмундаги мақолалар жойлаштириб келингани аниқланган. Мониторингда аниқланган материаллар ИИВ ходимларининг гумонига сабаб бўлган ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитага экспертиза ўтказиш учун юборилган.

Экспертизага берилган материаллар Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 январдаги “Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабларига зид равишда тайёрланганлиги сабабли Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланиши қайд этилган.

Эксперт хулосалари асосида суд Kun.uz раҳбари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 184−2-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди ва у базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробари (12, 25 млн сўм) миқдорида жаримага тортилди.


Янги тайинловлар

n18

10 июнь куни Микаэла Мередит АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистондаги миссияси биринчи директори сифатида ўз вазифасига киришди.

Микаэла Мередит USAIDда қарийб 30 йиллик тажрибага эга. У ушбу лавозимга тайинланишидан олдин 2018 йилдан 2021 йилгача USAIDнинг Албаниядаги вакили ва 2015 йилдан 2018 йилгача Озарбайжонда USAID Миссиясининг директори лавозимларида фаолият юритган. Бундан ташқари, у Яман, Нигерия, Конго Демократик Республикаси ва Вашингтонда (АҚШ) турли лавозимларида ишлаб келган. АҚШнинг Нью-Йоркдаги Колумбия Университети Халқаро алоқалар мактабининг магистр даражасига эга.

USAIDнинг Ўзбекистондаги икки томонлама миссияси 2020 йил сентябрь ойида ташкил этилган.

Маълумот учун: USAIDнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлиги 1992 йилдан бошланган. Америка халқи USAID орқали Ўзбекистоннинг ривожланишини қўллаб-қувватловчи дастурларга 500 млн доллардан кўпроқ маблағ ажратган.


n19

Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили тайинланди

Финляндиялик дипломат Тери Ҳакала Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили этиб тайинланди. Европа Иттифоқи Кенгашининг тегишли қарори кўра, у жорий йил 1 июлдан ўз вазифасини бажаришга киришади.

Ҳакала кўп йиллик дипломатлик фаолияти давомида Финляндия ташқи ишлар вазирлиги ҳамда ЕХҲТ тизимида масъул вазифаларни бажарган. Жумладан, Финляндиянинг Арманистон, Озарбайжон, Грузия Ҳиндистон каби мамлакатлардаги элчиси, ТИВнинг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё департаменти раҳбари, ЕХҲТнинг Грузиядаги миссияси раҳбари каби лавозимларда ишлаган. Сўнгги йилларда эса Финляндия ТИВда махсус элчи вазифасини бажарган.

Сўнгги олти йил мобайнида ЕИнинг Марказий Осиёдаги вакили вазифасини Питер Буриан бажариб келди.


Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори тайинланди

n28

Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори лавозимига Татьяна Проскурякова тайинланди. У 2016 йилдан буён ушбу лавозмда ишлаб келган Лилия Бурунчук ўрнини эгаллади.

Татьяна Проскурякова Марказий Осиёда Жаҳон банки томонидан молиялаштириладиган, умумий қиймати 10 миллиард доллардан ошадиган 80дан ортиқ лойиҳаларнинг жадал ўсиб борувчи инвестиция портфелини бошқаради. Ушбу минтақавий дастур лойиҳалар сони бўйича ҳам, Жаҳон банкининг мижоз-давлатлар олдидаги молиявий мажбуриятлари ҳажми бўйича ҳам дунёдаги энг йирик дастурлардан биридир.

Проскурякова Москва давлат университетининг иқтисод ва сиёсий иқтисод магистри ва Оксфорд университетининг фалсафа (иқтисод) магистр даражасига эга. 1992 йилдан бери у Жаҳон банки таркибида турли лавозимларда ишлаган. 2015 йилдан буён у Жаҳон банкининг Руминия, Венгрия, Босния ва Герцеговина, Черногория ва Шимолий Македонияда ваколатхоналарини бошқарган.


n20

Ўзбекистон журналистлари уюшмасига раис сайланди

Олимжон Аввалбаевич Ўсаров Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасининг янги раиси этиб сайланди.

Олимжон Ўсаров (1973 й.т.) Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини (1996), Тошкент Давлат юридик институтининг суд-прокурорлик факультетини (2002) тамомлаган.

 

У Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Олий суд ахборот хизмати раҳбари лавозимларида фаолият кўрсатган. Шу пайтга қадар “Нуроний” газетаси бош муҳаррири сифатида ишлаб келаётган эди.

Журналистлар уюшмасининг собиқ раҳбари Саъдулла Ҳакимов 2020 йил октябрида вафот этган эди. 


Ўзбекистон ва рейтинглар

“Сиёсатда аёллар” рейтингида Ўзбекистон ТОП-50га кирди

Парламентлараро Иттифоқнинг 2021 йилги “Сиёсатдаги аёллар” жаҳон рейтингида Ўзбекистон 45-ўринни эгаллади. Ҳисоботда аёлларнинг турли мамлакатлар парламенти ва ҳукуматидаги вакиллари ҳақида маълумотлар кўрсатилган.

Ўзбекистон бу борада 130 дан ортиқ давлатлар, жумладан, Германия, Австралия, Канада, АҚШ, Марказий Осиёнинг барча давлатлари ва бошқаларни ортда қолдирди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон аёллар парламентни бошқарадиган ва ҳукумат таркибига кирадиган мамлакатлар рўйхатига киритилган.


БМТнинг Барқарор ривожланиш глобал рейтингида Ўзбекистон юқорилади

n21

БМТ ва “Bertelsmann” жамғармаси томонидан эълон қилинган йиллик барқарор ривожланиш рейтингида Ўзбекистон 165 мамлакат орасида 77-ўринни эгаллади. Рейтинг маълумотлари ташкилотнинг расмий сайтида эълон қилинган.

Мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий ва экологик соҳаларда барқарор ривожланишини белгилайдиган 17 та мақсаддан олтитасига эришишда Ўзбекистон тараққиёти қайд этилган. Хусусан, қуйидаги йўналишларда ривожланиш кузатилган:

  • Соғлик ва фаровонлик
  • Гендер тенглиги
  • Арзон ва тоза энергия
  • Саноат, инновация ва инфратузилма
  • Иқлим ҳаракати
  • Тинчлик, адолат ва кучли институтлар.

Шунингдек, мамлакат қашшоқлик йўқлиги, сифатли таълим, тоза сув ва санитария йўналишида ривожланишга эришган, умумий ривожланиш бўйича 100 баллдан 69,84 баллни кўлга киритган.

n22

Ўзбекистон тинчликни севувчи ТОП-100 мамлакатлар қаторида

n26

Иқтисодиёт ва тинчлик институтининг тинчликсевар давлатлари рейтингида Ўзбекистон 90-ўринни эгаллади. Рўйхатга жами 163 та мамлакат киритилган.

Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Ўзбекистон ўрта даражадаги тинчликсевар мамлакатлар гуруҳига киритилган. Ушбу гуруҳда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Озарбайжон ҳам бор.

Ўзбекистон 89-ўринни эгаллаган Грузия ва 91-ўринни эгаллаган Бангладеш ўртасида жойлашган.

Рейтингда ижтимоий ҳамжиҳатлик, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, сиёсий ва иқтисодий барқарорлик, қамоқхоналардаги маҳбуслар сони, терроризм таҳдиди даражаси, мудофаа харажатлари ва бошқа давлатлардаги жанговар ҳаракатлардаги иштироки ҳисобга олинган.


Бошқа янгиликлар


Корея Республикасида ватандошлар учун “Умид” маркази очилди

n31

23 июнь куни Кванжу шаҳрида Ўзбекистон фуқароларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Умид” марказининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.

Маълум бўлишича, Кореянинг Квангжу шаҳрида 4500 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар фаолият олиб боради. Янги очилаётган “Умид” марказининг асосий вазифаси турли хил шароитлар сабабли қийин вазиятга тушиб қолган фуқароларга яқиндан кўмак беришдир. Шунингдек, янги таъмирдан чиққан 4 хонали марказ ўзбекистонликлар учун вақтинчалик бошпана вазифасини ҳам ўтайди. Марказ Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан замонавий техника воситалари ва мебеллар билан жиҳозланиши кўзда тутилган.


Ўзбекистон Афғонистонга 1 000 та кислород баллони юборди

n32

11 июнь куни Ўзбекистон Афғонистонга 1 000 дона кислород баллонидан иборат гуманитар юкни топширди. Уларни топшириш маросими Ҳайратон шаҳрида бўлиб ўтди.

Гуманитар ёрдам Афғонистон Ислом Республикасида пандемиянинг учинчи тўлқини кузатилаётгани боис, пандемия оқибатларига қарши курашиш мақсадида юборилди.

Январь ойида афғон шифокорларининг пандемияга қарши кураш бўйича Ўзбекистон клиникаларида ўқиши ташкил этилганди.



Ўзбекистон ННТлари муваффақият тарихи

“Sharoit Plyus” ННТдан ногиронлар учун лойиҳа

ishplyus_uzb

Тошкент шаҳридаги “Sharoit Plyus” ногиронлар жамоат бирлашмаси ногиронлиги бўлган шахсларни муносиб иш билан таъминлаш учун махсус ishplus.uz онлайн порталини ишга туширди.

2019 йилда БМТнинг Ўзбекистондаги вазият таҳлили шуни кўрсатдики, меҳнатга лаёқатли ёшдаги ногиронлиги бўлган шахслар сони 346 минг кишини ташкил қилиб уларнинг атиги 7,1% расмий равишда иш билан таъминланган. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш топиш эҳтимоли ногиронлиги бўлмаган шахсларга қараганда қарийб 4 баравар камроқ. Шу билан бирга, қишлоқ жойларда эса ногиронларнинг атиги 5,8% иш билан таъминланган бўлиб, ногиронлиги бўлган аёлларнинг аҳволи эркакларникига қараганда анча ёмонроқ — аёлларнинг атиги 4,4% ва экркакларнинг 8,9% иш билан таъминланган.

Порталнинг асосий вазифаси — бир томондан, меҳнатга лаёқатли ва иш излашда қийинчиликларга дуч келаётган ногиронлиги бўлган шахсларга иш топишда ёрдам бериш, ва иккинчи томондан — иш берувчиларга малакали ногиронлиги бўлган ходимларни топишда кўмаклашиш. Портал орқали ариза топшириш учун ногиронлиги бўлган шахс онлайн тарзда резюме шаклини тўлдириши ёки телефон орқали мутахассис маслаҳатини олган ҳолда резюме тайёрлаши мумкин. Шундай қилиб, иш изловчилар маълумотлар базаси шакллантирилади.

Бундан ташқари, портал иш берувчиларга ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилишда берилган имтиёз ва преференсиялар тўғрисида маслаҳат хизматларини кўрсатган ҳолда уларни махсус вакансияларни очишга ундайди. Лойиҳа координаторлари иш берувчиларнинг қонунга мувофиқ 3% квотани амалга ошириш мажбуриятлари бўйича батафсил таништиришади.

Барча иш топиш ва очиқ меҳнат бозорида мослашиш бўйича ижтимоий хизматлар онлайн тарзда — портал, лойиҳанинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва махсус Telegram-бот орқали амалга оширилади. Пандемия шароитида ишга жойлашиш бўйича барча хизматларни онлайн ташкил этиш ногиронлиги бўлган шахслар учун касаллик хавфини ҳам камайтиради.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва ЕХҲТ лойиҳанинг ҳамкорлари ҳисобланади. Лойиҳани ЮНИСEФ, БМТ ТД ва Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан амалга оширилаётган БМТнинг Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояни мустаҳкамлаш бўйича Қўшма дастури қўллаб-қувватламоқда.


Онкобемор болалар учун “Ezgu amal” марафони (сарҳисоб)

n12_3c62ff98

Саратон касаллигига чалинган ва даволанаётган болалар учун ўтказилган “Ezgu amal” хайрия марафони "Tahsin” мукофоти билан тақдирланди. Ушбу мукофот 2019 йилдан буён ижтимоий фаол, ижодкор ва ташаббускор фуқароларга, шу жумладан Ўзбекистон тараққиётига ҳисса қўшаётган ёшларга бериб келинади.

“Юксалиш” умуммилллий ҳаракати ҳамда "Ezgu amal” жамоат фонди ташаббуси билан саратонга чалинган ва даволанишнинг турли босқичларида бўлган беморларга манзилли ва мақсадли ёрдам кўрсатиш, айниқса, болалар орасида саратон касалликларини эрта аниқлаш ва ўз вақтида даволашга жамоатчилик эътиборини жалб қилиш мақсадида “Ezgu amal” хайрия марафони ташкил этилди.

Марафон доирасида тўпланган маблағларга 17 нафар онкобемор боланинг тиббий хизмати, даволаниши ва дори-дармони учун тўловлар қилинди. Бу эса уларнинг шифо топишига имкон берди.

Батафсил

© Copyright 2021 • info@yumh.uz • Ўзбекистон Республикаси, Тошкент ш., Ш.  Рашидов кўчаси, 16-уй

You received this email as you are on the mailing list of the Nationwide Movement "Yuksalish" (Uzbekistan). 

If you are not willing to receive the newsletter, please Unsubscribe

Отправлено через

SendPulse